Бугун, 29 июль куни Тошкент шаҳридаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2025-2026 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бошланди.
Мазкур жараёнда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, имтиҳон олувчи педагог-ўқитувчилар, абитуриентлар иштирок этмоқда.
Дастлаб абитуриентлар тартиб билан киритилиб, мутасаддилар томонидан тест имтиҳонини ўтказилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тушунтирилди. Шундан сўнг тест синовларига старт берилди.
Ушбу жараён адолатли ўтиши учун соҳа мутахассислари билан бир қаторда турли ташкилот вакиллари жалб этилган.
Маълумот ўрнида, жорий йил олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига кириш учун 6749 нафар абитуриент ҳужжат топширди.
Аввалроқ 2025-2026 ўқув йили учун олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ҳамда Тошкент ислом институти Модуль таълим шакли учун кириш имтиҳонлари санаси ва манзиллари ҳақида маълумот берган эдик.
Жорий йилги имтиҳон жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати