Шу йил 28 июль куни пойтахтимизнинг Сергели туманидаги «Нурул ислом» жоме масжидида сайёр йиғилиш ўтказилди.
Туманлар бош имом-хатиблари, имом-домлалар, уламолар, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари қатнашган тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб бордилар.
Йиғилишдан сўнг маҳаллаларга чиқилиб, ёши улуғ инсонлар, ўзгалар кўмагига муҳтож кишилар, эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ажирим ёқасида турган 120 дан ортиқ оилалар ҳолидан хабар олинди.
Ҳудуддаги таъмирталаб аҳволга келиб қолган бир уй Сергели тумани имомлари, ҳомийлар кўмагида қайта қуриб берилиши тадбирнинг аҳамияти нақадар улуғ эканини кўрсатади.
Тумандаги 350-умумий ўрта таълим мактаби учун ҳожатхона қуриб бериш масаласи ҳам ҳомийларни жалб қилган ҳолда ҳал этилди.
Пешин намозидан сўнг Абдуқаҳҳор домла Юнусов «Нурул ислом» масжиди қавмига «Ўзгаларга яхшилик қилиш» мавзусида мавъиза қилиб бердилар.
Тадбир кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Хайрли дуолар йиғилишга ўзгача файз бағишлади.
MuslimShosh.uz
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати