Шайх Абдуллоҳ Қосир раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қуръонни хатм қилган инсон уч миллиондан ортиқ савобга эришади дейилади. Оқил киши шундай амални тарк қилиш мумкинми?”.
Доктор Саъд Хаслон дедилар: “Қуръони каримнинг ҳарфларининг адади 323 минг 671та дейилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда келишича, “Кимки (Қуръондан) бир ҳарф ўқиса, унга ўнта ҳасанот битилади”.
Бу шуни англатадики, ким Қуръонни бир марта тўлиқ хатм қилса, унга 3 миллиондан ортиқ (аниқроғи 3.236.710та) ҳасанот битилиши умид қилинади. Бунга эса Аллоҳ муваффақ қилган бандагина эриша олади”.
Имом Жалолиддин Суютий “Ал-итқон фи улумил Қуръан” асарида Қуръони каримда 323.015 та ҳарф борлигини ривоят қилган. Имом Кисоий ва баъзи қироат уламолари Қуръони каримда 322.604 та ҳарф бор деб ҳисоблашган.
Имом Қуртубий бу борада турлича ривоятларни келтириб, ҳарфлар сони 321.000 дан 340.000 гача деб кўрсатган.
Тараққиётимизнинг янги даврида диний-маърифий ва илмий-тадқиқот соҳаларида, хусусан, Қуръон илмларини чуқур ўрганиш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, юртимизда асраб-авайланаётган Каломуллоҳнинг энг ноёб нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафининг пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказининг бош залига ўз мақомига муносиб тарзда жойлаштирилиши, мамлакатимиз бўйлаб Қуръони карим ва тажвид курсларининг фаолият юритаётгани ҳамда мусҳафларнинг юқори сифатда нашр этилаётгани бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин мисолидир. Шунингдек, ҳар бир савобли ишни ояти карималар тиловати билан бошлаш анъанаси Аллоҳнинг каломига бўлган юксак эҳтиром рамзидир.
Мана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида халқаро миқёсдаги Қуръон ва тажвид устози, ўн қироат илми бўйича дунёдаги энг таниқли уламолардан бири — доктор Шайх Айман Сувайд ҳазратларининг юртимизга илмий сафари ташкил этилмоқда.
Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги Қуръони карим ва тажвид курслари устозларининг малака ва маҳоратини ошириш, назарий ҳамда амалий билимларини бойитиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашишдир.
Маълумот учун:
Шайх Айман ибн Рушдий Сувайд Қуръони карим бўйича Бутунжаҳон ташкилоти Илмий кенгаши раиси ҳисобланади. Олим Мисрдаги машҳур «Ал-Азҳар» ва Саудия Арабистонидаги «Уммул-қуро» университетларида таҳсил олиб, докторлик илмий даражасини олган. Унинг 40 йиллик илмий-тадқиқотлари маҳсули бўлган «ат-Тажвид ал-Мусоввар» асари ва «Иқро» телеканалидаги туркум кўрсатувлари кенг оммага яхши танишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати