حدثنا عيسى بن أحمد العسقلاني أنا يزيد بن هارون أنا الحجاج بن أرطاة عن سليمان بن سحيم عن طلحة بن عبيد الله قال: قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: إن الله جواد يحب الجود ويحب معالي الأخلاق ويكره سفسافها وإن من تعظيم جلال الله إكرام ثلاثة: ذي الشيبة في الإسلام وحامل القرآن غير الغالي فيه ولا الجاف عنه وذي السلطان المقسط.
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам айтдилар: “Албатта Аллоҳ таоло сахийдир, сахийларни яхши кўради. Гўзал ахлоқни яхши кўради, (жирканч, ёмон) ахлоқсизликни ёмон кўради. Албатта уч кишини икром қилиш Аллоҳ таолонинг улуғворлигига таъзимдир: Исломда сочи оқарган, унда (Қуръонда) ғулувга кетмай, ундан юз ўгирмай Қуръонни ёд олган (ва ҳукмларига амал қилган) ва одил подшоҳни”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Тараққиётимизнинг янги даврида диний-маърифий ва илмий-тадқиқот соҳаларида, хусусан, Қуръон илмларини чуқур ўрганиш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, юртимизда асраб-авайланаётган Каломуллоҳнинг энг ноёб нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафининг пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказининг бош залига ўз мақомига муносиб тарзда жойлаштирилиши, мамлакатимиз бўйлаб Қуръони карим ва тажвид курсларининг фаолият юритаётгани ҳамда мусҳафларнинг юқори сифатда нашр этилаётгани бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин мисолидир. Шунингдек, ҳар бир савобли ишни ояти карималар тиловати билан бошлаш анъанаси Аллоҳнинг каломига бўлган юксак эҳтиром рамзидир.
Мана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида халқаро миқёсдаги Қуръон ва тажвид устози, ўн қироат илми бўйича дунёдаги энг таниқли уламолардан бири — доктор Шайх Айман Сувайд ҳазратларининг юртимизга илмий сафари ташкил этилмоқда.
Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги Қуръони карим ва тажвид курслари устозларининг малака ва маҳоратини ошириш, назарий ҳамда амалий билимларини бойитиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашишдир.
Маълумот учун:
Шайх Айман ибн Рушдий Сувайд Қуръони карим бўйича Бутунжаҳон ташкилоти Илмий кенгаши раиси ҳисобланади. Олим Мисрдаги машҳур «Ал-Азҳар» ва Саудия Арабистонидаги «Уммул-қуро» университетларида таҳсил олиб, докторлик илмий даражасини олган. Унинг 40 йиллик илмий-тадқиқотлари маҳсули бўлган «ат-Тажвид ал-Мусоввар» асари ва «Иқро» телеканалидаги туркум кўрсатувлари кенг оммага яхши танишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати