حدثنا العباس الدوري نا عبيد الله أنا شيبان عن يحيى بن أبي كثير حدثني يعيش بن الوليد بن هشام قال :حدثت عن الزبير بن العوام أنه حدث أن رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم قال: دب إليكم داء الأمم قبلكم الحسد والبغضاء هي الحالقة أما إني لا أقول: تحلق الشعر ولكن تحلق الدين ثم قال: والذي نفس محمد بيده لن تدخلوا الجنة حتى تؤمنوا ولا تؤمنوا حتى تحابوا ثم قال :ألا أنبئكم بأمر إذا فعلتم تحاببتم. قالوا: ما هو يا نبي الله قال : أفشوا السلام بينكم.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Сизлардан илгариги умматлар касали – ҳасад ва ёмон кўриш орангизга ўрмалаб кирди. Ҳасад ва ёмон кўриш қирувчидир. Мен сочни қириш ҳақида эмас, динни қириш ҳақида айтаяпман”, дедилар.
Сўнгра яна: “Муҳаммаднинг жони “қўли”да бўлган Зотга қасамки, мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмассиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча мўмин бўлмассиз. Бир-бирингизни яхши кўрсатадиган бир амалга далолат қилайми?” дедилар.
Одамлар: “Ё Аллоҳнинг Набийи, у қайси амал?” деди.
“Орангизда саломни кенг ёйинг”, дедилар”
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Тараққиётимизнинг янги даврида диний-маърифий ва илмий-тадқиқот соҳаларида, хусусан, Қуръон илмларини чуқур ўрганиш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, юртимизда асраб-авайланаётган Каломуллоҳнинг энг ноёб нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафининг пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказининг бош залига ўз мақомига муносиб тарзда жойлаштирилиши, мамлакатимиз бўйлаб Қуръони карим ва тажвид курсларининг фаолият юритаётгани ҳамда мусҳафларнинг юқори сифатда нашр этилаётгани бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг ёрқин мисолидир. Шунингдек, ҳар бир савобли ишни ояти карималар тиловати билан бошлаш анъанаси Аллоҳнинг каломига бўлган юксак эҳтиром рамзидир.
Мана шундай хайрли ишларнинг узвий давоми сифатида халқаро миқёсдаги Қуръон ва тажвид устози, ўн қироат илми бўйича дунёдаги энг таниқли уламолардан бири — доктор Шайх Айман Сувайд ҳазратларининг юртимизга илмий сафари ташкил этилмоқда.
Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад юртимиздаги Қуръони карим ва тажвид курслари устозларининг малака ва маҳоратини ошириш, назарий ҳамда амалий билимларини бойитиш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашишдир.
Маълумот учун:
Шайх Айман ибн Рушдий Сувайд Қуръони карим бўйича Бутунжаҳон ташкилоти Илмий кенгаши раиси ҳисобланади. Олим Мисрдаги машҳур «Ал-Азҳар» ва Саудия Арабистонидаги «Уммул-қуро» университетларида таҳсил олиб, докторлик илмий даражасини олган. Унинг 40 йиллик илмий-тадқиқотлари маҳсули бўлган «ат-Тажвид ал-Мусоввар» асари ва «Иқро» телеканалидаги туркум кўрсатувлари кенг оммага яхши танишдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати