Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Август, 2026   |   11 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:16
Қуёш
05:41
Пешин
12:25
Аср
17:11
Шом
19:13
Хуфтон
20:34
Bismillah
24 Август, 2026, 11 Рабиъул аввал, 1448

Чандиқ қолур, доғ қолур...

01.08.2025   20901   2 min.
Чандиқ қолур, доғ қолур...

Бир қишлоқда жаҳли тез чиқадиган, ўзини бошқа олмайдиган ўспирин йигит бор экан. Кунлардан бирида отаси унга ҳар гал жаҳли чиққанида бир мих олиб, уйнинг олдидаги дарахтга қоқишини айтди.


Ўғил шундай қила бошлади. Бир неча мих қоқилган дарахтни кўриб, йигитнинг унга раҳми келди. Ўзини бошқаришни, сабрли бўлишни ўрганди. Дарахтга мих қоқмай қўйди. Буни кўрган ота энди ўғлига қоқилган михларни суғуриб ташлашни буюрди. Ўғил отасининг айтганини бажарди.


Дарахтнинг яралари битиб, ўрнида чандиқлар пайдо бўлди. Ота ўғлига:


– Қара, ўғлим! Қоқилган ҳар бир мих бу дарахтни яралаган эди. Уларни суғуриб ташлаган тақдирингда ҳам, ўрни, чандиқлари қолди. Энди дарахтнинг ана шу жойлари мўртлашиб, қурт тушади ва уни емиради.


Ўғил бошини эгиб қолди. Ота сўзида давом этди:


– Бу-ку бир дарахт экан, Аллоҳ таоло азизу мукаррам қилиб яратган инсон зотининг қалб аталмиш дарахтига ҳам баъзан тил аталмиш болға билан сўз аталмиш михлар қоқилади. Гарчи кейин хатолар тан олиниб, узр сўралиб, у “мих”лар суғуриб олинса-да, ўрнида чандиғи, доғи қолади... Сен ўшандай михларни қоқишдан сақлан. Ўзингни идора қилишни, жаҳлингни жиловлашни ўрган!..


Дарҳақиқат, инсон қалби гўё нафис бир ойнага ўхшайди. У дарз кетса, кейин ҳеч қачон аслидагидек тикланмайди. Шундай экан, ҳар доим Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб муомила қилишни ўрганайлик ҳеч бўлмаса ҳаракат қилайлик. Аллоҳ ҳаммамизни тўғри йўлдан адаштирмасин! Зеро, кўнгил – Яратганнинг назаргоҳидир.


Қудсий ҳадислардан бирида Аллоҳ таоло: “Мен сизларнинг на суратингизга  ва на чиройларингизга қарайман. Балки қалбларингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деган. 

Акбаршоҳ Расулов

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди

11.08.2026   36356   1 min.
Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
 

"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати

Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди Фидокорона хизмат эътирофсиз қолмайди
Ўзбекистон янгиликлари