Одамлардан бири Зуннундан “Кимни дўст тутай?” – деб сўради. У: “Касал бўлсанг шифо берадиган, гуноҳга қўл урсанг уни кечириб юборадиган, сўрасанг берадиган ва унинг ёрдамига муҳтож бўлсанг сенга ёрдам берадиган Зотни дўст тут!” – деди.
Аллоҳ таолодан ўзга дўст борми?! Саждага борган пайтингиз ишларингизни махфий тарзда Роббингизга айтинг. Зеро, У Зот махфий нарсалардан ҳам хабардордир. Атрофдагилардан уни махфий тутинг, чунки муҳаббат ошкор айтилмайди. Муҳаббатингизни кечалари таҳажжудларда, саҳар вақтлари намозларингизда изҳор этинг.
Айрим одамлар динни “Буни қил!”, “Буни қилма!” каби буйруқлар ва тақиқлардан ёки ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг жамланмаси деб билишади ва барисининг устида Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туришини унутиб қўйишади. Ишнинг боши – муҳаббатдир. Муҳаббат йўқолса, тоату ибодатларнинг бари кишини диндор мусулмонга айлантира олмайди.
Агар сиз Аллоҳга муҳаббат даъвосида бўлсангиз, бу муҳаббатингизни ҳаётингиз давомида кўрсатинг. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ва амалларингизда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз акс этиб турсин.
Ривоят қилинишича, бир киши сафарда соҳибжамол аёлга йўлиқиб қолибди. Ва унга қарата: “Сен мени бутунлай ўзингга ром этдинг. Менинг бутун хаёлим сен билан банд”, дебди. Аёл ҳам: “Агар айтганингиз рост бўлса, борим сизга фидо бўлсин. Аммо менинг бир офатижон синглим бор. Мендан анчайин чиройли. У ортингизда турибди. Агар истасангиз иккимиздан биримизни танлашингиз мумкин”, дебди. Киши дарҳол ортига ўгирилибди. Шунда аёл унинг юзига бир тарсаки туширибди ва: “Қорангни кўрмай! Фирибгар, алдоқчи! Мени севаман деб, бошқасига кўз олайтирасанми?! Менинг олдимга ялиниб келиб, ошиқлигингни айтдинг. Сени синовдан ўтказгандим. Учига чиққан ёлғончи экансан!” – дебди. Шунда у кўзларига ёш олиб, ўзига-ўзи шундай дебди: “Бир яратиқнинг муҳаббатини даъво қилиб, ундан юз ўгирганим учун юзимга тарсаки тушди... Неча марталаб Яратган Зотга ошиқлик даъвосини қилиб, ундан юз бурдим. Ундан бошқаси билан овораю сарсон бўлдим. Қалбимга урилган шапалоқни пайқамай қолибман... Наҳотки, мен қалби қопланиб қоладиган даражага етган бўлсам-а?!” деган экан. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир»[1].
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Мутоффифун сураси, 14-оят.
Бизга илк бор ҳарф танитган, қўлимиздан тутган, илм эшикларини очган, яхши-ёмонни англашга, ҳаётда ўз ўрнимизни топишга йўл кўрсатган ана шундай азиз инсонлар устоз ва мураббийлардир.
Ҳар йили 1 октябрь юртимизда Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Зеро, жамиятнинг эртанги куни, мамлакатнинг тараққиёти, халқнинг маънавий қиёфаси, аввало, устозларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати билан чамбарчас боғлиқ. Бугун мактаб остонасида таълим олаётган фарзанд эртага оила бошлиғи, мутахассис, раҳбар, олим ёки жамиятнинг фаол аъзосига айланади. Унинг дунёқараши, одоби, билими ва инсонларга муносабати шаклланишида эса устознинг ўрни беқиёс.
Шу маънода, устозлик шунчаки касб эмас. У инсон қалбига йўл топиш, унга илм ва маърифат нурини улашиш, эзгуликка йўллаш каби юксак масъулиятдир.
Ислом дини илм-маърифатга юксак мақом берган. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган оятларидаёқ инсонни ўқиш, билиш ва тафаккур қилишга даъват этилгани бежиз эмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят).
Бошқа оятда эса: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни юксак (даража) мартабаларга кўтарур», деб марҳамат қилинади
(Мужодала сураси, 11-оят).
Демак, илм инсонни юксалтирувчи, жамиятни тараққий эттирувчи, қалбни маърифат билан ёритувчи буюк неъматдир. Ана шу неъматни авлоддан авлодга етказишда устозларнинг хизмати беқиёс.
Устоз болага фақат китобдаги маълумотни ўргатмайди. У унга ҳаёт сабоғини беради. Вақтни қадрлашни, меҳнат қилишни, каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишни, Ватанга садоқатли бўлишни, инсонларга яхшилик қилишни ўргатади. Шу боис халқимиз азалдан устозни улуғлаб, “Устоз отангдек улуғ”, деб бежиз айтмаган.
Аслида, инсоннинг комиллиги унинг қанча нарсани билиши билангина эмас, балки билганларини ҳаётга қанчалик татбиқ эта олиши билан ҳам белгиланади. Бу борада мураббийнинг ўрни айниқса муҳим. Чунки ҳақиқий мураббий илм билан ахлоқни, таълим билан тарбияни, билим билан масъулиятни бир-бирига уйғунлаштиради.
Буюк аждодларимиз ҳаётига назар ташласак, уларнинг илм олиш йўлида устозларига кўрсатган эҳтиромига гувоҳ бўламиз. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби улуғ алломаларнинг камолоти ортида улкан меҳнат, машаққат ва устозлардан олинган таълим-тарбия бор.
Илм аҳли устоз олдида одобни илмнинг бир қисми деб билган. Зеро, устозга ҳурмат аслида илмга ҳурматдир. Илмга ҳурмат эса инсонни камолот сари етаклайди.
Бугун ҳам фарзандларимизга шу тушунчани сингдиришимиз зарур: устозни ҳурмат қилиш фақат байрам кунида табриклаш ёки совға бериш билан чекланмайди. Устознинг меҳнатини қадрлаш, унинг насиҳатларига қулоқ тутиш, дарсларни пухта ўзлаштириш, яхши хулқ ва одоб билан устоз ишончини оқлаш энг катта эҳтиромдир.
Фарзандига таълим бераётган ўқитувчини ҳурмат қилган ота-она ҳам, устозининг меҳнатини қадрлаган ўқувчи ҳам аслида жамиятнинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Таълим ва тарбия бир-биридан ажралмас тушунчалардир. Билимли, аммо одобсиз инсоннинг билими жамиятга кутилган фойдани бермаслиги мумкин. Шунинг учун маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир», деб бежиз айтмаган.
Мураббийнинг вазифаси ана шу нуқтада янада ойдинлашади. У ёш авлод қалбига эзгулик уруғини қадайди. Бугун айтилган бир оғиз самимий насиҳат, ўз вақтида билдирилган бир яхши фикр, меҳр билан қилинган бир танбеҳ баъзан инсон тақдирини бутунлай ўзгартириши мумкин.
Айниқса, бугунги ахборот асрида ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, уларнинг онгида соғлом дунёқарашни шакллантириш, илм ва маърифатга муҳаббат уйғотиш ҳар бир устоз ва мураббийнинг зиммасига катта масъулият юклайди.
Ҳар бир миллатнинг келажагини унинг мактаблари, илм даргоҳлари ва устозларига бўлган муносабатига қараб баҳолаш мумкин. Чунки бугун аудиторияда, синфхонада ёки таълим муассасасида ўтирган ёшлар эртанги куннинг бунёдкорларидир.
Уларнинг қалбига қандай ғоя сингдирилса, келажак ҳам шунга яраша шаклланади. Агар ёш авлод илмга чанқоқ, Ватанга садоқатли, ота-онага меҳрибон, устозга ҳурматли, ҳалол ва масъулиятли бўлиб камол топса, жамиятнинг маънавий пойдевори мустаҳкам бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни илмни улуғлайдиган, устозни қадрлайдиган, ота-онага яхшилик қиладиган ва жамиятга, Ватанга манфаат келтирадиган солиҳ инсонлардан қилсин!
Абдуқаҳҳор домла ЮНУСОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби