Одамлардан бири Зуннундан “Кимни дўст тутай?” – деб сўради. У: “Касал бўлсанг шифо берадиган, гуноҳга қўл урсанг уни кечириб юборадиган, сўрасанг берадиган ва унинг ёрдамига муҳтож бўлсанг сенга ёрдам берадиган Зотни дўст тут!” – деди.
Аллоҳ таолодан ўзга дўст борми?! Саждага борган пайтингиз ишларингизни махфий тарзда Роббингизга айтинг. Зеро, У Зот махфий нарсалардан ҳам хабардордир. Атрофдагилардан уни махфий тутинг, чунки муҳаббат ошкор айтилмайди. Муҳаббатингизни кечалари таҳажжудларда, саҳар вақтлари намозларингизда изҳор этинг.
Айрим одамлар динни “Буни қил!”, “Буни қилма!” каби буйруқлар ва тақиқлардан ёки ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг жамланмаси деб билишади ва барисининг устида Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туришини унутиб қўйишади. Ишнинг боши – муҳаббатдир. Муҳаббат йўқолса, тоату ибодатларнинг бари кишини диндор мусулмонга айлантира олмайди.
Агар сиз Аллоҳга муҳаббат даъвосида бўлсангиз, бу муҳаббатингизни ҳаётингиз давомида кўрсатинг. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ва амалларингизда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз акс этиб турсин.
Ривоят қилинишича, бир киши сафарда соҳибжамол аёлга йўлиқиб қолибди. Ва унга қарата: “Сен мени бутунлай ўзингга ром этдинг. Менинг бутун хаёлим сен билан банд”, дебди. Аёл ҳам: “Агар айтганингиз рост бўлса, борим сизга фидо бўлсин. Аммо менинг бир офатижон синглим бор. Мендан анчайин чиройли. У ортингизда турибди. Агар истасангиз иккимиздан биримизни танлашингиз мумкин”, дебди. Киши дарҳол ортига ўгирилибди. Шунда аёл унинг юзига бир тарсаки туширибди ва: “Қорангни кўрмай! Фирибгар, алдоқчи! Мени севаман деб, бошқасига кўз олайтирасанми?! Менинг олдимга ялиниб келиб, ошиқлигингни айтдинг. Сени синовдан ўтказгандим. Учига чиққан ёлғончи экансан!” – дебди. Шунда у кўзларига ёш олиб, ўзига-ўзи шундай дебди: “Бир яратиқнинг муҳаббатини даъво қилиб, ундан юз ўгирганим учун юзимга тарсаки тушди... Неча марталаб Яратган Зотга ошиқлик даъвосини қилиб, ундан юз бурдим. Ундан бошқаси билан овораю сарсон бўлдим. Қалбимга урилган шапалоқни пайқамай қолибман... Наҳотки, мен қалби қопланиб қоладиган даражага етган бўлсам-а?!” деган экан. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир»[1].
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Мутоффифун сураси, 14-оят.
Мен Қамаши туманининг Чим маҳалласида туғилиб, катта бўлганман. Бундан йигирма йиллар олдин қишлоқдан пойтахтга талаба бўлиб келганман. Ўшанда қишлоғимиздан саноқли талаба ўқир, айниқса, ўқишга шартнома асосида кирганларнинг аксари оилавий шароити туфайли ўқий олмасди.
Талабалик пайтимиз бир курсдошим таътилда меҳмон бўлиб келди. Қиш. Қор қалин. Қоронғи тушганда келгани учун шошиб қолдик. Ўтин масала, электр ҳам йўқ, ўзимиз бир хонада, бир сандал кўзида исиниб ўтирар эдик. Ора-сира бир ток берилар, шунда ҳам унинг кучи телевизорга етмас, чироқларни хирагина ёритарди.
Ота-онам борларини тўкиб, менга шартнома пули тўлаётгани учун уйда меҳмонга яхшироқ таом тайёрлашга масаллиқ чиқмади. Ўшанда меҳмонга чироқ ёруғида, сандал чўғига қўйиб, иккита тухум қотириб бера олдик, холос. Жуда хижолатда қолгандим. Лекин бундай етишмовчилик аксар жойларда кузатилар, курсдошим шароитни тушунади деган юпанчим бор эди...
Яна бир хотира болалигимда отам раҳматли рўзғорни зўрға эплаб юрганини ҳис қилмай, бир сафар уйда шакар йўқлигидан аразлаб, мактабга оч кетганим, бу билан уларни руҳан қийнаб қўйганим эди...
Бугун-чи!..
Ҳар сафар қишлоғимизга фарзандларимни олиб борар эканман, ўша хотираларни айтиб берсам, уларга эртакдай туюлади. Бу гапларим нафақат болаларимга, балки қишлоғимизнинг бугунги ёшларига ҳам муболағали туюлса керак. Чунки бугун уларнинг аксари тупроқ йўлнинг ёзда қандай чангиши, қишда қанчалик лой бўлишини, сандал нималигини билишмаса керак... Улар учун иссиқлик манбаи сандал эмас, бир тугмани босиш орқали ёнадиган иситиш мосламалари, юрадиган кўчалари равон асфальт йўллар...
Шу кунларда қишлоғимизга давлатимиз раҳбари ташриф буюргани, Чим маҳалласидаги мисли кўрилмаган ўзгаришларни эътироф этганини кўриб, бундан бор-йўғи йигирма йил олдинги ўша шароитлар ёдимга тушди. Қалбимни катта қувонч, фахр-ифтихор эгаллади. Айниқса, йигирма мингга яқин аҳоли яшайдиган Чимда бугун ишсиз ҳам, камбағал ҳам қолмагани, маҳалламиз бутун мамлакатдаги бошқа қишлоқларга намуна қилиб кўрсатилгани ҳаяжонимни оширди. Кунлар келиб қадрдон Чим қишлоғим бутун мамлакатга замонавий ва обод маҳалланинг ёрқин намунаси бўлишини ўшанда хаёлимга ҳам келтирмагандим.
Бугун Чимнинг кўчаларини кезар экансиз, кўзингиз 640 ўринли янги мактабга, 240 ўринли замонавий боғча ва оилавий поликлиникага, янги маҳалла биноси, ёшлар маркази, спорт мажмуаси, истироҳат боғи, замонавий иссиқхоналар, кўркам тўйхоналарга тушади. Жамият учун керакли бўлган замонавий ёқилғи қуйиш шохобчалари, савдо ва маиший хизмат масканлари, “яшил” бозорчалар дейсизми — барча-барчаси Чим қишлоғимизда муҳайё.
Кейинги йилларда қатор иссиқхоналар қурилиб, аҳоли хонадонларида гулхайри етиштириш йўлга қўйилгани оилалар даромадини янада оширди. Элдошларимизнинг юз-кўзида эртанги кунга умид, ислоҳотларнинг амалга ошишига катта ишонч намоён бўлмоқда.
Чимдаги энг катта ютуқлардан бири таълимга қаратилаётган эътибор ҳамда унинг натижалари бўлмоқда. Бизнинг давримизда қишлоғимиздан ҳар 100 ёшдан атиги 4-5 нафари олийгоҳларда ўқиган бўлса, бугун қишлоқнинг ўзида қад ростлаган ўқув-тайёрлов курслари, замонавий тўгараклар сабабли уларнинг сони ошган.
Шу йилнинг ўзида қишлоқдаги 3 жияним талаба бўлди. Яратилган бундай юксак шарт-шароитлар эвазига деярли ҳар икки ёшдан бири талабалик бахтига муяссар бўлмоқда. Бу эса қишлоғимиздан эртага янада кўплаб маърифатли, билимли ва келажагига қатъий ишонган, жамиятга наф келтирувчи зиёлилар етишиб чиқади дегани.
Яна бир гап. Юртимизда билим ва маърифат соҳиблари, маданият ва адабиёт аҳли, китобхон оилалар доим ардоқланмоқда. Президентимизнинг ёш ёзувчи Жавлон Жовлиев ва “Китобхон оила” танловида совриндор бўлган ёш оилага Тошкент шаҳридан икки хонали уй берилгани бошқаларда ҳам жуда катта қизиқиш ва рағбат уйғотади. Бу ишлар зиёлиси қадрланган элнинг келажаги, албатта, порлоқ бўлишидан далолатдир.
Нафақат Чим маҳалласи, балки Қамаши туманида, қолаверса, бутун воҳада кечаётган ислоҳотлар шиддати дилни фахрга тўлдирмоқда. Қарши шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиларининг халқаро имтиҳонларда эришган зафарлари, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ёшларининг “Заковат” мусобақаларидаги ғолиблиги, косонлик оддий мактаб ўқувчисининг халқаро SAT имтиҳонида максимал юқори баллни қўлга киритгани юртдошларимизга ғурур бағишлади. Бу натижалар Президентимиз томонидан таълимга ва ёшлар келажагига қаратилаётган юксак эътиборнинг натижасидир.
Бугун қишлоқлардаги ҳар бир хонадонда тўкинлик, эртанги кунга ишонч ҳукм сурмоқда. Кўчаларимиз обод, мактабларимиз билимли ёшлар билан тўла. Буларнинг бари тинчлик-хотиржамликдан. Инсон қадри улуғланган, билим ва маърифат туғ қилинган бундай заминда яшаш, мана шундай катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиш ажиб саодатдир.
Айтиш жоизки, бугун сизу биздан кўп нарса талаб қилинмайди. Неъматларни қадрлаш, шукронасини қилиш, имкониятлардан унумли фойдаланиш, ўзимиз ва жамиятга наф келтириб яшаш керак, холос.
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ,
Журналист