Одамлардан бири Зуннундан “Кимни дўст тутай?” – деб сўради. У: “Касал бўлсанг шифо берадиган, гуноҳга қўл урсанг уни кечириб юборадиган, сўрасанг берадиган ва унинг ёрдамига муҳтож бўлсанг сенга ёрдам берадиган Зотни дўст тут!” – деди.
Аллоҳ таолодан ўзга дўст борми?! Саждага борган пайтингиз ишларингизни махфий тарзда Роббингизга айтинг. Зеро, У Зот махфий нарсалардан ҳам хабардордир. Атрофдагилардан уни махфий тутинг, чунки муҳаббат ошкор айтилмайди. Муҳаббатингизни кечалари таҳажжудларда, саҳар вақтлари намозларингизда изҳор этинг.
Айрим одамлар динни “Буни қил!”, “Буни қилма!” каби буйруқлар ва тақиқлардан ёки ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг жамланмаси деб билишади ва барисининг устида Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туришини унутиб қўйишади. Ишнинг боши – муҳаббатдир. Муҳаббат йўқолса, тоату ибодатларнинг бари кишини диндор мусулмонга айлантира олмайди.
Агар сиз Аллоҳга муҳаббат даъвосида бўлсангиз, бу муҳаббатингизни ҳаётингиз давомида кўрсатинг. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ва амалларингизда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз акс этиб турсин.
Ривоят қилинишича, бир киши сафарда соҳибжамол аёлга йўлиқиб қолибди. Ва унга қарата: “Сен мени бутунлай ўзингга ром этдинг. Менинг бутун хаёлим сен билан банд”, дебди. Аёл ҳам: “Агар айтганингиз рост бўлса, борим сизга фидо бўлсин. Аммо менинг бир офатижон синглим бор. Мендан анчайин чиройли. У ортингизда турибди. Агар истасангиз иккимиздан биримизни танлашингиз мумкин”, дебди. Киши дарҳол ортига ўгирилибди. Шунда аёл унинг юзига бир тарсаки туширибди ва: “Қорангни кўрмай! Фирибгар, алдоқчи! Мени севаман деб, бошқасига кўз олайтирасанми?! Менинг олдимга ялиниб келиб, ошиқлигингни айтдинг. Сени синовдан ўтказгандим. Учига чиққан ёлғончи экансан!” – дебди. Шунда у кўзларига ёш олиб, ўзига-ўзи шундай дебди: “Бир яратиқнинг муҳаббатини даъво қилиб, ундан юз ўгирганим учун юзимга тарсаки тушди... Неча марталаб Яратган Зотга ошиқлик даъвосини қилиб, ундан юз бурдим. Ундан бошқаси билан овораю сарсон бўлдим. Қалбимга урилган шапалоқни пайқамай қолибман... Наҳотки, мен қалби қопланиб қоладиган даражага етган бўлсам-а?!” деган экан. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир»[1].
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Мутоффифун сураси, 14-оят.
Даъво: Демократик давлатда Аллоҳнинг ҳукми юритилмайди, шунинг учун у ердаги барча солиқ ҳаром.
Раддия: Бу даъво нотўғри.
1. Солиқ – ўз-ўзидан ҳаром қилинган нарса эмас.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар исломий бўлмаган тизимларда ҳам молиявий мажбуриятларни бажарганлар.
3. Қуръон ва суннатда барча солиқларни мутлақ ҳаром қилувчи далил йўқ.
4. Ҳаром қилинган нарса – зулм ва ноҳақ ториб олиш, солиқнинг ўзи эмас.
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَوْفُوا بِالْعُقُودِ﴾
“Эй иймон келтирганлар! Аҳдномаларга вафо қилинг!” (Моида сураси, 1-оят).
Демократик ёки бошқа давлатда яшовчи фуқаро:
давлат қонунларига бўйсинувга,
солиқ тўлашга розилик билдирган аҳд билан яшайди.
Шариатда аҳдни бузиш ҳаром.
Зулм солиқ ва адолатли мажбурият фарқи
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
لا يدخل الجنة صاحب مكس
“Ноҳақ солиқ (мукс) олувчи жаннатга кирмайди” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мукс” – зулм билан, ноҳақ, шахсий манфаат учун олинган солиқ.
Бу ҳар қандай солиқ эмас. Уламолар шу калимани шарҳлаб: “Мукс – шариат рухсат бермаган, зулм асосидаги ториб олишдир”, деганлар.
Демак, адолатли, умумий манфаат учун олинадиган солиқ – мукс эмас.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: “Ноисломий ҳукмронлик остидаги ҳудудларда мусулмонлар шартнома асосида солиқ тўлашини жоиз деб ҳисоблаганлар”.
Биз эса исломий ҳудудда яшаймиз – бу эса батариқа авло дегани.
Фиқҳий қоида:
الأصل في المعاملات الإباحة
Муомалаларда асл ҳукм – жоиз.
Солиқ – муомала. Ҳаром бўлиши учун аниқ далил керак.
“Демократик давлат” деган сабаб шариатда ҳаром қилувчи иллат эмас.
Бу даъо мусулмонларни қонунни бузишга ундайди, фитна ва тартибсизликка олиб келади, исломни “тартибсизлик дини” қилиб кўрсатади.
Аллоҳ таоло айтади:
﴿وَلَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ﴾
“Ер юзида фасод қилманглар” (Бақара сураси, 60-оят).
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси