Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати