Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илоҳий ишқ шундай бир неъматки, унинг натижасида инсон ҳаёт мазмунини топади. Шунинг учун киши Аллоҳ таолога дуо қилиб сўраса, Унинг Ўзини, муҳаббатини ва ишқини сўрасин.
Бугун Аллоҳ таолодан мол-дунё сўрайдиганлар кўп. Обрў-мартаба сўрайдиганлар ҳам етарлича топилади. Лекин У зотдан ўзини сўрайдиганлар афсуски жуда оз. Икки кафтини очиб: “Ё Роббим! Мен Сенинг розилигингни сўрайман. Мен Сенинг муҳаббатингни сўрайман”, деб дуо қиладиганлар кам учрайди.
Азиз дўстим! Агар кишилар обрў-мартаба, хотин, бола-чақа, бордию хатто бутун дунёнинг молини сўрасалар ҳам ишонгинки, улар Аллоҳ таолодан ҳеч нарса сўрашмабди.
Биродарим, агар Аллоҳ таолодан Унинг муҳаббатини сўрагин. Шунда барча нарсани қўлга киритасан. Дунё матоҳларининг барчаси Аллоҳ таолонинг ишқи олдида арзимас нарсадир. Шунинг учун бутун вужудимиз билан Ундан томиримиздан гуноҳ илдизларини суғуриб ташлайдиган ишқини сўрайлик.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг "Илоҳий ишқ" китобидан
Нодир Одинаев таржимаси