Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов
Шу йил 23-24 апрель кунлари Самарқанддаги Ҳадис илми мактабида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Баркамол авлод – 2026” республика мусобақаси ўтказилмоқда. Унда 14 та диний таълим муассасасидаги саралаш босқичларидан ўтиб келган жамоалар спортнинг миллий кураш, тош кўтариш, стол тенниси ва шахмат турлари бўйича ўзаро беллашди.
Бугун куннинг биринчи ярмида мусобақа иштирокчилари Самарқанддаги қадамжолар, хусусан, Гўри Амир мажмуаси, Регистон майдонидаги Тиллакори, Шердор ва Улуғбек мадрасаларини зиёрат қилиб, кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлиш билан бирга элу юрт ҳақига хайрли дуолар қилинди.
Куннинг иккинчи ярмида бўлиб ўтган мусобақа очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбар ва ходимлари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, иштирокчи жамоалар ва уларнинг мураббийлари қатнашди.
Тадбир аввалида сўзга чиққан Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов меҳмонларни ташриф билан қутлади. Сўнг Диний идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов барча иштирокчиларга Муфтий ҳазратларининг салом ва дуоларини етказиш баробарида юртимизда таълим-тарбия ва спортга қаратилаётган эътибор ҳақида сўзлаб, мусобақада қатнашаётган талаба-ёшларга муваффақият тилади.
Шундан сўнг қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда диний таълим муассасалари жамоаларининг беллашув тартиби ва навбатлари аниқлаб олинди. Шу асосда стол тенниси, шахмат ва миллий кураш йўналишлари бўйича саралаш ўйинлари ўтказилди. Юқори кайфият ва қизғин рақобат муҳитида ўтган беллашув якунида муносиб иштирокчилар финал йўлланмасини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 24 апрель куни мусобақанинг ҳал қилувчи – финал босқичи бўлиб ўтади. Унда ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, тақдирланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати