Шу йил 26 февраль якшанба куни Жазоир президенти Абделмаджид Теббун Африкадаги энг катта 27 гектарлик “Буюк Жазоир” масжидини расман очди.
Мазкур масжид мажуаси 12 та қисмдан иборат бўлиб, унда 120 минг ўринли намозхона, Ислом цивилизацияси музейи, анжуманлар зали ва бир миллионлик кутубхонага эга маданият маркази, 1,5 минг ўқувчига мўлжалланган "Қуръон уйи" олий ислом фанлари мактаби, илмий тадқиқот ва қадимий қўлёзмаларни қайта тиклаш лабораторияси, шунингдек, вертолёт қўниш майдончаси, кўп қаватли автотураргоҳ, дам олиш масканлари мавжуд.
Жазоир пойтахти, ҳатто қўшни шаҳарлардан ҳам кўриш мумкин бўлган миноранинг баландлиги 267 метрни ташкил этади. Масжиднинг ички қисми саккиз бурчакли устунлар, мармар ва 6 км га яқин каллиграфик ёзувлар билан безатилган.
Масжидга илк ғишт 2011 йилда қўйилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Шу йил 14-15 апрель кунлари Фарғона вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ва Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғофуров, Олий маъҳад Қуръон ва тажвид устозлари иштирокида маърифий учрашувлар ўтказилди.
Ташриф доирасида дастлаб Фарғона шаҳри ва Бувайда туманидаги “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курсларини тамомлаган 150 нафар битирувчига сертификатлар топширилиб, соҳа ривожига ҳисса қўшаётган масъуллар тақдирланди.
Шу билан бирга, вилоятдаги 160 нафар отинойи ва хотин-қизлар фаоллари учун “Хотин-қизларни радикал ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш асослари” мавзусида сайёр малака ошириш ўқувлари бошланди.
Учрашув ва семинарларда асосий эътибор жамиятда соғлом диний муҳитни барқарорлаштириш, ёшлар тарбияси, бидъат ва хурофотларга қарши илм-маърифат билан курашиш ҳамда тинчлик неъматининг қадрига етиш каби долзарб масалаларга қаратилди.
Бу сингари тадбирлар ҳудудларда маънавий муҳитни соғломлаштириш ва мутахассисларнинг касбий маҳоратини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати