Шу йил 26 февраль якшанба куни Жазоир президенти Абделмаджид Теббун Африкадаги энг катта 27 гектарлик “Буюк Жазоир” масжидини расман очди.
Мазкур масжид мажуаси 12 та қисмдан иборат бўлиб, унда 120 минг ўринли намозхона, Ислом цивилизацияси музейи, анжуманлар зали ва бир миллионлик кутубхонага эга маданият маркази, 1,5 минг ўқувчига мўлжалланган "Қуръон уйи" олий ислом фанлари мактаби, илмий тадқиқот ва қадимий қўлёзмаларни қайта тиклаш лабораторияси, шунингдек, вертолёт қўниш майдончаси, кўп қаватли автотураргоҳ, дам олиш масканлари мавжуд.
Жазоир пойтахти, ҳатто қўшни шаҳарлардан ҳам кўриш мумкин бўлган миноранинг баландлиги 267 метрни ташкил этади. Масжиднинг ички қисми саккиз бурчакли устунлар, мармар ва 6 км га яқин каллиграфик ёзувлар билан безатилган.
Масжидга илк ғишт 2011 йилда қўйилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида "Вақф" хайрия жамоат фондининг Наманган вилояти филиали томонидан эзгу ташаббус амалга оширилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тавсиясига асосан, вилоятнинг турли ҳудудларидан келган, боқувчисини йўқотган ва меҳрга муҳтож 35 нафар болажон учун суннат тўйи ташкил этилди.
Тадбир тафсилотлари:
– Ҳар бир тўй боласига ҳомийлар томонидан велосипед, костюм-шим ва байрамона сарполар ҳадя қилинди.
– Болажонлар ва уларнинг яқинлари учун байрам дастурхони ёзилиб, унутилмас ва кўтаринки кайфият улашилди.
– Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдуллоҳ домла Саматов иштирок этиб, бу хайрли ишга ҳисса қўшган ҳомийларга миннатдорлик билдирди ва фарзандлар камолини сўраб дуо қилди.
Бу каби савобли тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати