Cавол: Мени ёш фарзандим бор. Бир қўшни аёл уни кўриб қолса, “Бу бунчалар чиройли экан”, “Ширинлигини қаранг буни” деб кўп гапиради. Шунда кўз тегмаслиги учун нима қилсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Кўз тегиши воқеъликда бор нарса экани кўплаб ҳадиси шарифларда айтиб ўтилган. Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз тегишидан Аллоҳ паноҳ беришини сўранглар, чунки кўз тегиши – ҳақдир”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).
Кўз тегишига қарши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги дуони ўқиб дам солардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайнга паноҳ тилаб: “Уъийзукумаа бикалимаатиллаҳит-тааммати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин. Ва мин кулли айнин лаамматин”
Маъноси: “Иккингизга Аллоҳнинг тугал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зараркунандадан ҳамда гуноҳкор кўздан паноҳ тилайман” деб айтардилар ва сўнгра: “Бобонгиз (Иброҳим алайҳиссалом) булар ила Исмоил ва Исҳоқ алайҳимуссаломга паноҳ тилар эди”, дердилар” (Абу Довуд ва Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилганлар).
Яна шуни таъкидлаш лозимки, киши бирор неъматни кўрганида унга кўзи тегиб, зарар етиб қолмаслиги учун кўрган неъмат ҳаққига дуо қилиб қўйиши керак. Шунда ўзига тегишли бўлган ёки бирор биродарига тегишли бўлган нарсага зиёни тегиб қолмайди. Бу ҳақда Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Сизлардан бирингиз ўзида, молида ёки биродарида кўзни қувонтирадиган нарсани кўрса, унга барака сўраб дуо қилсин. Чунки кўз тегиши – ҳақдир” (Имом Ҳоким ривояти) Валлоҳу аълам!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ