Бугун Бухорои шарифда илм ва маърифат йўлида умрини сарфлаган улуғ устоз – Мир Араб олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси мударриси, Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби, муҳтарам Абдуғафур Раззоқ Бухорий ҳазратлари муборак 75 ёшни қарши олмоқдалар.
Устоз ҳазратлари умрларининг 50 йилдан ортиқ қисмини ислом дини равнақига, ёшларни тарбиясига ва аждодлар меросини асраб-аввайлашга бағишладилар. Бухоро шаҳар “Хўжа Зайниддин” масжидида имом сифатида, шунингдек, Бухоро вилояти қозиси сифатида халққа хизмат қилдилар. У зотнинг заҳматли меҳнатлари, илмга бўлган садоқатлари ва толиби илмларга меҳрибонликлари минглаб шогирдлар қалбида илҳом уйғотди.
Абдуғафур Раззоқ Бухорий ҳазратлари наинки фақат имом-хатиб ва мударрис, балки ҳақиқий маънавият устуни, илм ва тарбия майдонида намуна бўлиб келмоқдалар. У зот хаттотлик, табобат, илм ва маърифат соҳаларида ҳам ўзининг юксак билими ва маҳоратлари билан танилганлар.
Ҳақиқатан ҳам, устоз ҳазратлари толиби илмларнинг пешвоси, ёшларнинг ҳақиқий мураббийси, замондош уламолар орасида эътиборли ва ардоқли аллома сифатида танилганлар. У зотнинг ҳар бир сўзлари, ҳар бир насиҳатлари қалбларга нур, илмга чанқоқ ёшлар учун эса йўл-йўриқдир.
Бугун, шу табаррук кунларда, устозга узоқ-умр, сиҳҳат-саломатлик тилаймиз. Халқимиз, Ватанимиз ва динимиз йўлида яна кўп йиллар давомида самарали хизмат қилишларини Аллоҳдан сўраб қоламиз.
Устоз, илм йўлида заҳмат билан ўтган муборак ёшларингиз муборак бўлсин!
Мир Араб олий мадрасаси
Матбуот хизмати
Хорижий давлатларга ишлаш, малака ошириш ёки ўқиш мақсадида бўлиб турган ватандошлар ҳолидан хабар олиш, диний-миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ва она Ватанга муҳаббат туйғуларини шакллантириш каби хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни кунларда бир гуруҳ тажрибали уламо ва имом домлалар Жанубий Кореяда хизмат сафарини давом эттирмоқда. Жумладан, Фатво маркази бош мутахассиси Саиджамол Масайитов, Тошкент шаҳридаги “Оқ уй” масжиди имом-хатиби Исроилжон домла Исмоилжонов, "Абу Сахий” масжиди имом-хатиби Зиёвуддин домла Мирсодиқов, Наманган шаҳридаги “Саид Азим Хўжа” масжиди имом-хатиби Муҳаммадбобур домла Насриддинов ва Бухоро вилояти Ромитан тумани бош имом-хатиби Отабек домла Раҳимов ватандошлар билан мулоқотлар қилмоқда. Ушбу сафарда Дин ишлари бўйича қўмита бошқарма бошлиғи Беҳзод Соипов ҳамроҳлик қилмоқда.
Имом-хатиблар Жанубий Кореядаги бир неча масжидларда юзлаб ҳамюртларимизга ҳалол ризқ топишнинг фазилатлари, ёт ғоялардан сақланиш, юртга садоқат, ота-онага ҳурмат, фарзанд тарбияси, омонатга риоя қилиш каби мавзуларда маърифий суҳбатлар ўтказишмоқда.
Ватандошларимиз бундай эътибор ва манфаатли маърузалардан мамнун бўлиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати