Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "...Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам пардани ушлаб, кўтардилар. Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари бизга кўринган пайтдагидан гўзалроқ манзарани кўрмаганмиз..." (Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Каъб айтади: "Каъб ибн Моликнинг Табукдан қолиб кетган пайтини сўзлаб, бундай деганини эшитганман: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом бердим. У зотнинг юзлари шодликдан яшнар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хурсанд бўлсалар, юзлари ёришиб, худди ойнинг парчасидек бўлиб кетарди. Биз буни шундан билиб олар эдик" (Имом Бухорий ривояти).
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати