Қамаши туманида “Янги Ўзбекистон” массиви қурилишига расман старт берилди (https://t.me/qashmatbuot/9149?single). Мазкур лойиҳа туманнинг Оқгузар маҳалласи ҳудудида жойлашган 66 гектар майдонда амалга оширилаётган бўлиб, у келажакда аҳоли учун барча шарт-шароитларга эга замонавий тураржой ва ижтимоий инфратузилмани ўз ичига олган янги шаҳарчани ташкил этади.
Давлатимиз раҳбарининг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Қамаши туманида аҳоли турмуш даражасини янада ошириш бўйича аниқ вазифа ва устувор йўналишлар белгилаб берилган эди. Мазкур массив қурилиши айнан шу вазифалар ижроси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий ифодасидир.
Қурилишнинг биринчи босқичида 7 қаватли 32 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган бўлиб, жами 952 хонадон фойдаланишга топширилади. Ушбу уйлар барча зарур коммуникациялар — табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ва марказлашган канализация тизими билан таъминланади. Шунингдек, замонавий инфратузилма доирасида ҳар бир хонадонга оптик интернет ва видеокузатув тизимлари уланиши кўзда тутилган.
Тураржойлар билан бир қаторда массив ҳудудида мактаб, болалар боғчаси, клиника, маданият маркази, спорт мажмуаси, истироҳат боғи, автошоҳбекат, яшил ҳудудлар ҳамда тикувчилик фабрикаси қурилиши белгиланган. Бу эса фуқаролар учун нафақат қулай яшаш шароити, балки иш ўринлари, таълим, тиббий хизмат ва дам олиш имкониятларини ҳам яратади.
Лойиҳа очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, (https://t.me/kamashi24/38320) Қамаши тумани ҳокими, мутасадди ташкилот раҳбарлари, маҳалла фаоллари, қурувчилар ва нуронийлар иштирок этди. Тадбир давомида мазкур массив нафақат Қамаши тумани, балки бутун вилоят аҳолиси учун замонавий ва фаровон ҳаёт сари муҳим қадам экани таъкидланди.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Ахборот хизмати
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати