Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

Ҳаётимизни ўзгартирган қисса

23.02.2024   1407   3 min.
Ҳаётимизни ўзгартирган қисса

Кўпчилик болаликда ака-укалари билан жанжаллашади. Бунга турли нарсалар сабаб бўлади. Баъзида уй ишларининг тақсимоти борасида низо чиқса, бошқа пайт телевизор кўриш навбати талашилади, ё бўлмаса яна нимадир муаммо чиқиб, ака-укалар ва опа сингиллар орасида ўзаро шовқин кўтарилишига сабаб бўлади. Барча ота-оналар бундай вазиятларда болаларни тинчлантиришга, каттага сен каттасан, кичикка сен кичиксан, деб ўзаро муросага чақиришга уринишади.

Биз ҳам опа-сингилларим билан кўп уришардик. Онамизни бир-биримиздан қизғонардик. Шунда марҳум онам бизларни бир хонага тўплаб, бу ишимиз яхши эмаслигини мулойим оҳангда тушунтирардилар. Кейин бизга Юсуф алайҳиссалом қиссаларини сўзлаб берардилар. У кишининг акалари билан бўлган ҳодисалар, акалари тарафидан қандай ноҳақликлар кўрганлари, акалари оталарини рашк қилиб Юсуф алайҳиссаломни ҳатто қудуққа ташлаб келганлари, Юсуф алайҳисалом бошларидан ўтган кўплаб қийинчиликлар, шунча заҳмат чекканларига қарамай акаларини кечириб юборганларини таъсирли қилиб айтиб берардилар.

Қисса охирида Юсуф алайҳиссалом оталарига “Отажон, бу аввал кўрган тушимнинг таъбиридир” деган жойларида доим кўзимизда ёш бўларди. Қиссани эшитиб бўлганимиздан сўнг ўзимизга келардик. Ғазабимиз босилиб, қаршимизда талашиб тортишаётганимиз бир қориндан талашиб тушган жигарларимиз эканини англаб, бир-биримизни бағримизга босар эдик, айтган дилозор гапларимиз учун бир-биримиздан узр сўрардик.

Лекин орадан яна бир қанча вақт ўтгач, онамнинг насиҳатлари ёдимиздан чиқиб қоларди. Кейин онам бизга яна ўша услубда ўша мулойимлик ва сабр билан Юсуф алайҳиссалом қиссаларини сўзлаб берардилар.

Бир неча йиллар онам сабр-тоқат билан бизга мана шу услубни қўлладилар. Юсуф алайҳиссалом қиссаларини ҳар эшитганимизда қиссанинг ўзимиз учун янги бўлган жиҳатларини кашф қилардик. Бора-бора бу қисса бизга ёд бўлиб кетди. Қачон опа-сингилалар ўзаро низолашиб қоладиган бўлсак, ўз-ўзидан шу қисса ёдимизга келадиган бўлиб қолди. Қисса ёдимизга келиши билан дарров жаҳлимиздан тушиб, жанжалнинг олдини олардик.

Орадан йиллар ўтди. Онам қексайиб омонатларини топширадиган пайт барча фарзандларини атрофларига тўпладилар. Ҳаммамизга эшиттириб шундай насиҳат қилдилар: “Сизларга икки нарсани насиҳат қиламан. Биринчиси, Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаларини унутманглар, доимо бир-бирларингизга эслатиб туринглар, ичларингдан кимдир унутса, бошқалари унга эслатсин. Иккинчи насиҳатим шуки, Аллоҳ таолодан қўрқинглар. Агар сизлар Аллоҳ таолодан қўрқсаларингиз, Аллоҳ таоло сизларга барча қийинчилик ва ташвишлардан чиқиш йўлини ато қилади, мен ҳам сизлардан ана ўшанда рози бўламан ва гўримда тинч ётаман...”.

Онамнинг сўнгги насиҳатларини тингларканмиз қўлларимиз кўзларимиздан оқаётган ёшларни артишга улгурмасди. Онам насиҳатларининг сўнггида тез кунларда Жаннатда дийдор кўришишни сўраб дуо қилдилар ва шаҳодат калималарини айтиб боқий дунёга кўчиб ўтдилар...

Ўшандан бери қанча йиллар ўтиб кетди. Лекин онамнинг ўша кунги насиҳатлари умрбод қалбимизга муҳрланди. Онамнинг берган тарбиялари ва насиҳатлари шарофатидан ҳаётимизда қандай муаммога йўлиқсак, Юсуф алайҳиссалом қиссаларини эслайдиган, у зотни қудуқда бирор ёрдамчисиз бўлган пайтларида қутқарган Аллоҳ бизни ҳам бу ҳаёт қийинчиликларидан олиб чиқиб кетишига ишонадиган бўлдик. Жигарлар билан ўзаро оқибатимиз ҳам гўзал бўлди. Аллоҳ таоло онамизни Ўзи раҳматига олсин, бизларни Юсуф алайҳиссалом ва онамиз билан жаннатда учраштирсин.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

35 боланинг суннат тўйи ўтказиб берилди

14.08.2026   46955   1 min.
 35 боланинг суннат тўйи ўтказиб берилди

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига қувонч улашишга қаратилган саховат тадбири ўтказилди.

Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов тадбирда иштирок этиб, болажонларга самимий тилаклар билдирди.

«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти филиали кўмагида 35 нафар боланинг ҳар бирига велосипед ва турли  совғалар берилди. Шунингдек, тадбирда саховатпеша ҳомийлар томонидан байрамона дастурхон ёзилиб, болажонлар учун кўнгилочар ва байрамона дастур ташкил этилди.

Бундай хайрли ташаббуслар юртимизда инсон қадри, оила ва болалар манфаатларига юксак эътибор қаратилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.

Саховат тадбири болажонларга унутилмас қувонч бағишлаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тошкент вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари