Ҳа демай янги ўқув йили ҳам бошланади. Шу кунларда кўплаб ота-оналар фарзандлари учун ўқув қуроллари, мактаб формалари олиб бериш тараддудида юришибди. Лекин болалари кам-кўстини ортиғи билан қилишга, уларга ўқув қуроллари, мактаб кийимлари олиб беришга ҳамманинг ҳам қурби етавермаслиги мумкин. Шукрки, охириатни ўйлайдиган, ёрдамга муҳтож оилаларга қайишадиган саховатли юртдошларимиз бор экан, кўплаб оилаларда вояга етаётган болалар янги ўқув йилини хурсанд ҳолда кутиб олишга мушарраф бўлишмоқда.
Жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фондининг Фарғона вилояти филиали ходимлари саховатли ҳомийлар билан биргаликда катта хайрия акциясини ташкил этишди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларда ўсиб-улғаяётган 1 000 нафарга яқин болаларга мактаб сумкалари, ўқув қуроллари ва мактаб формалари хайрия қилинди.
Саховат тадбирлари давом этмоқда.
Ҳимматли ҳомийларимиз ва муқарраб дуогўйларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин!
Vaqf.uz
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф хайрли амалдан – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.
Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати