Ҳа демай янги ўқув йили ҳам бошланади. Шу кунларда кўплаб ота-оналар фарзандлари учун ўқув қуроллари, мактаб формалари олиб бериш тараддудида юришибди. Лекин болалари кам-кўстини ортиғи билан қилишга, уларга ўқув қуроллари, мактаб кийимлари олиб беришга ҳамманинг ҳам қурби етавермаслиги мумкин. Шукрки, охириатни ўйлайдиган, ёрдамга муҳтож оилаларга қайишадиган саховатли юртдошларимиз бор экан, кўплаб оилаларда вояга етаётган болалар янги ўқув йилини хурсанд ҳолда кутиб олишга мушарраф бўлишмоқда.
Жонажон Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши муносабати билан «Вақф» хайрия жамоат фондининг Фарғона вилояти филиали ходимлари саховатли ҳомийлар билан биргаликда катта хайрия акциясини ташкил этишди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларда ўсиб-улғаяётган 1 000 нафарга яқин болаларга мактаб сумкалари, ўқув қуроллари ва мактаб формалари хайрия қилинди.
Саховат тадбирлари давом этмоқда.
Ҳимматли ҳомийларимиз ва муқарраб дуогўйларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин!
Vaqf.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар "Жоме" жоме масжиди имом ноиби Нуриддин домла Ҳошимовнинг падари бузрукворлари Холбек ота Ҳошимовнинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуриддин домла Ҳошимовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози бугун соат 18:00 да Сирдарё вилояти Ховос тумани Гулбаҳор МФЙ Қайирма қишлоғида ўз хонадонида адо этилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz