Мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили Расулжон домла Абдуллаев ва Сариосиё туманидаги “Хожа Алоуддин Аттор” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқодир домла Мирзақуловлар ташаббуси билан "Ватан учун, миллат учун, халқ учун!" шиори остида ўтгазилган хайрли иш ҳам юзлаб оилаларга байрамона кайфият улашди.
Ҳайрли тадбир давомида Сариосиё туманининг чегара ҳудудида жойлашган 7 та маҳаллада истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларнинг 210 нафар фарзандига мактаб кийимлари, миллий либослар, дўппилар совға қилинди.
Кўрсатилган эътибор ва кўмакдан мамнун бўлган ота-оналар ҳадя улашганлар ҳаққига дуолар қилишди.
Ўз навбатида тадбир ташкилотчилари ҳам келажак ворисларини ватани, халқи фаравонлиги учун муносиб хизмат ва ҳайрли амаллар қиладиган инсонлар бўлишларини тилашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Сурхондарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати