Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ 77 та замонавий ОДОБИ

04.09.2025   8127   56 min.
Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ  77 та замонавий ОДОБИ

Замонавий ЎҚУВЧИ-ТАЛАБАНИНГ

77 та замонавий ОДОБИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

 

КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА

ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:

 

Z «Аллоҳ Одам алайҳис саломга барча яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли номларни ўргатди» (Бақара сураси 2/31 оят);

 

Z «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси 39/9 оят).

 

 

 

ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:

 

¯  «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига — Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман!

Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига — Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман!

Гўзал хулқли кишига — Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);

 

¯  «Мўминларнинг имони энг мукаммали — хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);

 

¯  «ОТА-ОНАга дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;

 

¯  «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);

 

¯  «Уч тоифа кишининг қўлга киритган нарсасида барака бўлмайди ва қаерда бўлса ҳам хорланади:

–     Менинг номимни эшитганда салавоти шариф айтмаган;

–     Рамазон ойига ҳурмат кўрсатмаган;

–     ОТА-ОНАСИ тирик бўла туриб, УЛАРНИ хурсанд қилмаган».

 

 

 

УЛАМОИ КИРОМЛАР АЙТАДИЛАРки...:

 

Þ     Агар инсон билим йўлида кетаётган экан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурлари томон бораётган экан, ушбу асосий қоидаларга риоя қилиши лозим.

 

Þ     Баъзида одоб, ҳурмат қоидаларига бўйсинмай, устозидан билим олаётганлар ҳам бор.

 

Þ     Тўғри, инсон ота-онасини, устозини олдида китоб ўқиши, бирор-бир ҳунар ўрганиши ёки фан билимларини олиши мумкин. Лекин ота-онасига, устозига ҳурмат бўлмаса, бу каби билимлар оддий маълумотга айланади. Бундай билимда барака бўлмайди!

 

Þ     Азозилни эслайлик. Ҳозир унинг исми Шайтон. Билимга эга, ҳаттоки бошқа фаришталарга ҳам сабоқ берган. Ҳўш, шундай билимлар тўғри йўлдан адашишидан Азозилни қутқариб қола олдими? Йўқ! Чунки Аллоҳни ҳурмат қилмади, эътироз билдирди. Беодоблик қилди! Яратганнинг буйруғига бўйсинмади. Бетгачопарлик қилиб, мағрурлигини намоён этгани учун лаънатланган ва ҳайдалган.

 

Þ     Ҳозирги кунда одамларни ножўя йўлларга етаклаётган, жамоатда қарама-қарши қарашлар пайдо қилаётган, ўзлари ҳам адашган "ақлли"лар қандай пайдо бўлганини англаб олишимиз мумкин. Булар ота-онасига, устозига ва бошқа олимларга нисбатан одобни қўлламаган, ҳурматни билмаган, ўз билимларини тўғри йўлга сола олмаганлардир.

 

Þ     7 хил инсонлар ўртасида ҳеч қачон тенглик бўлмайди.

Бу тенгсизликни АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган!

Ақлсиз одамгина буларни тенглаштиради:

1) эркак – аёл;

2) эр – хотин;

3) ота-она – фарзанд;

4) катта – кичик;

5) илмли – илмсиз;

6) устоз – шогирд;

7) раҳбар – ходим.

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ (!) ўрнатган тенгсизликни бузишга ҳаракат қилганни охир-оқибат АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ ҳолини вой қилади.

 

Þ     Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурматлари учун у зотнинг уйлари томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, у зотнинг уйлари билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Устоз Ҳаммоднинг вафотларидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, у зотга ҳам Аллоҳдан мағфират сўрайман. Нафақат у зот, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.

 

Þ     Дедилар: "Дунёда асли ким азиз?"

Айтдилар: "Устоздир! Устоз, бегумон!"

Тағин айтдиларки: "Азиз, шубҳасиз,

Устозлар қадрига етолган инсон!"

 

Þ     Жоҳиллар даврасида ҳам, олимлар даврасида ҳам уларни тинглашни ўрганинг! Жоҳилни тинглаганда – сабрингиз, олимни тинглаганда – илмингиз ортади.

 

Þ     Илм эгаллаш асносидаги энг кераксиз нарса – димоғдорлик, энг зарур нарса – вақтдир.

 

Þ     Инсониятнинг энг биринчи Устози – бу АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ЎЗИ бўлса (Қуръони карим Бақара сураси 2/31 оят),

мусулмонларнинг инсонлар ичида энг буюк устози – Жаноби ПАЙҒАМБАРИМИЗ МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМДИРЛАР!

Ҳар бир инсон зоти учун эса энг Биринчи устози – унинг ОТА-ОНАСИДИР! Зеро уни тарбиялашни ҳали бу дунёга келмасидан олдинроқ бошлайди. Туғилиши биланоқ, то ота-онанинг ўзи бу дунёдан ўтмагунча, ўз фарзандига меҳрибонлик қилиб ўтади...

 

Þ     Шараф сизга, олқиш сизга, азиз устозлар!

Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

Агар устоз рози – Тангри розидур! (Алишер Навоий).

 

Þ     Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган Қуръони каримдаги энг биринчи хабар: «Ўқинг!» даъвати билан бошланиши бежиз эмас!

 

 

 

ДОНО ХАЛҚИМИЗ МАҚОЛЛАРИ:

 

è «Ота-она рози – Худо рози!»;

 

è «Уста борида қўлингни тий,

Устоз борида – тилингни»;

 

è «Уста бўлсанг, устозингни унутма!»;

 

è «Сабр таги – сариқ олтин»;

 

è «Яхши билан юрсанг – етарсан муродга,

Ёмон билан юрсанг – қоларсан уятга»;

 

è «Гул тикансиз бўлмас,

Дур – садафсиз»;

 

è «Устозингга тик қарасангтўзасан,

Ҳурмат қилсангаста-аста ўзасан».

 

 

 

Қуръони карим ояти карималари ва муборак ҳадиси шарифларга асосан

уламоларимиз белгилаб берган

УСТОЗГА нисбатан муомалаю маданият”даги

 

ИЛМ ЎРГАНУВЧИНИНГ 77 та ОДОБИ:

 

1)    ҳар бир ишида ОТА-ОНАНИНГ дуоларини олишлик;

2)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР юзларига тик қарамаслик;

3)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ ранжитмаслик;

4)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сўзларини икки қилмаслик;

5)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА гап қайтармаслик;

6)    ҳаргиз-ҳаргиз ва асло ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР айтганларини ерда қолдирмаслик;

7)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА ҳурмат ва итоатда бўлиш шарт;

8)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА барча ишларда бўйсуниши лозим;

9)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан тавозеъли бўлмоқ даркор;

10)     ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ УЛАР йўқ пайтларда ҳам ҳурматлаши лозим;

11)    ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА биринчи бўлиб салом беришлик;

12)     ОТА-ОНА, УСТОЗ ўрниларидан турдими, сиз ҳам туринг!;

13)     ОТА-ОНА, УСТОЗ олдингизда экан, ҳеч ҳам баланд оҳангда гапирманг!;

14)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан гаплашганда ўрнидан туриб гаплашишлик, ҳатто телефон орқали бўлганда ҳам;

15)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР олдиларида мавзуга оид бўлмаган ортиқча гап-сўзлар гапирмаслик;

16)     ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА савол беришдан олдин рухсат сўрашлик;

17)     иложи бўлса таълим бераётган инсонга исм-шарифи билан эмас, балки "МУАЛЛИМ!" ёки "УСТОЗ!" деб мурожаат қилиш;

18)     УСТОЗ сўрамаган нарсалардан тилни тийишлик;

19)     ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗНИНГ гапларига ёки жавобларига эътироз билдирмаслик;

20)     ОТА-ОНА, УСТОЗ хатосини айтиб, билимдон эканлигини кўрсатмаслик;

21)     ОТА-ОНА, УСТОЗ олдиларида ён шериги билан суҳбатлашиш жуда хунук ишдир;

22)     ОТА-ОНАНИ, УСТОЗИНИ ҳурмат қилган инсон ҳар тарафга қараб ўтиришдан ўзини тияди ва диққатини ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА қаратади;

23)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда сўзлашганда УЛАРНИНГ ҳурматларини билиб, беизн УЛАРНИНГ вақтларини ортиқча кўп олмаслик;

24)     ОТА-ОНА, УСТОЗ бизга телефон қилсалар, тезкор ёнимиздагиларни огоҳлантириб, узр сўраб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;

25)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан суҳбатлашганда «Ало?», «Hello?», «Ҳа?», «Алё?», «Да?» сўзларни ўрнига «Ассалому алайкум!», «Лаббай?», «ДАДАЖОН?!», «ОНАЖОН?!», «УСТОЗ?!», «УСТОЗЖОН?!», «Эшитаман?», «Хизматингиздаман!..», «Қулоғим сизда...», «Хизматингизга тайёрман!..», «Доим хизматингиздаман!..», «Хизматингизга доим тайёрман!..», «Амрингизга мунтазирман!..» каби ибораларни ишлатиш;

26)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбат тугаганда, телефонни дарҳол ўчирмасдан, балки УЛАР билан хайрлашиб, ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА яхши тилаклар тилаб, ОТА-ОНА, УСТОЗ телефонларини ўчирганларидан сўнггина телефонни ўчириш мумкин; УЛАРДАН олдин телефонни ўчирмаслик;

27)     ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефонда гудок ташланмайди;

28)     агар УЛАР шундай қилган бўлишса, дарҳол УЛАРГА қайта телефон қилинади;

29)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали гаплашганда УЛАРНИНГ рухсатларисиз бошқаларга эшитиладиган даражада телефонни овозини баланд қилмаслик;

30)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо алоқа узилиб қолса, УЛАРГА биринчи бўлиб ўзимиз қайтадан телефон қилишимиз лозим;

31)     телефонда гаплашиб турган пайтда мабодо ОТА-ОНА, УСТОЗ телефон қилиб қолсалар, сўзлашиб турган одамни огоҳлантириб, дарҳол ОТА-ОНАГА, УСТОЗГА жавоб берилади;

32)     ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ шахсий маълумотлари ва ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН телефон орқали келган барча маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз бошқаларга кўрсатилмайди, берилмайди ва юборилмайди;

33)     ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ ЎЗЛАРИГА ҳам УЛАРНИНГ рухсатларисиз турли хил маълумот-хабар (расм, видео, телефон рақам, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказо)лар юборилмайди; ўзимиз юбормоқчи бўлган шахсий табрикномалар – мустасно;

34)     ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА айниқса тарбиявий аҳамиятга эга, илм-фанларга доир, таълимга тааллуқли бўлган ҳар қандай нарсалар юборилмайди ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз;

35)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали мулоқотни телефонда ёзиб олиш учун ЎЗЛАРИНИНГ розиликлари олинади; агар рухсат бермасалар, ёзиб олмаслик; чунки ЎЗЛАРИНИНГ рухсатларисиз ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ гапларини ёзиб олиб, бошқаларга тарқатиш — жуда катта хиёнат ва улкан гуноҳ ҳисобланади;

36)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан бирга сурат ё видеога тушмоқчи бўлганда, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога тушмаслик;

37)     ОТА-ОНАНИ, УСТОЗЛАРНИ сурат ё видеога олмоқчи бўлганда ҳам, олдин ЎЗЛАРИДАН изн сўраб, рухсатлари олинади; агар рухсат бермасалар, сурат ё видеога олмаслик;

38)     телефон орқали кўришиб гаплашиш учун ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ розиликларини олишда УЛАРГА гаплашмоқчи бўлган одамнинг ҳузурида кимлар мавжуд эканлигини ҳам огоҳлантириб қўйиш;

39)     агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга истак билдирилмаса, бундан асло хафа бўлмаслик;

40)     агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали кўриб гаплашиш зарурияти бўлсагина, шунда ҳам фақат УЛАРНИНГ ижозатлари билангина кўришиб гаплашиш учун телефон қилиш мумкин;

41)     агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР томонларидан телефон орқали кўришиб гаплашишга хоҳиш билдирилмаса, ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН узр сўралади;

42)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефонсиз сўзлашганда, телефонни овозини ўчириб қўйилади;

43)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан сўзлашиб турганда, бирор киши телефон қилиб қолса, аввало ОТА-ОНАДАН, УСТОЗЛАРДАН рухсат сўраш; агар УЛАР рухсат берсаларгина телефонга жавоб қайтарилади;

44)     ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА бегона рақамдан телефон қилганда, вақтни олмасдан дарров очиқ-ойдин ва аниқ ўзини таништириш лозим;

45)     бошқа одам ОТА-ОНАМИЗНИ, УСТОЗЛАРНИ рақамларини сўраса, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ рухсатларисиз берилмайди;

46)     ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА телефон қилганда, иккинчи линиядан тушиб қолган одам битта чақириқдан кейин алоқани дарҳол узиш лозим. УЛАРГА ким қидираётганини англаш учун шу кифоя. Узлуксиз чақириқлар билан суҳбатларини бузмаслик;

47)     ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қайта-қайта қўнғироқ қилавермаслик лозим. Чунки қўнғироқга жавоб бериш — у томоннинг ҳуқуқи, зинҳор мажбурияти эмас;

48)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР бирорта маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўрсатиш учун телефонларини берсалар, фақат ўша маълумот-хабар (сурат, ёзув, видео)ни кўриш билангина чекланиш лозим. Бошқа жойларига ўтиб кетишга ҳаққимиз йўқ!;

49)     агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР телефонларида нимадир кўраётган ёки излаётган бўлсалар, тикилиб турмаслик керак. ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ телефонларига рухсатсиз қараш мумкин эмас!;

50)     гаплашишга номуносиб пайтлар (масалан, азон айтилгандан кейин, кечанинг ярмида ёки кундузи дам олинадиган)да ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА қўнғироқ қилинмайди;

51)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР қўнғироқ қилган вақтда эса, қайси пайт ва қандай ҳолатда бўлишимиздан қатъий назар, УЛАРГА хушмуомалалик билан дарҳол ва тезкор жавоб бериш зарур;

52)     ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР билан телефон орқали суҳбатлашаётганда, демак, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР маълум бир вақтларини махсус биз учун алоҳида ажратаётганликларини, биз УЛАРНИНГ вақтларини олаётганимизни, ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ЎЗ ишларини қўйиб, хаёллари биз билан банд бўлиб турганларини ҳис этиб, беҳуда гаплар билан УЛАРНИНГ вақтларини беҳуда ўтказмаслик лозим;

53)     ОТА-ОНА, УСТОЗ билан агар бирор узун мавзу хусусида гаплашмоқчи бўлганда, аввал ЎЗЛАРИДАН рухсат сўралади. Агар рухсат берсалар, гаплашиш мумкин. Акс ҳолда, гапни қисқа қилиш зарур. Чунки УЛАР бемалол гаплашадиган ҳолатда бўлмасликлари ҳам мумкин;

54)     ҳар бир байрамларда, ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ хурсандчилик кунларида УЛАРНИНГ кўнгилларини кўтарадиган тилак, расм, видео, хабар, овозли гап-сўзлар, смс ва ҳоказоларни мунтазам юбориш лозим;

55)     ҳар куни эрталаб-кечқурун ўқишга кетишдан олдин ҳамда ўқишдан келгандан кейин, бирор сабаблар билан ОТА-ОНАДАН йироқда бўлиб турган инсон ҳам ОТА-ОНАСИГА телефон қилиб, “Хайрли кун!”, ”Хайрли тун!” тилаб, ҳақларига чиройли, яхши дуолар қилиб, УЛАРНИНГ ҳол-аҳволларини сўраб, “Менга нима хизматлар буюрасиз?”, “Доим хизматларингизга тайёрман!” деб, айтган хизматларини адо этиб, УЛАРНИНГ бетакрор, бебаҳо ва беқиёс дуоларини олиш лозим;

56)     ОТА-ОНАНИНГ, УСТОЗЛАРНИНГ олдиларида телефон ўйнамаслик. Чунки бундай қилиш – ОТА-ОНАГА, УСТОЗЛАРГА нисбатан ҳурматсизлик, менсимаслик, беодоблик ҳисобланади. Агар жиддий зарурат туғилиб қолса, УЛАРГА узрини айтиб, рухсат сўралади. Агар ОТА-ОНА, УСТОЗЛАР ижозат берсаларгина, телефон билан машғул бўлинади;

57)     УСТОЗЛАРГА юраётган ҳолатда савол бериш ҳурматсизлик ҳисобланади;

58)    илм қалбга ўрнашади. Қалб тоза ва пок бўлса, унга илм мустаҳкам ўрнашади ва баракали бўлади;

59)    шу сабаб аввало – қалбини поклаш. У ҳар хил қалб касалликларидан соф ва пок бўлиши лозим. Қалбни кибр, риё, манманлик, менсимаслик, ғийбат, ёлғончилик, бировни кўраолмаслик ва бошқа зарарли иллатлардан халос этиш керак;

60)    тўғри ва чиройли ният қилиш. Киши олаётган илми орқали илмига холис амал қилишни, инсонларнинг қалбига маърифат зиёсини улашишни, халқнинг манфаати учун хизмат қилишни қасд қилиши лозим;

61)    ўзини бутунлай илмга бағишлаш. Толиби илм туну кун умрининг ҳар бир лаҳзасини илм олишга сарфлаши лозим. Зеро уламоларимиз: “Сен илмга борингни бермагунча, у сенга ҳеч нарса бермайди”, деганлар;

62)    бўш вақтларида Аллоҳнинг зикри билан, Пайғамбаримиз алайҳис саломга салавот айтиш билан, ўзининг қалбидаги орзу-тилакларини Худодан сўраб, дуо қилиш билан банд бўлиши даркор. Зеро илм – Аллоҳнинг нуридир! Аллоҳ таоло нурини Ўзи истаган бандасигагина беради;

63)    уйга берилган вазифани имкон қадар Қибла томон юзланиб бажаришлик;

64)     кўп ва тартибсиз овқат емаслик;

65)     бадантарбия билан шуғулланишлик;

66)     уйқуни меъёридан оширмаслик;

67)     доим баҳоли имкон батаҳорат бўлиб юришлик;

68)     киядиган либосларини покиза тутишлик;

69)     устоз танлашда шошмаслик. Бунда ҳам ОТА-ОНА билан маслаҳат қилиш. Улуғларимиз: “Илм – бу диндир, шунинг учун уни кимдан олаётганингизга эътибор беринглар!” – деганлар;

70)     илм ўрганишдаги шерикларини ҳам ҳурматларини жойига қўйиш. Улар илм йўлида орттирган дўстлари ҳисобланади;

71)     илм ўрганишда дўстларига ҳам кўмак бериш;

72)     ўз тажрибаси орқали ўрганганларини бошқа илм ўрганувчилар билан баҳам кўриши ва имкони борича ёрдам бериши ҳам гўзал одобдир;

73)     илм олишига сабаб бўлаётган китоб, дафтар, қалам ва бошқа ўқув қуролларини эҳтиёт қилиш, оёқ остига қўймаслик ва, албатта, ҳар жойда эътиборсиз қолдирмаслик лозим;

74)     чиройли ёзиш;

75)     олаётган билимларини ёзиб бориш керак. Чунки ёзиш оқибатида илм мерос сифатида кейингиларга қолади;

76)     илмни яширмаслик. Аллоҳ таоло қайси бир бандасига илмдан бирор насиба берган бўлса, ўша кишининг зиммасида олган илмини ўзгаларга етказиш вазифаси туради;

77)     ўрганган илмини яширмай, имкон қадар ўзгаларга етказишда, икки фойда бор:

- илмни етказгани учун савоб;

- илмни ўзгаларга ўргатган сари кўникма ва тажриба ҳосил бўлиши.

 

ИЛОҲО МЕҲРИБОН ПАРВАРДИГОРИМИЗ ЎЗИ буюрган,

Жаноб ПАЙҒАМБАРИМИЗ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ тавсия этган,

ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,

халқимиз хурсанд бўладиган,

ОТА-ОНАЛАРИМИЗ рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон домла Иномов

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

28.08.2026   22473   18 min.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

(2026 йил 28 август, Тошкент ш.)

 

Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!

Ҳурматли меҳмонлар!

Бугун муқаддас Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ ўттиз беш йиллик байрамини катта ифтихор ва тантана билан нишонлаяпмиз.

Азиз халқимиз, жумладан, муҳтарам нуронийларимиз, шижоатли ёшларимиз, мўътабар аёлларимизни, юртимиздаги барча миллат ва элат вакилларини, хориждаги ватандошларимизни ушбу айём билан чин юракдан самимий табриклайман.

Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада оширмоқда.

Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий Ганжавий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети, Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам биноларини ишга туширдик.

Бугун сизларнинг иштирокингизда очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олгани ҳам байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлайди.

Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган бу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.

Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади!

 

Қадрли дўстлар!

Биз 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан ўз давлат мустақиллигимизни қўлга киритдик. Аслида буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд бўлган давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.

Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойитган.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат эса адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олган.

Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.

Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимизни, муқаддас динимизни, она тилимизни, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди.

Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик.

Ушбу ҳаяжонли дақиқаларда бугунги эркин ҳаёт учун жонини фидо қилган улуғ аждодларимиз, жадидлар хотирасига таъзим бажо келтирамиз.

Мана шу тарихий санада ўтган 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган барча марҳум юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати ва жасоратини яна бир бор эътироф этишни жоиз, деб биламиз.

Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ёрқин хотирасини эҳтиром билан ёд этамиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Мустақилликнинг буюк аҳамияти, аввало, инсон қадри ва эркин ҳаётида намоён бўлади. Шу боис, биз ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқнинг қалбига қулоқ солдик, аҳолининг дардига дармон бўлишни мақсад қилдик. “Инсон қадри учун!” деган ғояни давлат сиёсатининг марказига олиб чиқдик. Биринчи галда “пахта қуллиги”, “мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати”, “конвертация чеклови”, “прописка” каби одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга барҳам бердик.

Энг асосийси, фуқароларимиз юрагидаги қўрқув ва ҳадик ўрнини ишонч ва хотиржамлик эгаллади. Ҳар бир инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият барпо этиш учун кейинги ўн йилда тинимсиз изландик, қаттиқ меҳнат қилдик.

Катта сиёсий ирода кўрсатиб, Ўзбекистонни дунёга кенг очдик. Хусусан, чегара муаммолари ҳал қилинди, қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик мустаҳкамланди. Валюта, солиқ, божхона ва инвестиция сиёсатида туб ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада “Иқтисодий эркинлик индекси”даги ўрнимизни 80 поғона яхшилаб, “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олдик.

Илгари иқтисодиётимизга йилига 2-3 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келинган бўлса, ҳозирги пайтда 40-50 миллиард доллар чет эл сармояси жалб қилинмоқда. Юртимизга инвестициялар билан бирга илғор технологиялар, замонавий билим ва янги иқтисодий имкониятлар кириб келмоқда.

Биз уч йил олдин 2030 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказишни режа қилган эдик. Глобал логистикадаги узилишлар, дунёдаги нотинч вазиятга қарамасдан, бу вазифани шу йилнинг ўзида ортиғи билан амалга оширамиз ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кирамиз.

Эътиборли жиҳати – биз бундай юксак натижаларга халқимизнинг фидокорона меҳнати, интеллектуал салоҳияти ҳамда миллат ва давлат бирдамлиги туфайли эришяпмиз. Ижобий ўзгаришларни ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз ҳаётида чуқур ҳис этяпти, десам, фикримга қўшиласиз, албатта.

Янги даврда замонавий уй-жойга эга бўлган 650 мингдан зиёд оиланинг қувончини сўз билан таърифлаб бўладими?

Минглаб маҳаллаларимизга Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб бормоқда.

Камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Янги Ўзбекистон тажрибасини яратдик. Эҳтиёжманд оилаларнинг даромади, касби, саломатлиги, фарзандларининг таълим олиши ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизимини йўлга қўйдик.

Изчил саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугунги кунда камбағаллик даражасини 2017 йилдаги 35 фоиздан 4 фоизга туширишга эришдик. Ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари мужассам.

 

Муҳтарам юртдошлар!

Дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашимиз учун бизга билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган, мустақил фикрига эга бўлган янги авлод мутахассислари керак. Шу боис, таълимга сифат ва мазмун олиб киряпмиз. Муаллимнинг обрў-эътиборини тиклаб, даромадини ошириб боряпмиз.

Ўтган ўн йилда, аҳолимиз 8 миллионга кўпайган шароитда ҳам боғча қамровини 78 фоизга етказдик. Мактабларда 1,5 миллион қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани фарзандларимизга етакчи хорижий таълим масканларидан кам бўлмаган даражада чуқур билим эгаллаш учун кенг имкониятлар эшигини очди.

Ёшларга хорижий тиллар ва касб-ҳунар ўрганишлари учун муносиб шароитлар яратдик.

Олийгоҳларда ўқиш учун қулай шароитларни кенгайтирганимиз ҳисобига ҳозирги кунда талабалар сони 1 миллион 600 минг нафарга етди. Қувонарлиси, ёшларда билим олишга иштиёқ кучайди. Ота-оналар учун фарзандини олий маълумотли қилиш фақат орзу эмас, эришса бўладиган мақсадга айланди.

Айниқса, талабаларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани – Учинчи Ренессанснинг ўзига хос қиёфаси, десак, тўғри бўлади. Чунки, билимли қизлар – билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият деганидир.

Биз таълим билан бир қаторда илм-фан, замонавий технология ва инновацияларни ҳам тараққиётимизнинг ҳал қилувчи омили, деб биламиз.

Шу билан бирга, IT, сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт каби йўналишлар ривожига янги руҳ бериб, жуда катта ҳаракатни бошлаб юбордик. Бу орқали 10 миллион ёшларимизни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кирамиз.

Истиқлол байрамимиз арафасида хитойлик ҳамкорларимиз билан “Самарқанд – 2028” сунъий йўлдошини фазога учирганимиз бизга алоҳида ғурур бағишлайди.

Менинг ниятим: Ўзбекистон технология соҳаларида жаҳонга илғор ташаббусларни таклиф қиладиган марказга айланиши зарур.

Ўзбек тили – рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим.

 

Азиз ватандошлар!

Инсон қадри ҳақида сўз юритганда, аҳолимизнинг соғлиғи масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз табиий. Сўнгги йилларда ушбу соҳага ажратилаётган маблағни 8 каррадан зиёд оширдик. Энг муҳими, сифатли тиббий хизмат олиш имконияти нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам яратилди.

Ўтган даврда юртимизда 652 та янги тиббиёт муассасаси барпо этилгани, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми 3 карра ошди. Юқори малакали шифокорлар тайёрлашни йўлга қўйиб, уларга шароит яратганимиз

ўз натижасини беряпти. Илгари хорижда амалга оширилган 100 дан зиёд мураккаб диагностика ва даволаш усуллари бугун юртимизда ҳам мукаммал бажарилмоқда.

Умуман, аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 1991 йилдаги 66,4 ёшдан 2025 йилда 75,4 ёшга етгани, гўдаклар ва оналар ўлими кўрсаткичи 4 баробар камайгани соҳадаги ислоҳотларимизнинг энг муҳим натижасидир.

 

Қадрли дўстлар!

Жонажон Ватанимиз азалдан улуғ мутафаккирлар, азиз авлиёлар, буюк алломалар юрти бўлиб келган. Биз мана шундай бебаҳо меросга муносиб равишда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуалари каби бетакрор илмий-маърифий даргоҳларни барпо этдик.

Бу муҳташам ва табаррук масканлар бугун нафақат юртимиз ва ислом олами, балки бутун жаҳон аҳлининг ҳақли эътирофига сазовор бўлмоқда. Биз бундай бунёдкорлик ишларини жадал давом эттирамиз.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Бизнинг энг катта бойлигимиз – эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган Янги Ўзбекистон ёшларидир. Интилувчан ва тиришқоқ ўғил-қизларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар очиш учун ҳар йили 20-25 триллион сўм ажратилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ёш тадбиркорлар ташкил этяпти.

Токио ва Париж Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларида, дунё майдонларида ёш спортчиларимиз эришган тарихий ютуқлар халқимизга чексиз ифтихор бағишлади.

Футболчиларимиз илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этиб, ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очди. Улар бошлаган йўл албатта давомли ва зафарли бўлади, деб ишонамиз.

Яқин кунларда Самарқандда катта спорт анжумани – Жаҳон шахмат олимпиадаси бошланади. Ноябрь ойида эса машҳур гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдоров жаҳон шахмат тожи учун курашга киришади.

Ушбу мусобақаларда шахматчи ўғил-қизларимга улкан зафарлар тилайман!

Халқаро фан олимпиадаларида, танлов ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаётган ёшларимизни – Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари, деб биламан!

Олдинга қараб интилишдан ва доимий изланишдан ҳеч қачон тўхтаманг, азиз фарзандларим!

 

Муҳтарам юртдошлар!

Бугун биз тарихнинг янада масъулиятли ва ҳал қилувчи палласида турибмиз. Мамлакатимиз тараққиётнинг мутлақо янги даврига қадам қўймоқда. Келгуси ўн йиллик – биз учун миллий юксалиш даври бўлади.

Буни фақат ва фақат халқимизнинг ақл-заковати, меҳнати ва бирдамлиги орқали ўзимиз бунёд этамиз. Шу мақсадда келгуси йилларда юртимизда инсон қадрини янада юксалтирадиган 7 та миллий дастурни амалга оширамиз.

Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётимизнинг асосий капиталига айлантиришдан иборат бўлади.

Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамровини қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқамиз. Хусусий боғча ташкил қилиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақлаб қолинади.

Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади.

Юртимиздаги техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этамиз. Уларда ёшларимизни юқори даромадли касбларга ўқитишни йўлга қўйиб, қамровни 1 миллионга етказамиз. Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.

Биз келгуси йилларда камида 10 та университетимизни ТОП мингталикка киритишни катта марра сифатида белгилаймиз.

Иккинчи миллий дастур халқимизнинг соғлом бўлиши ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади.

Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатларини келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказамиз.

Биз тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтамиз. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради.

Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникасини олиб келамиз.

Юртимизни замонавий тиббиёт, фармацевтика, биотехнологиялар ва тиббий таълим тараққий этган масканга айлантирамиз.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Учинчи миллий дастур – иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш.

Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қиламиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.

Ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади.

Шунингдек, кичик бизнес – ўрта бизнесга, ўрта корхоналар эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизимни йўлга қўямиз. Буларнинг ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.

 

Азиз дўстлар!

Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.

Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади.

Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқамиз. Бу – умуммиллий маррага айланади.

Табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир. Шунинг учун мамлакатимизда “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқамиз. Мактаб, боғча, шифохона ва кўп қаватли уйлар атрофидаги яшил ҳудудлар жамиятнинг дахлсиз бойлиги сифатида муҳофаза қилинади. Яқин йилларда туман ва шаҳар марказларида яшиллик кўламини 30 фоизга етказамиз.

 

Қадрли юртдошлар!

Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади.

Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат.

Бунинг учун ҳуқуқий тарбияни мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўямиз. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотларимизни қатъий давом эттирамиз. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чораларни янада кучайтирамиз.

“Яширин иқтисодиёт”, уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши курашни янги босқичга кўтарамиз.

Азиз ватандошлар!

Одамларимизнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади.

Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади.

Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман бюджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.

 

Ҳурматли байрам иштирокчилари!

Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат.

Юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари, 16 та диний конфессия аъзолари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.

Бугунги нотинч замонда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик халқимизнинг олтин фонди, бебаҳо бойлигидир.

Бизнинг очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсатимиз узоқ муддатли тараққиётимизни таъминлашга қаратилган.

Марказий Осиёда аҳил қўшничилик, стратегик шериклик ва дўстлик алоқаларини кенгайтиришда тарихий ютуқларга эришилди.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Европа Иттифоқи, Америка, Осиё-Тинч океани минтақаси ва араб-мусулмон дунёси давлатлари билан муносабатларимиз янада мустаҳкамланди. Шарқий Европа, Африка ва Лотин Америкасида янги ҳамкорлик йўналишлари очилди.

Мамлакатимиз билан дипломатик муносабат ўрнатган давлатлар сони қарийб 170 тага етди.

Ўзбекистонни халқаро дипломатиянинг муҳим марказига айлантириш учун кўпқиррали, вазмин ва мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттирамиз. Иқтисодий дипломатия ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Мамлакатимиз 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига илк маротаба раислик қилади. Дунёдаги 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган ушбу глобал тузилма самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббусларни фаол илгари сурамиз.

Ён қўшнимиз бўлган Афғонистон бўйича конструктив сиёсатимизни қатъий давом эттирамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган дипломатик корпус вакилларига, хорижий оммавий ахборот воситалари ходимларига, АҚШ, Туркия ва Сингапурдан келган юқори мартабали меҳмонларимизга самарали ҳамкорлик учун алоҳида миннатдорлик билдираман.

 

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Бир фикрни ишонч билан айтмоқчиман.

Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз.

Ўттиз беш йиллик мустақил тараққиёт йўлимиз бизга бир ҳақиқатни ўргатди: халқ ва давлат ягона мақсад йўлида бирлашиб, астойдил ҳаракат қилса, забт этиб бўлмайдиган марранинг ўзи йўқ.

Бундай буюк қудратга эга халқ ва давлатни енга оладиган кучнинг ўзи йўқ.

Биз ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва буюк келажагимизни биргаликда барпо этамиз!

Ишончим комил, матонатли, мард ва олижаноб халқимиз ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга албатта етади.

Ватанимизнинг олтин даврини, янги буюк тарихини албатта барчамиз биргаликда яратамиз!

Бизга мустақиллик неъматини берган Парвардигоримизга чексиз шукроналар бўлсин!

Истиқлолимиз ижодкори ва ҳақиқий бунёдкори бўлган халқимизга шон-шарафлар бўлсин!

Сизларни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ байрам – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги билан яна бир бор табриклайман.

Юртимиз тинч, хонадонларимиз обод ва фаровон бўлсин!

Яшасин Ўзбекистон Республикаси!

Яшасин Ўзбекистон халқи!

Ўзбекистон янгиликлари