Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Қуръони карим оятлари битилган қоғозлардан ҳурматсизлик билан фойдаланилаётгани, уламолар, имом-хатибларни танқид қилиш, хато-камчиликларини қидириш ва ҳатто масхаралаш каби ҳолатлар кузатилмоқда. Баъзилар эса уларни обрўсизлантириш, дунёдан бехабар жоҳилга чиқаришга уринмоқда. Бундан ҳам ёмони эгнига чопон кийиб, бошига салла ўраб, бачкана қилиқлар билан илм аҳлининг устидан мазаҳлаб видео тасвирлар олиб тарқатаётган ёшлар ҳам учрамоқда.
Бундай номақбул хатти-ҳаракатлар исломий қадриятлар борасида ҳам учраётгани ташвишлидир. Яқинда ижтимоий тармоқларда Жума куни билан табриклаш борасида ҳам турли тушунмовчиликлар юзага келди. Айримлар Жума билан табриклашни масҳарабозликка айлантириб, ўзича сурату видеолар, ёзувлар тарқатишди. Баъзилар ҳайит куни аниқ бўлмагани учун турли масҳараомуз сўзлар билан шеър ёзиб оммага улашди. Афсуски, жамиятимизда бундай енгил-елпи аудио, видео ва ёзма жўнатмаларни кўпчилик яхши қабул қилади ва тез оммалашади. Лекин диний масалаларда ҳазил бўлмайди. Бу ишни қилаётганлар эса билмасдан гуноҳ орттириб олаётгани ачинарли. Албатта, бу диний билимсизлик белгиси ҳамдир.
Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг кофир бўлишига сабаб бўлади.
Илло, Жума куни ҳам Ҳайит ҳам ислом шиорларидандир.
Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади. Булар қаторига шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари ҳам, Жума куни, Рамазон ойи, муқаддас ойлар, ибодат воситалари бўлмиш тасбиҳ, салла ва жойнамоз каби нарсалар ҳам киради.
Динимиз уламоларининг фатволарида бундай дейилади: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32 оят), – деб хитоб қилган.
Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: “Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”. Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулуллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Худди шундай Ислом динини, шариат аҳкомларини етказишдек улкан масъулиятни зиммасига олган уламолар шаънига ёмон сўзларни гапириш Аллоҳ ва Унинг расулини ғазабини келтирадиган ёмон ишдир.
Олимнинг фазлини Аллоҳ ва Унинг расули улуғлаб турса-ю, унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, Аллоҳ ва Унинг расулига ҳурматсизликдир. Аҳли сунна эътиқодига кўра, мусулмон катта гуноҳни қилиш билан диндан чиқмайди, лекин динни, уламоларни паст санаш билан диндан чиқиш хавфи бор. Чунки уламолар дин номидан гапирувчи шахслардир. Уларга отилган тош динга, пайғамбарга отилган ҳисобланади.
Тоҳир Бухорийнинг “Хулосатул фатово” асарида: “Ким бир олимни зоҳирий сабабсиз ёмон кўрса, унинг диндан чиқиш хавфи бор!” дейилади (Али Қорий, “Шарҳу Фиқҳил акбар”).
Илм аҳлини ҳурматлаш Аллоҳ таолони улуғлашдир. Пайғамбаримиз алайҳи вассалм: “Кексаларимизни ҳурмат қилмаган, кичикларимизга раҳм қилмаган ва олимимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас” деганлар (Имом Ҳоким ривоят қилган).
Қолаверса, илм аҳли ва салоҳиятли кишиларни масхара қилиш, уларни қадрини ерга уриш кофир ва мунофиқ кишиларнинг сифатидир. Бу ҳақда ояти каримада бундай дейилади:
“Кофир бўлганларга бу дунё зийнатли қилиб қўйилган. Улар имон келтирганлар устидан куладилар. Ҳолбуки, қиёмат куни тақволи бўлганлар улардан баланддирлар” (Бақара сураси, 212-оят).
Демак, билиб билмай, уламолар ва илм аҳлни, Ислом шиорларини масхара қилиш мўминга ҳам ақли роса кишига ҳам хос сифат эмас. Айниқса, мамлакатимизнинг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилар экан, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларини ҳурмат қилиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчидир.
Толибжон НИЗОМОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй азиз ёшлар!
Сиз гиёҳванд модданинг қулига айланиш учун дунёга келмагансиз.
Аллоҳ сизни буюк мақсадлар учун яратди. Сиз гўзал орзулар сари қадам ташлайдиган, илм олиш, Инсонийятга хизмат қилиш, ота-онангизнинг юзини ёруғ қилиш учун яратилгансиз.
Сизни онангиз тўққиз ой бағрида кўтариб, тунлари уйқусиз қолиб, кўз ёш тўкиб катта қилгани – бир кун келиб кўчаларда сарсон бўлишингиз учун эмас.
Отангизнинг пешона тери, машаққати ва умри – заҳар тутатиб ўтиришингиз учун эмас.
Бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўринг...
Агар бугун сиз қўлингиздаги гиёҳванд моддага қараётган бўлсангиз, бир четда онангиз сизнинг келажагингиз ҳақида дуо қилиб ўтиргандир. Агар сиз гуноҳга қадам қўяётган бўлсангиз, отангиз сизни одамлар ичида ҳурматли инсон бўлсин деб меҳнат қилаётгандир.
Сиз бунинг учун туғилмадингиз!
Сизнинг қўлингизда кашфиётлар калити бўлиши керак эди, заҳар эмас.
Сизнинг тилингизда шукру зикр бўлиши керак эди, дилларни оғритадиган гаплар эмас.
Сизнинг қалбингизда орзу ва мақсадлар бўлиши керак эди, пушаймонлик эмас.
Бугун сизни гуноҳга чорлаётган "дўстлар" қабрга сиз билан кирмайди. Ҳисоб-китоб кунида ҳам ёнингизда турмайди. Аммо қилган амалларингиз сиз билан бирга боради.
Шунинг учун ҳали вақт бор экан, ортга қайтинг!
Бир дона тавба баъзан йиллар давом этган гуноҳдан кучли бўлади.
Бир дона қатъий қарор баъзан бутун ҳаётни ўзгартириб юборади.
Эй ёш мусулмон! Сиз ТикТок ва Instagram лентасида адашиб қоладиган, нафсининг ортидан югурадиган авлод эмас, балки тарих ёзадиган авлодсиз.
Сиз умматнинг умиди.
Сиз ота-онангиз дуоси.
Сиз жонажон ватанингизнинг эртанги умидисиз.
Сиз илм мажлисларининг безагисиз.
Ўзингни арзон нарсаларга сотиб юборманг. Чунки Аллоҳ сизни жуда қиммат яратган.
Бир лаҳзалик кайф учун бир умр афсус чекишга арзимайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”.
Гиёҳванд моддага берилган инсон ҳам ўзига ҳам бошқаларга улкан зарардир.
Уламоларимиз айтадилар: “Маъсиятларнинг бошланиши шаҳватдир, охири эса ҳасрат ва надоматдир”.
Бугун гуноҳ лаззатдек кўринади, аммо эртага қалбни эзадиган пушаймонликка айланади.
Эй ёшлар! Бир лаҳзалик лаззат учун бир умр ҳасрат чекиб қолманг. Гиёҳвандлик сизга бахт ва эркинлик эмас, қуллик ва пушаймонлик олиб келади. Ўзингизни ҳам, ота-онангизнинг умидларини ҳам асранг!
Аллоҳ барча ёшларимизни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва ҳар бир ёмон иллатдан асрасин. Омин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби