#Мавлид_шукуҳи
ОЛАМЛАРГА РАҲМАТ ПАЙҒАМБАР ﷺ
Робиъул аввал ойи – мусулмонлар учун улкан бахту саодат, хурсандчилик ойи бўлиб, бу ойда бутун оламларга раҳмат, икки жаҳон сарвари, Пайғамбари Муҳаммад ﷺ таваллуд топганлар. Бу ойни мусулмонлар ўзгача тайёргарлик билан кутиб олишади ва Расулуллоҳ ﷺга бўлган муҳаббатнинг кичик бир кўриниши сифатида мавлиди шариф тадбирлари ўтказилади, у зотнинг сийратларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жума куни Тошкент шаҳрининг барча жоме масжидларида Мавлиди шариф ўқилди ҳамда жума намози кўтаринки кайфиятда адо этилди.
Шунингдек, жамоат билан биргаликда хайрли дуолар қилинди.
Аллоҳим, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишни насиби рўзи айлагин!
MuslimShosh.uz
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати