Шу кунларда Эронда ўтказилаётган Халқаро Қуръони карим мусобақасининг бешинчи кунида дунёдаги энг кичик босма Қуръон тақдимоти бўлиб ўтди.
“IQNA” сайти маълумотига кўра, 40-халқаро Қуръон мусобақасининг сўнгги кунида Эронда бундан 150-200 йил аввал босилган энг кичик босма Қуръон ҳам тақдим этилди.
Ушбу Қуръон соҳиби Оқил Рофиий Эронда ўтказилаётган Халқаро Қуръон мусобақасининг тўртинчи куни арафасида “IQNA” сайтига берган интервьюсида бундай деди: “Мен бу Қуръонни отамдан тахминан 20 йил аввал совға сифатида олганман. Бу китобни отам ҳам амакисидан олган”.
Қариндошларимизнинг ҳаммаси уламо бўлгани ва қадимий тилда “мулла” атамасини ишлатиб, ўтмишда муллалар Қуръонни биладиганлар бўлган, – деди Рофиъий.
Рофиъий яна бундай изоҳ берди: “Бу Қуръон менга бир неча авлодлар олдин келган ва мен унга қарийб йигирма йилдан бери ғамхўрлик қиламан. Мутахассисларнинг фикрича, бу Қуръон 150 ёшда. Эшитилганларга кўра, бу китобнинг 10 та нусхаси Мисрда чоп этилган ва ҳозирда Қуръоннинг ягона нусхаси оммага эълон қилинадиган нусхадир”.
Бу Қуръоннинг сақланиш ҳолати ҳақида бундай деди: “Бу Қуръон қадим замонлардан бери кумуш метал қутида сақланган, унинг ўз ҳолатини сақлагани ва саҳифаларининг бутунлигича қолиши сабабларидан бири, лекин бу Қуръоннинг муқоваси мавжуд эмас. Ушбу Қуръонни музейга ҳадя қилмоқчимисиз, деган саволга Рофиъий: “Мен бу Қуръонни асраш вазифасини давом эттиришга қарор қилдим”, деб жавоб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати