Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
НАФС МОҲИЯТИ
Ҳақиқатда инсон нафси илоҳий сир (латифаи Раббония) бўлиб, унинг моҳиятини тўла англаш мумкин эмас.
Инсон танасига кириб жойлашгунга қадар нафс руҳ ёки жон деб аталади. Аллоҳ иродаси билан руҳ тан билан бирлашади, кейин мосуваллоҳни[1] танийди ва шу билан ўз Парвардигоридан бошқага чалғийди. Шунда Аллоҳ ва нафс ўртасида нафсни Яратувчига яқинлаштирмайдиган парда пайдо бўлади.
Маълумки, инсоний руҳ ўз табиатига кўра олийжаноб борлиқдир, чунки унга фариштанинг нафаси орқали Аллоҳ ҳаёт беради. Бу ҳақда бизга Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
“Ҳақиқатда сизлардан ҳар бир кишининг яратилиши онасининг қорнида қирқ кун ичида томчи сув (нутфа) ҳолида амалга ошади. Сўнг шунча муддат ичида лахта қон (алақа) ҳолида бўлади. Сўнгра яна шунча вақт ичида бир парча гўшт (музға) ҳолида бўлади. Кейин унга бир фаришта юборилади ва ўша фаришта унга жон пуфлайди. Сўнг фариштага шу инсоннинг тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани – ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади...” [2] (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Тана билан жон бирлашгач, инсон деб аталгувчи ғаройиб яратиқ (махлуқ) шаклланади.
Аллоҳ инсонни бунёдкорлик билан ўз ҳаёт тарзини барпо этиши учун ер юзида ўзига халифа (ўринбосар) қилди. Шунингдек, инсоний нафсни тарбия қилиш учун, бандасига меҳрибонлик кўрсатиб, Ўзининг шариатлари (қонун тўпламлари)ни туширди. Зеро, билим ва ахлоқнинг асосини инсон нафсининг комил тарбияси ташкил этади.
Модомики, Аллоҳнинг амру фармонлари инсон нафсига қаратилган экан, нафс сифатлари билан одамларнинг тақвоси ва собитлиги аниқланади. Илоҳий китобларнинг туширилиши, Аллоҳ элчилари, пайғамбарларига ваҳийлар келиши ва қонун-қоидаларнинг ўрнатилишидан асосий мақсад инсон нафсини камол топтиришдан иборатдир.
Кучли ҳис-туйғулар ва бепарволикка берилиш, ҳар хил ҳаётий вазиятларга мойил бўлишлик инсон нафсининг табиатига хосдир. Нафс ўзининг одам ва жинлардан иборат ёмон дўстлари ҳамда шайтонлар таъсири остида доимо гуноҳлар содир этади. Бас, шундай экан, гуноҳлар туфайли содир бўлган зарарларни таг-томири билан йўқотиш ва нафсни буларнинг ёмонлигидан қутқариш учун гуноҳлар йўқотиш устида давомли ишлаш зарур. Бу эса Аллоҳга ҳақиқий тавба ва қайтиш билангина бўлади.[3].
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Дунёнинг мол-мулкига эътибор қилмаган зоҳиднинг қалбини Аллоҳнинг ўзи бой қилиб қўяди. Унга гарчи хоҳламасада дунё бойлигидан бериб қўяди. Шу маънода улуғ зоҳидлардан бирларини Аллоҳга қилган гўзал муножотини тингланг:
“Аллоҳим, Сени йўқотган нимани топди?! Сени топган эса нимасини йўқотди?! Сендан ўзга жойда орому ҳаловат излаган, уни топмади. Сени қўйиб бошқа томонга югурган, зиёну заҳматда қолди”.
Бир одам Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳудан кўйлакларини ўзлари тикаётганларини кўриб сўради:
“Эй Иброҳим, Аллоҳ сизга Балх подшолиги ўрнига нима берди?”
Иброҳим қуддиса сирруҳу жавоб бердилар:
“Аллоҳнинг менга берган нарсаларини англаб етиш учун сени ақлинг ожизлик қилади, лекин шунга қарамасдан, Аллоҳнинг менга ато этганларидан сени фаҳминг оладиган бир нарсани кўрсатаман, ўзинг тушиниб оласан”.
Иброҳим қўлларидаги игнани денгизга ташлаб, сўнг уни қайтариб беришлигини сўраб Аллоҳга дуо қилдилар. Шу онни ўзида оғизларида олтин игналар тутган, саноқсиз балиқлар бирин кетин дарёдан бошларини чиқара бошладилар.
Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу:
“Ё Худойим, ўзимни игнамни қайтариб беришингни хоҳлайман,” дедиларда, ёнларидаги одамга қарата:
“Бу Аллоҳнинг менга берган ва сени фаҳминг олиши мумкин бўлган неъматларидан биргинаси эди холос”, деб жавоб бердилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.