Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
صَلَواتُ اللهِ و ملَائِكَتِهِ وَ أَنْبيَائِهِ وَ رُسُلِهِ وَ حَمَلَةِ عَرْشِهِ وَ جَمِيعِ خَلْقِهِ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّد وَ عَلَى اَلِهِ وَصَحْبِهِ أَجْمَعِينَ
Ўқилиши: Солаватуллоҳи ва малаикатиҳи ва анбияиҳи ва русулиҳи ва хамалати ъаршиҳи ва жамиъи холқиҳи аъла саййидина Муҳаммадин ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн!
Маъноси: Саййидимиз ҳазрати Муҳаммадга, ул зотнинг оилалари (аҳли)га ва ҳамма саҳобаларига Аллоҳнинг, Унинг фаришталарининг, пайғамбарларининг, элчи-расулларининг, Унинг Аршини кўтариб турган малоикаларнинг ва барча-барча яралмишларнинг салоту саломи бўлсин!
Манба: “Ал-адъиятул-варидату фил-аятил каримати вал-аҳадисиш-шарифаҳ”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати