Машҳур аёллар ҳаётидан
Муаллиф: Ҳанан Бани Али
1. Ҳалима ас-Саъдиянинг насаби.
2. Ҳалима ас-Саъдиянинг Исломни қабул қилиши.
3. Ҳалима ас-Саъдиянинг Пайғамбар билан боғлиқ воқеаси.
4. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Ҳалима онамизга бўлган вафоси.
5. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Ҳалима онамизнинг фарзандларига бўлган вафоси.
1. Ҳалима ас-Саъдиянинг насаби
Ҳалима — Абу Зуайбнинг қизи, унинг исми Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Шижна ибн Ризам ибн Нозира ибн Саъд ибн Бакр ибн Ҳавозин эди. Бану Саъд қабиласи — Ҳалима ас-Саъдия яшаган қишлоқ, Тоиф шаҳридан тахминан 70 км жанубда жойлашган. Баъзи манбаларга кўра, бу қишлоқ Макка шарқида жойлашган.
2. Ҳалима ас-Саъдиянинг Исломни қабул қилиши
Кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, Ҳалима ва у кишининг турмуш ўртоғи Исломни қабул қилган. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобия аёлларидан бири сифатида тан олинган. Абу Қосим Табараний уни ўзининг ҳадис тўпламларида зикр қилган.
Унинг таърифича, Ҳалима онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳа васаллам Хадича онамизга уйланганидан сўнг, унга келиб, мамлакатдаги қаҳатчиликдан шикоят қилган. Пайғамбар алайҳиссалом Хадича оанмизга мурожаат қилиб, унга 40 та қўй ва бир туя бердирган. Кейинроқ, нубувватдан кейин ҳам у киши Пайғамбаримиз саллоллоғҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, Исломни қабул қилган ва у кишининг турмуш ўртоғи ҳам Исломга кирган.
3. Ҳалима ас-Саъдиянинг Пайғамбаримиз билан боғлиқ воқеаси
Ҳалима ас-Саъдия ҳикоя қилади: у Маккага бола емизиш учун келганида, бошқа барча емизувчи аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етим бўлгани учун у кишини олишни истамаган. Ҳалима онамиз ва у кишининг оиласи жуда оғир аҳволда бўлишган, озуқа етарли эмас эди. У киши отасидан етим қолган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, уни онаси Омина онамиздан олиб, ўз қишлоғига олиб кетади.
Ҳалима ас-Саъдия онамиз ўз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб шундай дейди: Пайғамбаримиз Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи васалламни сут она сифатида тарбиялаш мақсадида қишлоғига олиб келганларидан сўнг, у кишида мавжуд бўлган мол-ҳайвонларининг сути кўпайган ҳамда у кишининг кўкрагида ҳам сут кўпайиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ва ўз ўғлини тўйғазиб эмизган. Улар қишлоғида тўкинчилик, фаровон ва қалбалари сурур бўлган ҳолда ҳаёт кечирган, бунинг барчаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барокати туфайли содир бўлган.
4. Пайғамбаримизнинг Ҳалима онамиз хонадонида тарбияланиши
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам болалигининг дастлабки йилларини Ҳалима ас-Саъдиянинг уйида, Бану Саъд саҳросида ўтказган. У зот соғлом, жисмонан етук, равон тилли бола сифатида ўсиб улғайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 4 ёшига етганларида бир воқеа содир бўлган: у киши ўртоқлари билан ўйнаётганда, икки фаришта - Жаброил ва Микоил (алайҳимус салом) – у кишининг олдига келишиб, кўкрагини ёриб, қалбини чиқаришади, уни Замзам суви ва муз билан ювишади. Сўнг, у зотнинг юраги тозаланиб, муҳрланади ва Аллоҳнинг амри билан қайта жойига қўйилади.
Ҳалима ас-Саъдия Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам учун жуда катта хавотирга тушган эди. Болалар унга келиб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида хабар беришганида, ҳалима онамиз Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бирор нарса бўлибди, деб ўйлади. Шунинг учун у Муҳаммад алайҳиссаломни Омина онамизга қайтариб берди. Аммо, Омина онамиз бу воқеани эшитганида на қўрқди ва на ғамгин бўлди, чунки у киши ўғли келажакда улуғ шахс бўлади деб ишонган эди, бу ишонч унга туғруқ кечасида кўрган туши орқали маълум қилинган эди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳалима ас-Саъдияга бўлган вафолари
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳалима ас-Саъдия онамизга жуда вафодор бўлган. Унга нисбатан у кишини фарзандидек қалбида алоҳида ўрин бор эди. Бунга далил – Макканинг фатҳи куни Ҳалима онамизнинг синглиси Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурига келганида, у зот ундан Ҳалима онамиз ҳақида сўради. Синглиси Ҳалимат онанинг вафот этганини айтганида, Пайғамбаримизнинг муборак кўз ёшлари тўкилди. У зот Ҳалима онамизни сингдисига кийим-кечак ва 200 дирҳам пул ҳадя этди. Синглиси кетар экан, шундай деди: “Сиз кичиклигингизда ҳам, катта бўлганингизда ҳам энг яхши инсон эдингиз”.
Пайғамбаримизнинг Ҳалима онамизнинг фарзандларига бўлган вафолари
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳалима онамизнинг фарзандларига ҳам вафодор бўлганлар. Бу ҳолат Ҳавозин урушида мусулмонлар ғалаба қилганидан кейин ўз аксини топади. Ғаниматлар орасида Ҳалима онамизнинг қизи Шайма ҳам бор эди. У Пайғамбарнинг ҳузурига олиб келинганда, у уни самимият билан қарши олди, ўз ридосини ерга ёйиб, уни ўша ерга ўтқазди. Сўнг у Шаймага ихтиёр берди: хоҳласа ҳурмат-эҳтиром билан Пайғамбаримизнинг ёнида қолиши мумкин, хоҳласа ўз қавмига қайтиши мумкин эди. Шайма ўз қавмига қайтишни танлади, лекин у Исломни қабул қилди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни улуғлаб, ҳурмат кўрсатди.
Хулоса
Уламолар Ҳалима ас-Саъдия онамиз Исломни қабул қилган деб ҳисоблашади. Бу мақолада Ҳалима онамизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам болалиги давридаги ҳаётида тутган ўрни, у зотни эмизгани, бу сабабли келган хайру баракалар, саҳрода у зотни тарбиялаши ва кишини хавотирга солган “шаққус садр” воқеаси ҳақида сўз борди.
Шунингдек, Пайғамбаримизнинг Ҳалима онамиз ва у кишининг фарзандларига нисбатан вафодорлиги ҳақида ҳам сўз юритилди.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди, хабар бермоқда iccu.uz.
Ислом цивилизациясининг кўп асрлик тарихи, унинг илм-фан, маданият ва маърифат тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида яхлит ва таъсирчан тарзда намоён этилган. Ташриф давомида Самир Пол Капур исломгача бўлган давр цивилизацияларидан тортиб, Янги Ўзбекистон даврига қадар бўлган тарихий жараёнларни акс эттирувчи галереялар, буюк алломаларнинг илмий-маърифий мероси, ноёб қўлёзмалар, муқаддас ёдгорликлар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозициялар билан яқиндан танишди.
Меҳмон экспозицияларнинг мазмунан изчиллиги ва тарихий жараёнларни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда намоён этиш усулига алоҳида эътибор қаратди. Унинг қайд этишича, бу ерда музей экспонатлари орқали ўтмиш ҳақида маълумот олиш билан чекланиб қолмай, тарихий даврлар руҳини ҳис қилиш, улар ўртасидаги боғлиқликни англаш имкони ҳам мавжуд.
Самир Пол Капур ўз таассуротларини қуйидагича ифодалади:
«Бу муҳташам маскан. Ислом тарихи ва маданиятининг асрлар давомидаги тараққиёти билан яқиндан танишиш мен учун унутилмас тажриба бўлди. Бу ерда тарихни шунчаки китоб саҳифалари орқали эмас, балки ўз кўзингиз билан кўрасиз, уни ҳис қиласиз ва гўё ўша даврларнинг ичида бўласиз. Шу боис ушбу ноёб масканни барпо этишга ҳисса қўшган барча инсонларга самимий миннатдорчилик билдираман.
Ёшларга ҳам бу ерга келишни албатта тавсия қиламан. Чунки бу маскан нафақат тарихни ўрганиш, балки ўтмиш билан келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш имконини беради. Мен учун энг эсда қоларли лаҳзалардан бири Қуръони каримга бағишланган голографик намойиш бўлди. У менда катта таассурот ва ҳаяжон уйғотди.
Менимча, бу даргоҳ ислом цивилизациясининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этишга хизмат қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон бу ерга ташриф буюриб, ана шу бой ва бебаҳо мерос билан шахсан танишиши лозим».
Пол Капурнинг фикрича, Марказнинг аҳамияти унинг тарихий меросни намоён этиш билангина чекланмайди. Ушбу маскан ёш авлод учун ўтмиш сабоқларини англаш, илм-фан ва маърифатнинг цивилизация тараққиётидаги ўрнини ҳис этиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш учун ҳам муҳим маънавий-маърифий майдон вазифасини ўтайди.
Ташриф якунида АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Самир Пол Капур Ислом цивилизацияси марказидан олган таассуротлари юксак эканини қайд этиб, ушбу маскан бой тарихий меросни замонавий музей технологиялари ва таъсирчан тақдимот усуллари орқали жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати