حدثنا الحسن بن علي بن عفان العامري نا الحسن بن عطية عن الحكم عن قتادة عن سالم عن أبيه قال: لقي عبد الله رجلا فقال: السلام عليكم يا ابن مسعود فقال عبد الله: صدق الله ورسوله قال رسول الله صلى الله عليه وعلى آله وسلم: ”إن من أشراط الساعة أن يمر الرجل في المسجد لا يصلي فيه ركعتين ولا يسلم إلا على من يعرف وأن يبرد الصبي الشيخ.“
Солим отасидан ривоят қилади: “Абдуллоҳ бир кишига дуч келиб қолди. У: “Ассалому алайкум, эй Ибн Масъуд”, деди. Абдуллоҳ: “Аллоҳ ва Унинг расули рост сўзлаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васаллам: “Кишининг масжид ичидан ўтиб, икки ракат намоз ўқимаслиги, фақат таниган кишиларигагина салом бериши ва ёш гўдак (ўзининг бирор иши билан) қарияни элчи қилиб юбориши қиёмат аломатларидандир”, деганлар”.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Сиз ўзингизча Аллоҳни зикр қила олмаслигингизни, фақат Унинг Ўзи изн берсагина зикр қилишингиз мумкинлигини биласизми?
Сиз Аллоҳни зикр қиляпсизми, билингки, Аллоҳ таоло сиз Уни зикр қилишингизни истади. Бас, Аллоҳга ҳамд айтинг, фурсатни ғанимат билинг. Фақат сиз Уни зикр қилишингизни эмас, балки У ҳам сизни зикр қилишни истади.
Ишонинг, Аллоҳ таоло шу топда сизни исмингизни Ўзининг ҳузуридаги фаришталар олдида эсламоқда.
Қуръони каримда айтади: "Мени зикр қилинглар, шунда Мен ҳам сизларни эслайман" (Бақара сураси, 152-оят).
Ҳадиси қудсийда айтилади, Мусо алайҳиссалом: "Эй Роббим, бандаларинг орасида Сен яхши кўрадиган бандангни билсам эдим, мен ҳам уни яхши кўрар эдим", дедилар. Аллоҳ таоло деди: "Қачон бир бандамни Мени кўп зикр қилаётганини кўрсанг билгинки, Мен унга Мени зикр қилишига изн берганман. Ана ўша бандамни мен яхши кўраман. Агар банда мени зикр қилмаётганини кўрсанг билгинки, Мен уни зикримдан тўсиб қўйганман. Мен у бандани ёмон кўраман".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ