1. Азон эшитган киши муаззин айтган калималарни қайтаради. Азонни эшитган мусулмон киши уни диққат билан тинглаши ва муаззин жумлани тугатиши биланоқ уни ичида такрорлаши даркор.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки азонни эшитсангиз, муаззин айтаётган нарсани айтинглар”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
2. “Ҳаййа ъалас солаҳ” ва “Ҳаййа ъалал фалаҳ” деганда эса “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, дейди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким чин қалбдан муаззин айтган нарсани айтиб турса ҳамда “ҳаййа ала”ларда “Лаа ҳавла ва лаа қуввата” деса жаннатга киради», дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).
3. Муаззин “Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ” лафзини айтганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнгра менга салавот айтинглар. Чунки ким менга бир салавот айтса, албатта, Аллоҳ унга ўн салавот айтади. Кейин менга василани сўранглар. Бас, у жаннатдаги бир манзила бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир бандагагина лозим бўлур. Ўша банда мен бўлишимни орзу қиламан. Ким менга василани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлур” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қачонки муаззиннинг овозини эшитсангиз, унинг айтганларини қайтаринг, сўнгра менга салавот айтинг. Зеро, ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот йўллайди” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таолонинг Пайғамбарга салавот йўллаши У зотни муқарраб фаришталарга мақташи, бандага салавот йўллаши унга раҳмат назари билан боқишидир.
4. Азон тамом бўлгач ушбу дуоларни ўқиш:
اللَّهُمَّ رَبِّ هَذهِ الدَّعْوَةِ التَّامَّةِ وَالصَّلاةِ القائِمةِ آتِ مُحَمَّداً الوَسِيلَةَ والفَضِيلَةَ وابْعَثْهُ مَقاماً محموداً الذي وَعَدْتَهُ
“Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазийлата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ”
“Аллоҳим! Эй ушбу етук чақириқниг, ҳозир бўлиб турган намознинг Робби! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга васила ва фазилатни ато эт. У зотни Ўзинг ваъда қилган мақоми маҳмудга етказ”.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким азонни эшитгандан кейин “Аллоҳумма, Робба ҳазиҳид даъватит таммати вас солатил қоимати ати Муҳаммаданил василата вал фазийлата вабъасҳу мақомам маҳмудан аллазий ваъадтаҳ” деса, қиёмат куни унга шафоатим ҳалол бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ رَضِيتُ بِاللَّهِ رَبًّا وَبِمُحَمَّدٍ رَسُولاً وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا
“Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу ла шарийка лаҳа ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва би Муҳаммадин Расулун ва бил Ислами дийнан”.
“Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Расулидир. Аллоҳни Робб деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар деб, Исломни дин деб рози бўлдим” (Имом Муслим ривояти).
5. Дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Муаззинлар айтган калималарни айт, қачонки охирига етсанг, сўра, берилади” (Имом Абу Довуд ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ