Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

ЮРТИМИЗДА "ДЕКЛАРАЦИЯЛАР МУЛОҚОТИ" II ХАЛҚАРО ФОРУМИ ЎТКАЗИЛМОҚДА 

12.09.2025   12458   2 min.
ЮРТИМИЗДА

#xabar #deklaratsiya #muloqot #forum

Бугун, 10 сентябрь  куни пойтахтимиздаги International hotel Tashkent меҳмонхонасида «Декларациялар мулоқоти» II халқаро форуми ўз ишини бошлади. 


 Унда нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари, таниқли уламолар, соҳа экспертлари қаторида Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар интитути директори Элдор Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Президент маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов иштирок этмоқда.


 «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2018 йил қабул қилинган «Маърифат ва диний бағрикенглик» Махсус резолюциясида мустаҳкамланган  тамойил ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси олиб бораётган изчил ишларнинг бир қисми бўлиб, 2020 йилда давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси мақсадларига эришишга хизмат қилади. 


“Диний эркинликни таъминлаш: Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва халқаро ҳамкорликнинг ўрни” деб номланган ялпи мажлисда “LYNC” ННТ (АҚШ) вакили Крис Сайпл, БАА Фатво кенгаши раиси Шайх Абдуллоҳ бин Байя, Жаҳон мусулмонлари лигаси Бош котиби Шайх Муҳаммад бин Абдулкарим Ал-Исо каби нуфузли иштирокчиларнинг чиқиш ва видеомурожаатлари тингланди. 


 Халқаро форум давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов сўзга чиқиб, иштирокчиларга ҳозирда сафарда бўлиб турган Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг салом ва табрикларини етказиб, мавзу доирасида маъруза қилди. У ўз сўзи давомида дунёнинг турли жойларида нотинчлик бўлиб турган вақтда тинчлик ва бағрикенгликка бағишланган форумнинг ўтказилиши ва унда дунёнинг кўплаб давлатларидан турли дин вакиллари жам бўлгани катта воқеа экани, бу ерга йиғилган маърифат аҳллари томонидан қабул қилинадиган декларацияни амалиётга жорий қилиш инсоният фаровонлигига хизмат қилишини таъкидлади.   


 Шунингдек, тадбир доирасида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида деклациялараро самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажрибалар намойиш этилмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
 

ЮРТИМИЗДА ЮРТИМИЗДА ЮРТИМИЗДА ЮРТИМИЗДА ЮРТИМИЗДА ЮРТИМИЗДА ЮРТИМИЗДА ЮРТИМИЗДА ЮРТИМИЗДА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Туркий давлатлар муфтийлари 10 га яқин муҳим баёнот ва фатволарни имзоладилар

14.09.2026   4453   1 min.
Туркий давлатлар муфтийлари 10 га яқин муҳим баёнот ва фатволарни имзоладилар

Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари муҳим йўналишларда 3 та баёнот ва замонавий масалаларга оид 6 та йирик фатвони имзолашди.

Жумладан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда Ислом динида инсоният фаровонлигига хизмат қилувчи барча илмий ва технологик ютуқлар қўллаб-қувватланиши билан бирга, улар юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида ривожланиши шартлиги таъкидланди.

«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» тўғрисидаги баёнотда Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтириб, қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай шахс мусулмон ҳисобланиши ҳамда қилган гуноҳи ёки амалдаги нуқсони туфайли уни куфрда айблаш (такфир қилиш) қатъиян ман этилиши айтилди. Шунингдек, Туркий давлатлар уламолари ушбу баёнотда жамиятда фитна, қон тўкилиши ва низоларга сабаб бўлувчи такфирчилик оқимларига қарши илмий-маърифий курашни кучайтириш, уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.

«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» баёнотида Ислом таълимотига кўра, оила никоҳ асосига қуриладиган, соғлом авлод ва жамият давомийлигини таъминловчи, инсонга руҳий хотиржамлик ҳамда ахлоқий тарбия берувчи муқаддас муассаса эканига урғу қаратилди. Муфтийлар оила институтини ҳимоя қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш ва миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда бирдамликка чақирдилар.

Шунингдек, муфтийлар томонидан «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ва такфир масаласига доир 6 та фатво матни имзоланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари