Хабар берганимиздек, яхши ният ила юртимиздан умра сафарига отланган навбатдаги гуруҳ зиёратчилари эсон-омон Жидда шаҳрига етиб келди. Бу ерда уларни мутасаддилар кутиб олиб, замонавий автобусларларга ўтказиб, Мадинаи мунавварага кузатишди.
Зиёратчиларимиз Пайғамбаримиз алайҳиссалом шаҳарларига боргунга қадар Саудия Арабистонининг машҳур тансиқ таомларидан бири – Албайкни тановвул қилиб, чанқоқбосди салқин ичимликларни ичиш билан бирга тажрибали элликбошилардан маърузалар тинглаб, дуою зикрлар ила руҳий озуқа олдилар.
Мадинаи мунавварада ҳам юртдошларимиз муносиб кутиб олинди. Сўнгра меҳмонхона ошхонасида тушлик қилиб, ўзларининг шинам хоналарига жойлашдилар.
Иккинчи куни эрта тонгдан зиёратчиларимиз Масжидун Набавийда бомдод намозини адо этиб, Равзаи шариф зиёрати, муборак шаҳардаги Уҳуд тоғи, Қубо масжиди зиёратига бордилар, Хурмо боғларида сайр қилиб, янги хурмо меваларидан едилар.
Ислом тарихида катта ўринга эга бўлган бу маконларни ўз кўзлари билан кўрган, гуруҳбошиларидан улар ҳақидаги воқеаларни тинглаган зиёратчилар гўёки ўзларини Саодат асрига тушиб қолгандек ҳис қилиб, бир олам таассурот, илму ихлослари зиёда бўлган ҳолда меҳмонхонага қайтди.
Айни пайтда ҳамюртларимиз шавқу завқ ила ибодат ва зиёратларни давом эттирмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, доцент Азалшоҳ Ҳамроев ҳаммуаллифлигида «Бухоро: шарафли ўтмишдан буюк истиқбол сари» номли салмоқли китоб-альбом чоп этилди.
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги нуфузли «Mega basim» нашриётида юқори полиграфик сифатда чоп этилган ушбу 384 бетлик асар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган.
Китоб-альбомда Ислом цивилизацияси бешикларидан бири бўлган кўҳна Бухорои Шарифнинг уч минг йиллик шонли тарихи, бой маънавий-маданий мероси, шунингдек, буюк алломалар юртидаги муқаддас қадамжоларнинг ўрни алоҳида эътироф этилган.
Шу билан бирга, нашрда Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари ва ижтимоий тараққиёт юқори сифатли суратлар, аниқ маълумотлар ҳамда илмий асосланган матнлар орқали очиб берилган.
Мазкур нашр нафақат тарихий ва маърифий меросни ўрганишда қимматли манба, балки юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва маънавий юксалишнинг ёрқин кўзгуси бўлиб хизмат қилади.
Янги китоб-альбом маърифатпарвар халқимиз ва китобхонларга муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати