Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона бўлими бошлиғи, Тошкент ислом институти Тиллар кафедраси катта ўқитувчиси Камолиддин Зиёдуллоҳ томонидан нашрга тайёрланган «Сарф фанидан амалий машғулотлар дафтари” чоп этилди.
Биринчи ва иккинчи дафтарлардан ташкил топган ушбу қўлланма сарф фанини ўрганишга қизиқувчилар учун манба бўлиб, араб тилидаги барча сарф дарсликларига умумий татбиқ қилинадиган йўриқномаларни ўзида мужассам этган.
Маълумки, Сарф фани араб тилини мукаммал ўзлаштиришда беқиёс аҳамиятга эга. Бу фан калималарнинг тузилиши, ўзгариш қоидалари ва турли шакллардаги маъноларни тўғри англашга йўл очади.
Араб тилини ўрганувчилар, хусусан сарф қоидаларини осон, тушунарли ва самарали тарзда ўзлаштиришга ёрдам бериш мақсадида тасниф қилинган мазкур дафтарларда сарф фанидаги жами 22 боб ва уларнинг қисмларига оид 133 та машқ, туслаш учун жадваллар берилди. Ҳар бир машқ ўқувчини назарий билимдан амалиётга ўтказиб, илмларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати