Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Хотиржамлик ва осойишталик – юксалишлар асоси

22.09.2025   15886   2 min.
Хотиржамлик ва осойишталик – юксалишлар асоси

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаган: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208 оят).

Тинчлик Аллоҳ таоло бутун инсониятга инъом этган энг улуғ неъматдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам тинчлик ва хотиржамлик ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар”  Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб неъматларни ато қилди. Шу билан бирга берган неъматларига шукр айтишга ҳам буюриб, муборак каломида шукр қилувчиларга неъматларини янада зиёда қилиш ваъда қилди:

Аллоҳ таоло Қурьони каримда шундай марҳамат қилади: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7-оят).  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирор хурсандчилик иш бўлса ёки хабар беришса Аллоҳга шукр қилиб сажда қилар эдилар.  Демак, Парвардигоримиз биз бандаларга берган тансиҳатлик, фаровонлик, бахту саодат, тинчлик ва осойишталик каби улуғ неъматларга шукр айтсак, қадрига етсак – Аллоҳ буни неъматни бардавом этади.

Шундай экан, Яратгандан бир-биримизга тинчлик, амният, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин. Юртимизни тинч, меҳнатсевар халқимиз ҳаётини фаровон айласин!

Абдулбосит Хамдамов, Янги Наманган тумани

"Усмон Зуннуройн" жоме масжиди имом хатиби

Манба: @SOFTALIMOTLAR

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“The Jordan Times”: Тошкентда ислом цивилизацияси ва янги кашфиётларга бағишланган халқаро медиа форуми ўтказилади

24.08.2026   29552   1 min.
“The Jordan Times”: Тошкентда ислом цивилизацияси ва янги кашфиётларга бағишланган халқаро медиа форуми ўтказилади

Иорданиянинг  нуфузли “The Jordan Times” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада ёзилишича, тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, етакчи экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу форум дастуридан ялпи мажлислар, медиа кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари ва замонавий технологиялар, халқаро медиа лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар учун жаҳон медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа ишлаб чиқариш ва халқаро ахборот маконида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тажриба алмашади.

Нашрда қайд этилишича, форум иштирокчилари 27 август куни Самарқандга саёҳат қилишади. Сафар доирасида меҳмонлар Имом ал-Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, шаҳарнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкентда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатур ўтказилиши режалаштирилган.

Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланади. Меҳмонлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари