Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида «Ал-Урз ва ал-Кабаб» номли биринчи ўзбек тамаддихонаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ресторан Саудия Арабистони аҳолиси ва дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонлар учун ўзбек миллий таомлари, халқимиз анъаналари ва маданияти билан яқиндан танишиш нуқтасига айланади.
Эътиборлиси, бу ерда мижозларга таклиф этилаётган таомлар миллий услубда ишлаган идишларга тақдим этиляпти. Рестораннинг барча бурчаклари махсус мониторлар билан жиҳозланган бўлиб, уларда хорижлик меҳмонларга мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳарлари, урф-одатлари, сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги видеороликлар намойиш қилинмоқда.
Мазкур мажмуа Саудия Арабистонидаги ватандошларимиз Аброр Акмалов ва таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий томонидан ташкил этилди.
Уларнинг айтишича, ушбу ресторан ўз мижозлари сонин кенгайтирганидан кейин, Жидда ва Маккада филиал очиш режалаштирилган.
Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари тадбиркорларга ресторанни тарғибот материаллари билан таъминлашга ёрдам бермоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бухоро вилоятида янги жоме масжидларини барпо этиш ва ободонлаштириш ишлари изчил давом этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Жобир домла Элов Когон шаҳри ва Когон туманида қурилаётган икки масжидда бўлиб, қурилиш ишларининг бориши билан танишди.
Дастлаб Когон туманидаги “Хўжа Каъбул Ахбор Вали” жоме масжидининг янги биносида олиб борилаётган қурилиш ишлари кўздан кечирилди. Ташриф давомида масъуллар билан қурилиш жараёни муҳокама қилиниб, ишларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли тавсия ҳамда таклифлар берилди.
Лойиҳага кўра, янги масжид хонақоҳи ва кенг ҳовлиси билан биргаликда 1000 нафардан зиёд намозхонни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. Мажмуа таркибида муҳташам гумбаз, замонавий таҳоратхоналар, маъмурий бинолар, янги дарвоза, автотураргоҳ ҳамда кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар барпо этилади. Шунингдек, масжид ҳудудидаги тарихий ҳовуз ва қадимий қудуқни реставрация қилиш ишлари ҳам амалга оширилиши режалаштирилган.
Шундан сўнг Когон шаҳрида барпо этилаётган “Ҳазрати Билол” жоме масжидида ҳам қурилиш ишларининг бориши ўрганилди. Масъулларга қурилиш сифатини янада ошириш, меъморий ечимларга алоҳида эътибор қаратиш ва ишларни ўз вақтида якунлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Лойиҳага мувофиқ, мазкур масжид шарқона миллий меъморий услубда қурилиб, 900 нафар намозхонга мўлжалланади. Мажмуада кутубхона, омборхона, 20 кишилик таҳоратхона, маъмурий хоналар, баланд гумбаз, икки пештоқли кириш дарвозаси ҳамда баландлиги 33 метр бўлган минора барпо этилади. Шунингдек, автотураргоҳ, ҳовуз ва яшил ҳудудлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Қайд этилганидек, қурилиш ишлари масжидларнинг ҳисоб рақамларига тушаётган маблағлар ҳамда саховатпеша ҳомийларнинг хайриялари асосида амалга оширилмоқда.
Янги масжидлар юртимизда диний-маърифий муҳитни янада мустаҳкамлаш, аҳолига муносиб ибодат шароитларини яратиш ва миллий меъморчилик анъаналарини асраб-авайлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Аллоҳ таоло ушбу хайрли бунёдкорлик ишларини баракали қилиб, уларнинг муваффақиятли якун топишини насиб этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати