Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида «Ал-Урз ва ал-Кабаб» номли биринчи ўзбек тамаддихонаси очилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ресторан Саудия Арабистони аҳолиси ва дунёнинг турли бурчакларидан келган меҳмонлар учун ўзбек миллий таомлари, халқимиз анъаналари ва маданияти билан яқиндан танишиш нуқтасига айланади.
Эътиборлиси, бу ерда мижозларга таклиф этилаётган таомлар миллий услубда ишлаган идишларга тақдим этиляпти. Рестораннинг барча бурчаклари махсус мониторлар билан жиҳозланган бўлиб, уларда хорижлик меҳмонларга мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, шаҳарлари, урф-одатлари, сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги видеороликлар намойиш қилинмоқда.
Мазкур мажмуа Саудия Арабистонидаги ватандошларимиз Аброр Акмалов ва таниқли ошпаз Баҳриддин Чустий томонидан ташкил этилди.
Уларнинг айтишича, ушбу ресторан ўз мижозлари сонин кенгайтирганидан кейин, Жидда ва Маккада филиал очиш режалаштирилган.
Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консуллиги ходимлари тадбиркорларга ресторанни тарғибот материаллари билан таъминлашга ёрдам бермоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Иқтисодиёт ва тинчлик институти (Institute for Economics & Peace — IEP) томонидан эълон қилинган «Global Peace Index 2026» рейтингида Ўзбекистон 163 давлат орасида 37-ўринни эгаллади. Мамлакатнинг умумий кўрсаткичи 1,726 баллни ташкил этди, хабар бермоқда ЎзА.
Эътиборлиси, Ўзбекистон бир йил ичида рейтингда сезиларли юқорилаган. 2025 йилда мамлакат 67-ўринда қайд этилган бўлса, 2026 йилда 37-поғонага кўтарилди. Бу бир йилда 30 поғона юқорилаш дегани.
Ўзбекистон нафақат глобал рейтингда юқори ўринни эгаллади, балки Марказий Осиё давлатлари орасида ҳам биринчи бўлди. Рейтингда Қозоғистон 44-ўринни, Тожикистон 47-ўринни, Қирғизистон 61-ўринни, Туркманистон эса 66-ўринни эгаллаган.
Шу тариқа, Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорлик даражаси бўйича қўшни давлатлар орасида энг юқори кўрсаткични қайд этди.
Ўзбекистоннинг “Global Peace Index 2026” рейтингида 37-ўринни эгаллаши мамлакатнинг халқаро туристик имижи учун ҳам муҳим ижобий кўрсаткич ҳисобланади.
Самарқанд ва Бухоронинг тарихий мероси, Хиванинг бетакрор муҳити, Тошкентнинг замонавий қиёфаси сайёҳларни жалб қилса, мамлакатдаги тинчлик ва хавфсизлик уларнинг Ўзбекистонни саёҳат манзили сифатида танлашини янада рағбатлантириши мумкин.
67-ўриндан 37-ўринга кўтарилиш эса Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда тинч, хавфсиз ва барқарор мамлакат сифатидаги имижи мустаҳкамланаётганини кўрсатувчи муҳим натижалардан бири.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати