Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июн, 2026   |   8 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:04
Хуфтон
21:46
Bismillah
23 Июн, 2026, 8 Муҳаррам, 1448

Одобсизлар нажот топмаган

25.09.2025   5706   1 min.
Одобсизлар нажот топмаган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло осий ва гуноҳкор бандага муҳлат беради. Ҳатто одамлар Аллоҳнинг меҳрибонлигидан ҳайратланишади. Аммо Парвардигорга нисбатан одобсизлик қилганларнинг бирортаси нажот топганини эшитмаганмиз.
Намрудга, Фиръавнга боқинг, Қорунга, Од, Самуд, Лут қавмларига назар солинг. Шунда Аллоҳнинг юқоридаги қонунини кўрасиз, Унинг қудрати ажойиботларининг гувоҳи бўласиз.
Аллоҳ таоло Ўзининг мулки борасида курашган золимларни яксон қилган. Қудратини менсимаганларга улуғлигини кўрсатиб қўйган.

Нуҳ алайҳиссалом кемасидан кейин “Титаник” тарихда энг машҳур бўлди. Унинг ясалишини ҳандасадаги мўъжиза, кемасозликдаги буюк ғалаба, дейишганди. Бу кеманинг узунлиги 269 метр, кенглиги 28,19 метр, баландлиги 18,5 метр бўлган. Унда 885 та экипаж аъзосидан ташқари 2435 йўловчи жойлашиши мумкин эди.

Тарихдаги иккинчи машҳур кема денгиздаги илк сафаридаёқ ғарқ бўлди. “Титаник” илк сувга туширилганда мухбирлар кема муҳандиси Томас Эндрюсга кеманинг қуввати ва хавфсизлиги ҳақида саволлар беришди. Томас Эндрюс бундай деди: “Бу кема чўкмайди. Уни ҳатто Яратган ҳам чўктира олмайди!”.
Озгина муддатдан кейин Томас Эндрюс Аллоҳнинг қудратига гувоҳ бўлди.


Бразилия президенти Танкреду Невис сайловдаги орзулари ҳақида гапириб: “Агар беш юз минг овоз тўпласам, ҳатто Яратган ҳам мени президентлик курсисидан йиқита олмайди!” деган эди. Невис ўзи айтган овозни тўплади. У хизматга тайинланишидан бир кун олдин беморликка йўлиқди. Бир ой ўтиб, вафот этди. Президентлик курсисига бир кун ҳам ўтира олгани йўқ!

Абдулқодир ПОЛВОНОВ

 

Бошқа мақолалар

Отамдан қолган сабоқлар: Онамга бирорта марта овозимни кўтарганим йўқ

22.06.2026   6700   2 min.
Отамдан қолган сабоқлар: Онамга бирорта марта овозимни кўтарганим йўқ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ўсмир эдим. Ўсмирлик шундай даврки, инсон ўзини катта бўлиб қолган, ҳеч ким унга тенг келолмайдигандек ҳис қилади.

Бир куни онам билан орамизда келишмовчилик чиқди. Аниқ нима сабаб бўлганини эслолмайман, лекин бир нарсани яхши эслайман: мен онамга овозимни баландлатган эдим.

Отам ишдан уйга қайтгач, онам унга бўлган воқеани айтиб берди. У мени дарҳол чақирди:

– Гаплашайлик, – деди.

Биз меҳмонхонада ёлғиз қолдик. Отам, Аллоҳ раҳмат қилсин, кўп гапирадиган инсон эмас эди. Аммо у гапирса, сўзлари олтиндек қадрли бўларди.

У аввал менинг гапларимни, вазиятга менинг кўзим билан қараб тинглади. Сўнг бироз сукут сақлаб:

– Ўғлим, эҳтиёт бўл. Онангга овозингни кўтаришингдан бошқа ҳамма нарсани тушуниш мумкин. Аммо бунга йўл қўймайман. Агар ўзингни тарбиялай олмасанг, сени тартиб-интизом ўргатиладиган жойга юбораман. У ерда сенга одоб ва ҳурматни ўргатишади. Тушундингми? – деди.

Шу билан суҳбат тугади.

Шундан сўнг онамга бирорта марта овозимни кўтарганим йўқ.

Отам уришмади, менга бақирмади ҳам. Аммо бир неча сониялик қатъий сўзи билан ҳаётим давомида ўтиб бўлмайдиган чегарани белгилаб қўйди.

Бугун, орадан йиллар ўтиб, ўша лаҳзани эслар эканман, ўсмирлик даврида отанинг қандай катта қалқон эканини тушунаман.


Она – оиладаги меҳр ва ҳурматни сақловчи зот. У жонини хавфга қўйиб фарзандни дунёга келтиради, тунларини бедор ўтказади, чарчоқларини яширади...

Аммо айрим фарзандлар улғайгач бу қийинчиликларнинг барчасини унутиб, онасига бепарво муносабатда бўлади. Ана шундай пайтда отанинг ҳақиқий вазифаси намоён бўлади.

Ҳақиқий ота қўпол бўлиши билан эмас, балки керакли пайтда қатъиятлиги билан оиласини ҳимоя қилади.

Ота – оиланинг умуртқа поғонасидир. Агар у заифлашса, бутун оила зарар кўради.


Бугун англаяпманки, отамнинг ўша куни айтган сўзлари таҳдид эмас, балки онамни ҳимоя қилиш эди. Бу – мени келажакда ҳурматли инсон бўлиб улғайишим учун қилинган ҳимоя эди.

Отам ҳақида қанча шеър ёзмайлик, қанча сўз айтмайлик, унинг қадрини тўлиқ ифодалаб бўлмайди. Шунинг учун отангиз борида унинг қадрига етинг. Унинг кетишини кутманг. Чунки айрилиқдан кейинги кўз ёшлар тирикликдаги меҳрнинг ўрнини боса олмайди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД