Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Шайх имом Абулқосим Қушайрий раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинади. У зотнинг фарзанди қаттиқ касал бўлгани ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Ҳатто умидсизланиб қолдим, бу иш (ўғлимга етган хасталик) менга жуда азоб берди. Шунда тушимда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим. У зотга ўғлимнинг хасталигидан шикоят қилдим. Шунда у зот: “Қуръонда шифо оятлари бор-ку, эътибор қилмадингми?” дедилар. Уйғониб кетдим, улар ҳақида тафаккур қилдим. Ушбу мазмундаги оятлар Аллоҳнинг Китобида олтита ўринда келар экан:
1. "(Аллоҳ) мўминлар жамоасининг кўнгилларига шифо (ҳузур-ҳаловат) бергай" (Тавба сураси, 14-оят).
2. "Эй инсонлар! Роббингиздан сизларга бир насиҳат, диллардаги нарсаларга (ёмон туйғулар, шаҳват, ботил ақийда, дард ва қийноқларга) шифо ҳамда мўминларга (тўғри йўлни кўрсатувчи) ҳидоят ва раҳмат (бўлган Қуръон) келди" (Юнус сураси, 57-оят).
3. "Уларнинг (асалариларнинг) қоринларидан ранго-ранг бир ичимлик (асал шарбати) чиқадики, у инсонлар учун шифо (манбайи)дир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун ибрат (ва Аллоҳнинг қудратига ишора) бордир" (Наҳл сураси, 69-оят).
4. "Биз Қуръондан мўминлар учун (руҳий ва баданий касалликларига) шифо ва раҳмат бўладиган нарсаларни нозил қилурмиз" (Исро сураси, 82-оят).
5. “Бемор бўлган вақтимда менга шифо бергувчи У (Аллоҳ)дир” (Шуъаро сураси, 80-оят).
6. "У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир" (Фуссилат сураси, 44-оят).
У киши сўзларида давом этиб айтадилар: “Оятларни бир қоғозга ёзиб чиқдим ва уни сувда эритиб, аралаштирдим. Сўнгра уни ўғлимга ичирдим. Шундан сўнг у боғичи ечилгандек бўлиб, фаол ва соғлом бўлиб кетди”.
Шайх Набиҳаний раҳимаҳуллоҳнинг
“Саъадату дарайн” китобидан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен жунуб ҳолатида соч ва шу кабиларни тозалаб бўлмаслиги ҳақида эшитганман. Лекин бир дўстим, ундай гап йўқ, олса бўлаверади, деди. Аслида жунуб ҳолатда соч, тирноқ ва киндик ости тукларини олса бўладими ёки йўқми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жунублик ҳолатида соч ва тирноқ олиш ҳамда бадандаги ортиқча тукларни тозалаш макруҳ ҳисобланади. Бу ишнинг макруҳлигига фақиҳларимиз, Аллоҳ таоло уларни раҳматига олсин, далил ўлароқ “Шарҳи ширъатил ислом” китобида келган қуйидаги ҳадисни келтирадилар: “Ким ғусл қилишдан олдин тукларини олса, ҳар бир соч толаси (қиёмат куни) келиб: "Эй Роббим! Нима сабабдан мени покламай туриб, олиб ташлаганини ундан сўра”, дейди.
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ ҳам “Иҳё улумиддин” китобида тук, тирноқ каби танадан нопок ҳолда ажратилган нарсалар қиёмат кунида даъво қилиши ҳақидаги ривоятни келтирганлар.
Фуқаҳоларимиз бирор масалага жоиз ёки ножоиз деб ҳукм айтган бўлсалар, албатта, маълум бир далилга асосланадилар. Шу сабабли мўътабар китобларимизда келган гапларга амал қилиш энг тўғри йўл ҳисобланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази