Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Одамнинг қиёмат куни қайта тирилтирилиши ҳақидаги ҳадиси шарифларда келган баённи ҳозирги замон илми тасдиқлади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «كُلُّ ابْنِ آدَمَ تَأْكُلُهُ الْأَرْضُ، إِلَّا عَجْبُ الذَّنَبِ، مِنْهُ خُلِقَ، وَفِيهِ يُرَكَّبُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ وَمَالِكٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одам боласнинг ҳамма жойи ер еб битиради, фақат ажбуз-занаб* чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, (қиёмат куни) яна ундан яратилади».
Имом Бухорий, Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа, Аҳмад ва Молик ривоят қилишган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «وَلَيْسَ مِنَ الْإِنْسَانِ شَيْءٌ إِلَّا يَبْلَى، إِلَّا عَظْمًا وَاحِدًا، وَهُوَ عَجْبُ الذَّنَبِ، وَمِنْهُ يُرَكَّبُ الْخَلْقُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий алайҳиссалом шундай дедилар: «Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани – «ажбуз-занаб» деб аталувчи суякдир. Қиёмат куни махлуқотлар ўшандан тикланади».
Муслим ривоят қилган.
Ушбу икки ҳадисда келган маънодаги гапни тасдиқловчи яна бир қанча ҳадислар ҳам келган.
Бунинг устига, олимлар мазкур «ажбуз-занаб»ни топиб, синаб кўришган, уни ҳеч нарса билан йўқотиб бўлмаган.
Мусулмон кишининг одоби саҳиҳ ҳадисда келган гапни гап-сўзсиз тасдиқлашдир. «Мен бунга ишонмайман», дейишнинг ўрнига «Буни тушуниш учун менинг илмим етмаяпти», дейиш керак.
Бундан бир неча йил олдин Кувайтда «Қуръони Карим ва Суннатдаги илмий мўъжизалар» борасидаги саккизинчи умумжаҳон илмий анжумани бўлиб ўтди. Ўша анжуманда АҚШдан келган катта илмий гуруҳ ушбу ҳадис ҳақида янги оламшумул кашфиёт қилганини эълон қилди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан бир минг тўрт юз йил илгари айтган ҳадислари илмий мўъжиза экани, бу ҳадис у зотнинг ҳақиқий пайғамбар эканларига далил бўлишини таъкидладилар.
Маъруза қилган ғайримусулмон одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар тилга олганида у зотга араб тилида салавот ва салом айтиб сўзлади. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари юзасидан эркакларнинг уруғлигида тажриба ўтказишибди. Бир уруғликнинг думини – «ажбуз-занаб»ини кесиб олиб, бошқа уруққа ёпиштиришибди. Ўша уруғни урчитишган экан, биринчи уруғ эгасига ўхшаш бола туғилибди. Бундан улар «ажбуз-занаб» инсоннинг коди экан, деган хулосага келибдилар.
Доктор Усмон Жийлоний ва шайх Абдулмажид Зиндонийлар ҳам 2003 йилнинг Рамазон ойида Санодаги Зиндонийнинг уйида думғаза билан бир неча илмий тажрибалар олиб боришди. Умуртқа думғазаси тўла аланга олиб ёнмагунича газ алангасига ўн дақиқа тутиб турилди (суяк олдин қизил рангга киргунча ловуллаб ёнди, кейин эса қорайиб кетди).
Улар куйдирилган бўлакларни стерилланган колбага (лаборатория шиша идишига) солиб, Санодаги машҳур илмий-тадқиқот лабораториясига (ал-Олакий лабораториясига) олиб боришди. Гистология ва патология профессори доктор Олакий тўқима бўлакларни ўрганиб, унинг куйдирилгани думғазанинг суяк тўқималарига таъсир қилмаганини айтади, яъни улар куйдирилгани билан ўзгармаган (фақат мушак, ёғ тўқимаси ва илик куйган, думғаза суякларининг ҳужайраларида эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган).
“Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар” китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Югуриш жисмоний машқларнинг қироли бўлиб, энг қадимий спорт турларидан бири ҳисобланади.
Манбаларда келтирилишича, саҳобалар ўзаро югуриш мусобақасини ўтказишар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламбуни кузатиб турардилар. Ҳадиси шарифларда Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу чопағон бўлганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан Мадинага қайтаётганларида саҳобалар югуришда ўзаро мусобақалашишганда барчадан ўзиб кетганлари ривоят қилинган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлолари Заквон тез югириши билан машҳур бўлган. У киши Макка билан Мадина ўртасидаги – тақрибан 500 километр – йўлни бир кеча кундузда босиб ўтган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзлари ҳам аҳллари билан югуришда мусобақалашганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан (югуришиб) мусобақалашган эдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бироз вақтдан кейин гўштим ортганди, яъни, семириб қолгандим яна мусобақалашдик. У зот мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: “Буниси униси билан тенг”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Мазкур ҳадис мусулмон киши ўз аҳллари билан ўзаро мусобақалашиши, маҳрам эркак ва аёллар номаҳрамлар кўзи тушмайдиган жойда жисмоний машқларни бажариши жоизлигига далилдир. Шунингдек, бу каби мусобақалар кишининг виқори, обрўси, фазилатига ҳеч қандай таъсир этмайди. Ҳамда мусобақалашувчиларнинг ўрталаридаги ёшнинг тафовути ўзаро беллашувга монелик қилмайди. Зеро, ҳадиси шарифда келтирилганидек, ўша пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари элликдан ўтган, Оиша розияллоҳу анҳо эса ёш қиз бўлганлар.
Ҳар бир оилада айниқса, ёшлар ўртасида бу каби мусобақаларни ташкил этиш оилавий муҳитнинг мустаҳкамланиши ва жамиятда соғлом авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди