Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳақиқатда нафсни тарбиялаш ва тозалашдаги энг аниқ йўл унинг ўз эгасига нима деяётгани ва уни нималарга буюраётганини муҳосаба (ҳисоб-китоб) қилиб, назоратга олишдадир. Агар ўз-ўзини назорат этиш қобилиятига эга ишончли вакилингиз бўлса, уни кузатиб, текшириб юрмайсиз. Мабодо ўзини ўзи назорат қилолмайдиган бўлса, у ҳолда уни текшириб, назорат қилиб туришингиз табиий ҳол. Худди шу гапни сизнинг Аллоҳ учун бажараётган амалларингиз ҳақида ҳам айтиш мумкин. Шундай экан, у ёки бу ишни бажараётганингизда Аллоҳ буни мендан сўрамайди, деган фикрдан йироқ бўлинг.
Ўзини назорат этиш усули Аллоҳни таниш мақомига етган буюклар анъанасидир.
Замоналарида етти абдолнинг[1] бирлари бўлган шайх Макинуддийн ал-Асмар марҳамат қиладилар:
“Йўлимнинг бошланишида (тариқатга янги кирган пайтимда) мен тикувчи бўлиб ишлардим. Шунда мен кун бўйи айтган сўзларимни санай бошладим. Ҳар куни кеч кирганида текшириб, кўп гапириб қўймаганлигимга ишонч ҳосил қилар эдим. Яхши сўзларим учун Аллоҳга ҳамду сано айтардим. Қолганлари учун истиғфор айтиб, тавба-тазарру қилардим”.
Шу одатларида буюк тақводорлар даражасига етишгунларига қадар давом этган эканлар.
Абу Хафс ал-Ҳаддод ан-Нишопурий қуддиса сирруҳу дейдилар:
“Инсон нафси бошдан охир, бутунлай қоронғуликдир. Бу нафснинг қандили унинг сиридир. Бу қандилнинг ёғдуси Аллоҳнинг қўллаб қувватлаши – тавфиқидир”.
Олим “Бу нафснинг қандили унинг сиридир” деганида Аллоҳ билан банда ўртасидаги сирни назарда тутади. Чин ихлос ва самимият манбайи бўлган бу сир туфайли банда ҳеч бир иш ўз-ўзидан рўй бермаётганини, балки қудрат соҳиби Аллоҳнинг иродаси билан содир бўлаётганини англаб етади ва иқрор бўлади. Натижада у яхшилик қилишга ёки ёмонликни тарк этишга ўзининг вужудида бирор бир куч-қудрат йўқлигини англаб етади. Шундан сўнггина банда Аллоҳ ёрдами билан ўз нафсининг ёмонликларидан фориғ бўлади[2].
Шунинг учун шайхлар марҳамат этадилар:
“Кимда сир бўлмаса гуноҳда қаттиқ тураверади”.
Тарбият ва тўғирлаш мақсадида насиҳат ҳамда эслатиш йўли билан ўз нафсини уйғотиш банданинг ўз-ўзини назорат этишини мувофиқлаштирувчи энг ҳаққоний омилдир. Шу сабаб тақводорлардан бири ўз нафсига мурожаат этиб шундай деган экан:
“Эй нафсим! Нечун ўтган қавмларнинг ҳолига эътибор этмайсан, улар қандай ва қанчалар уйлар, ҳовлилар қурдилар, сўнг буларнинг барчасини қолдириб, бу оламни тарк этдилар! Яратган уларнинг еру биноларини душманларига қолдирмадими?! Ахир кўрмаяпсанми, одамлар тўплайдилару ейишга улгурмайдилар, қурадилару яшашга фурсатлари қолмайди, етиб бўлмайдиган орзу-ҳаваслар қиладилар! Эй менинг нафсим, ишларинг кўп ғалати! Нечун сен бу очиқ-ойдин далилларни кўрмайсан?! Эй менинг нафсим! Балки сен жамиятдаги юксак аҳволингдан бошинг айланиб, маст бўлиб қолгандирсан ва шунинг учун бу ҳолларга тушунмаётгандирсан?!
Ахир англаб етмаяпсанми, шуҳратпарастликдан мурод фақат одамлар эътиборини қозониш, улар кўнглини мойил қилишдан иборатдир. Ҳатто барча одамлар қошингда итоаткорона эгилиб, таъзимда турсалар-да, бирор эллик йил ўтгач, бу дунёда сен ҳам ўша таъзимчилар ҳам қолмайди-ку?! Шундай вақт келадики, ҳатто сени эслаб ҳам қўйишмайди. Эй нафс! Наҳотки мангуликни қандайдир муваққат йўқ бўлиб кетгувчи эллик йилга алмаштирсанг?! Эй нафс, уялмайсанми?! Ташқи кўринишингни одамлар учун безайсан, пинҳон гуноҳлар қилиб, Яратганга қарши борасан!.. Ҳайф сенга!.. Увол!.. Наҳот сенга қараб турганлар ичида ҳамадан ёқимсизи сен учун Аллоҳ бўлса?![3] Ҳолингга вой сени, эй нафс! Ўзингни ким деб ўйлаяпсан?! Эй кошки одамлардан сенга келадиган ва етадиган барча мусибат ва бахтсизликлар фақат бадхулқлигинг туфайли эканини билсанг эди!..
Ғалати ҳол, сен дунё бойлигининг кўпайиши билан қувонасан, аммо сенга ажратилган кунлар тобора камайиб бораётганидан қайғурмайсан ҳам! Мўл-кўллигинг янада ортиб, фаровонлигинг ўсиб бораётганидан не нафки агар ҳаётинг, умринг янада қисқариб кетаётган бўлса?!”
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
[1] Абдоллик — авлиёликнинг юқори даражаларидан бири бўлиб, абдоллар шу даражага етган авлиёлардир ва ҳамма замонда улар етти нафарни ташкил этадилар — Таҳририят.
[2] Яъни қул гуноҳкорлиги, заиф-ожизлигига Аллоҳ қошида иқрор бўлиб, Эгасидан пинҳоний ёрдам сўраганида Яратган уни нафсининг зулмидан – худбинлигидан ҳимоя этади. Барчаси мана шу сирга – қул ожизлигидан Хожасига иқрор бўлганида Аллоҳдан келадиган ёрдамга асосланган.
[3] Яъни сен одамлар қарайдиган нарсаларингни тартибга келтирасан, Аллоҳ назар соладиган кўнглингни – ички дунёингни, маънавий оламингни эса қаровсиз, гуноҳ кирлари, ифлосликлари билан қолдирасан – Муҳаррир.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳу икки кишини кўриб, уларнинг биридан: «Бу сенга ким бўлади?» - деб сўрадилар. У: «Отам», - деб жавоб берди. Шунда у зот: «Унинг исмини айтиб чақирма, олдида юрма ва ундан аввал ўтирмагин», дедилар.
Имом Бухорий ривояти.
***
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Ким отасига кўз қири билан (менсимай) қараса, унга оқ бўлибди».
Изоҳ: «Оқ бўлиш» ибораси араб тилида «кесиш», «узиш» деган маънони билдиради, шаръий истилоҳда эса ота-онага азият бериш, маъсият бўлмаган ишларда уларга итоатсизлик қилиш, уларни ғазаблантириш, норози қилиш, улардан алоқани узишга айтилади. Бинобарин, уни қандайдир қарғишга қолиш, бирор касалликка гирифтор бўлиш маъносида тушунмаслик керак.
***
Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр айтади: «Отам вафот этганда бир йил давомида Аллоҳдан фақатгина отамни афв этишини сўрадим».
***
Умар ибн Абдулазиз Ибн Меҳронга шундай деган: «Ота-онасига оқ бўлган кимса билан дўстлашмагин. Чунки уларга оқ бўлган кимса сени ҳам ҳаргиз рози қилмайди».
***
Авн ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ айтади: «Отанг яқин бўлган кишилар билан боғлангин».
***
Имом Мужоҳид айтади: «Кимни отаси урса, унинг қўлини қайтариши мумкин эмас. Ким ота-онасига тик қараса, уларга яхшилик қилмабди. Ким ота-онасини хафа қилса, уларга оқ бўлибди».
***
Аввом айтади: «Мужоҳиддан: «Агар намозга азон айтилса, шу пайт отам ҳам мени биров орқали чақириб қолса, қайси бирига жавоб қиламан» деб сўраган эдим. У: «Отанг (чақириғи)га жавоб бер», - деди...
***
Мужоҳид айтади: «Отанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди».
***
Собит ибн Аслам Буноний айтади: «Биров отасини бир жойда ураётган эди. «Бу нимаси?» - деб сўралди. Шунда отаси: «Қўяверинглар, худди шу жойда мен ҳам отамни урардим. Болам билан шундай балоланиб, ўзим ҳам айни шу жойда уриляпман», деди».
***
Ибн Муҳайриз айтади: «Ким отасини исми ёки лақабини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди».
***
Авн ибн Абдуллоҳ айтади: «Ота-онага термилиб боқиш ҳам ибодатдир».
***
Умар ибн Зирр раҳматуллоҳи алайҳнинг ўғли вафот этганда: «Аллоҳим, унинг менинг ҳаққимда йўл қўйган камчиликларини кечирдим. Сен ҳам вожиб ҳақларинг борасида камчиликларини мағфират қилгин», - деб дуо қилди. Шунда ундан: «Ўғлинг сенга қандай яхшилик қиларди?» - деб сўралди. У: «Кундузи фақат ортимда, тунда эса олдимда юрарди. Мен турган уйнинг тепасига чиқмас эди», - деди...
***
Муалло ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Маъмуннинг шундай деганини эшитганман: «Фазл ибн Яҳё Бармакийдан кўра отасига яхшилик қилувчироқ кишини кўрмаганман. Айтилишича, унинг отаси Яҳё фақат иссиқ сувда таҳорат қиларди. Улар иккаласи зиндонга тушиб қолганда зиндонбон уларга ҳаво совуқ бўлган куни кечаси ўтин қирқишни тақиқлаб қўйди. Шунда Фазл зиндондаги кичкина хушбўйлик солинадиган идишчага сув тўлдириб, иситиш учун шамчироққа яқин олиб борди ва эрталабгача унга тутиб турди».
Ушбу воқеани Маъмундан бошқалар ҳам келтиради: «Эртаси куни зиндонбон Фазлга шамчироқда сув иситишни ҳам ман қилди. Шунда у идишни тўлдириб, тўшагига ўради ва уни бағрига босиб илитди».
***
Муовия ибн Қуррадан, «Ўғлинг сенга қандай муомала қилади?» деб сўралган эди. У: «У жуда хам яхши фарзанддир. Менинг дунё ишларимни зиммасига олиб, охират ишларим учун фориғ қилиб қўйган».
***
Муҳаммад ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган: «Ким отасининг олдига тушиб юрса, унга оқ бўлибди. Агар унинг йўлидан азиятни кетказиш учун (олдига ўтса) ундай эмас. Ким отасининг исмини айтиб чақирса, унга оқ бўлибди. «Эй отажон» деса, ундай эмас».
«Қиблагоҳ» китоби асосида тайёрланди