Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида умматлари 73 фирқага бўлинишини ва улардан фақат биттасигина нажот топишини айтганлар. Ушбу ҳадисдан мусулмон умматида бўлиниш, оқимлар юзага келиши олдинги умматларникидан кўп бўлиши таъкидланади. Дарҳақиқат, шундай бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бамисоли дунёни ёритиб турган офтоб эдилар. У зот одамлар орасида яшаб турган кезларда қалблар ҳам ўзгача эди. Анас розияллоҳу анҳу бежизга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дафн қилиб, қўлларимизнинг чангини ҳали қоқмай туриб қалбларимизни танимай қолдик», демаган эди. Қолаверса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида мусулмонлар ўртасида вужудга келган ҳар қандай иккиланиш, ноаниқлик ёки тойилиш бўлса, у зотнинг сўзлари билан комил ечимини топар эди. Шунинг учун ҳам бу давр башарият тарихидаги энг нурафшон замон ўлароқ «Саодат асри» дея аталиб қолган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рафиқи аълога риҳлат қилиб, мусулмонлар сони кескин ошиб, турли халқ ва элатлар Исломга киргач, мусулмонлар орасида турли фирқалар пайдо бўла бошлади. Бироқ, Аллоҳ таоло Исломни ва уни тутган ушбу умматни қиёматгача саломат сақлашни ирода қилгани учун мусулмонларнинг аксар қисми аҳли сунна ва жамоа, яъни суннатни ушлаган ва жамоани тутган кишилар ўлароқ ҳақда собит туриб, соф Исломни сақлаб келдилар. Шунга қарамай, илоҳий ирода иймон эгалари учун яна бир синов ўлароқ Исломда турлича оқимлар чиқиб туришини ихтиёр қилган экан, сон-саноқсиз фирқалар пайдо бўлиб, вақт ўтиши билан айримлари йўқолиб, янгилари чиқишда давом этиб келмоқда. Охирги асрда, хусусан, сўнги пайтларда Ғарбу Шарқда тарқаган ва тарқатилаётган оқимлардан бири модернистлик оқими бўлиб, араб тилида «ал-ҳадасаҳ» ёки «ал-ҳадасиййун» (модернистлар) деб аталади.
Кўпчилигимиз Исломдаги оқимлар ёки фирқалар деганда фақатгина динда ғулувга кетган, радикал тутумли мусулмонларни тушунадиган бўлиб қолганмиз. Аслида Исломга ғулув билан эмас, аксинча, беписандлик билан муносабатда бўлиш орқали ҳақ йўлдан, васатийликдан оққан, натижада мусулмонларнинг жумҳуридан айрилиб чиқиб, алоҳида оқимга айланган тоифалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди, танимайди ва уларнинг хатарини пайқамайди ҳам. Масалан, қадимда муржиийлар оқими мўътадилликдан, ҳақ йўлдан оғиб, мусулмон оламининг бошига кўплаб ташвишлар келтирган. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бобокалон устози Иброҳим Нахаий раҳматуллоҳи алайҳ бежизга: «Уларнинг, яъни муржиаларнинг фитнаси ушбу уммат учун хаворижларнинг фитнасидан кўра қўрқинчлидир», дея ташвишланмаган. Зеро, улар динда беписандлик йўлини тутиб, ахлоқсизлик ва жиноятлар ботқоғига ботиб кетган эди. Шунинг учун имом Мотуридий ўз асарларида нишонга олган адашган тоифалардан бири айнан муржиалар бўлган. Бугунги кунда ана шундай усулсиз хатарли оқимлардан бири модернистлик оқими ҳисобланади.
Шуни айтиш лозимки, модернистларнинг шаҳвоний ғоялари, хитоблари башариятга янгилик эмас, қадимдан бўлиб келган, илгарги пайғамбарлар ва мусулмонларга ҳам қаратилган. Шуъайб алаҳиссаломнинг қавми шундай деган эди: «Эй Шуъайб! Намозинг сенга ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсаларни ёки биз мол‑дунёмизда хоҳлаганимизни қилишимизни тарк этишимизни буюрмоқдами? Сен жуда ҳалим, тўғри одамсан-да» (Ҳуд сураси, 87-оят).
Демак, Қуръони Карим илоҳий амрлардан тарқаб, уларни қабул қилишга кўнмайдиган ана шундай тоифалар ва ғоялардан мусулмон умматини огоҳлантирган экан.
Модернистлик оқими мусулмон уммати учун ҳам янгилик эмас, унинг фикрлари, ёндашувлари адашган тоифаларнинг мафкураларида илгаридан мавжуд. Масалан, уларнинг айрим қарашларини, жумладан, ақлга ҳаддан зиёд суяниш, ақлни нақлдан устун қўйиш ҳолатларини жаҳмийлар ва мўътазилаларда топиш мумкин. Бундай адашган ғояларга қарши Ислом уламолари ҳамиша кескин кураш олиб борганлар ва халқни бундан огоҳлантириб келганлар. Бироқ, сўнги асрларда жамиятни дунёвийлаштириш ғоясининг айрим жойларда чегарадан чиқиб, радикаллашуви, ташқи кучларнинг кўмаги ва тарғиботи остида модернистлик оқими ривожлантирилиб, турли жим-жимадор шиорлар билан мусулмонларнинг эътиқодига, ахлоқига, қадриятларига зарба беришга ҳаракат қилишмоқда. Бу оқим тарафдорлари билиб-билмаган ҳолда мусулмон ўлкаларни кўр-кўрона ғарблаштириш, халқларни ўз қадриятларидан узоқлаштириб, оммавий маданият гирдобига тортишда қурол вазифасини ўтаб келмоқда.
Модернистликнинг асосий ғояси ‒ барча нарсани янгилаш, динни ҳам янгилаб, замонага тобелаштиришдир. Улар янгилашга шунчалар киришиб кетишадики, ҳатто кечаги қилганларини бугун ўзгартириб, янгича нарсага интилишади ва ўзгармас қонуниятларга айланган қадриятларга, диннинг қатъий белгиланган асосларига нисбатан ҳам шу зайлда ёндашишади. Улар барча масалада ақлга ҳаддан зиёд суяниб, фаҳмларига келган фикрни шаръийлаштиришга уринишади ва одатда нафс исканжасига тушиб қолишади.
Модернистлар одатда баландпарвоз шиорлар, ватанпарвар ғоялар, зоҳирда илмий бўлиб кўринадиган услублардан жуда устамонлик билан фойдаланишади. Улар дастлаб бехатар, халқчил, замонга мос бўлиб кўриниши ҳам мумкин. Улар ўзларининг асл эътиқодлари, мақсадлари ва ҳолларини мусулмонлар оммасидан яширишади ва ўзларини мусулмонлар учун жуда ҳам меҳрибон, бағрикенг қилиб кўрсатишга уринишади. Бироқ, бу оқимнинг хатари анави экстремист тоифаларникидан кам эмас, фақат бунинг зарарлари кўз илғамас тарзда юзага келади ва касаллик сурункали ҳолга келгандан кейин бўй кўрсатади. Кузатувларга кўра, сўнги йилларда ушбу оқим вакилларининг Ўзбекистонга ҳам ҳужуми пайдо бўлган кўринади. Шу боис, ушбу мавзуда қисқача бўлса-да, маълумот беришни лозим топдик.
Модернистларнинг бир қатор белгилари бор. Жумладан:
1. Улар атеистлар каби динни биратўла инкор қилмайди, шунингдек, Ислом аҳкомларини қоралаб ҳам ўтирмайди. Балки, шаръий матнларни ўз раъйларига буриб, «бу матнда шариатнинг мақсади фақиҳлар айтганидек эмас, балки бундай-бундайдир» дея даъво қилишади. Улар гўё шу пайтгача ўтган минг йиллар оша эътироф этиб келинаётган юзлаб, минглаб Ислом олимлари шариат мақсадларини тушунмагану, булар англаб қолгандек сўз суришади. Улар бу борада ғулувга кетиб, «Исломда асосий мақсад ота-онага яхшилик қилиш, зулмга қарши туриш ва ҳоказолардир, намоз, ҳижоб ва шу каби масалалар шариатда кейинчалик жорий бўлган, улар асосий масалалар эмас», дея сафсата сотишади. Шу тарзда нафслари истаган динни пайдо қилишга уринишади.
2. Қуръони Каримни маълум бир шароитга, аниқроғи, араблар шароитига туширилган, уни бошқа жой ва замонга татбиқ этиш тўғримас, дейишади. Улар ҳатто оят-ҳадисларда очиқ ва қатъий айтилган, шу пайтгача бутун Ислом уммати якдил тушуниб, тушунтириб келган масала ‒ оилада эркак раҳбар ҳисобланишини ҳам «арабларда эркаклар фаол бўлгани учун шундай бўлган, бу уларга хос», деган иддао билан амалдан четлатишади. Шу зайлда улар Исломнинг замон ва маконга қайдланмаслик хусусиятини йўққа чиқаришади. Ҳолбуки, Қуръон, Суннат ва умматнинг ижмоъи билан Ислом дини бутун башарият учун туширилган охирги диндир, буни инкор қилиш мумкин эмас. Модернистлар сўзда Исломнинг оламшумуллигини эътироф этишса-да, амалда бунга зид йўл тутишади.
3. Салафи солиҳлар, мужтаҳид имомларга беписандлик билан қарашади ва уларнинг сўзларини шариатнинг изоҳи деб эмас, ўша олимларнинг шахсий фикри, демак бу дин эмас, Қуръон эмас, Суннат эмас, дея одамларни оят‑ҳадисларга умматнинг устунлари бўлган алломалар тарафидан берилган асл маънолардан чалғитишга урунишади. Бу тоифанинг энг катта хатари ҳам шунда.
4. Қадимги уламоларга, фуқаҳоларга таъна тоши отиб, уларни айблашади, уларга нисбатан беписанд, одобсиз муносабатда бўлишади. Қўйиб берсангиз, имом Бухорий, имом Мотуридийларни ҳам шариатни тушунмаганга чиқаришади. Ислом шариатини асрлар оша сақлаб келган забардаст уламоларни «Қуръон ва ҳадисни ўз шароитларига кўра шарҳлашган», деган айблов билан обрўсизлантиришга, уларнинг диний матнларни англашдаги изоҳларини шахсий фикрга чиқаришга уринишади. Шу тариқа дунёни илмга тўлдирган, мусулмон умматининг фахри бўлган буюк шахсларни қадрсизлантиришади ва бу орқали мусулмонларни шонли тарихларига зарба беришга, аждодларга бўлган ишонч ва эҳтиромларини синдиришга урунишади. ....«Тарихсиз келажак йўқ», деганларидек, шу йўл билан мусулмонларни ўтмишларидан айришади ва натижада ўзларига тобе қилишга киришишади.
Улар ҳатто имом Шофеий ва у киши қатори мужтаҳидларни, усул уламоларини ҳам қоралашади. Сабаби ‒ айнан усул илми ва уламолари буларнинг қинғир мақсадлари, бетайин сафсаталари олдини тоғ бўлиб тўсиб туради. Улар ўзларича «усул илми ва олимлари Қуръон ва Суннатни тушунишни чеклаб қўйган», дея ёзғиришади. Ахир, мутахассис олимлар агар диний матнларни тушунишни тартибга солиб бермаса, керакли ҳудудни кўрсатиб бермаса, жоҳиллар динни барбод қилиши, одамларни адаштириши турган гап-ку. Балки улар айнан шу натижани ўз олдиларига мақсад қилиб олгандир?
5. Уларда усул, яъни оят-ҳадисни англаш қонуниятлари бўлмайди, бўлса ҳам, усулсиз усул бўлади ва уларнинг бу усулларини бирорта ҳам мўътабар олим эътироф этмайди. Сабаби ‒ уларда тайинли манҳаж ўзи йўқ бўлгани учун усуллари бир тизимга тушмайди ва барча ҳукмларни қамрай олмайди.
6. Анъанавий дин олимларини Қуръон ва Суннатни яхши англамасликда, матнга ёпишиб олишда айблашади. Уларга кўра, саҳобаю тобеинлар ва асрлар оша ўтган минглаган олимлар ҳам Қуръонни етарлича тушунмаган, англамаган экан. Баъзан уларнинг фикрлари устидан очиқчасига кулишади. Шу тариқа улар ўзларининг сохта «дин»ларини тиқиштиришга ҳаракат қилишади. «Ислом инновацион дин», «Исломнинг моҳиятини англаш керак» деганга ўхшаш жим-жимадор сўзлар билан илмсиз кишиларни алдаб, ҳақиқий Исломдан ғарбча ясама «ислом» томон буришади. Бунинг учун оят ва ҳадисларни ўз раъйларига мослашга урунишади, диний матнларни минг йиллик шарҳу амали бир четда қолиб, ўз хоҳишларига кўра талқин қилишади. Афсуски, кўпчилик уларнинг бу каби фаолиятларини тушуна олмайди.
7. Айрим саҳиҳ ҳадисларга оҳод ёки заиф деган даъво билан ишончсизлик билдиришади. Ҳатто «Саҳиҳул Бухорий»даги ҳадисларни ҳам исроилиёт, яъни аҳли китобларнинг ривояти дея пастга уришади. Ҳолбуки, оҳод ва ҳатто заиф ҳадисларга ҳам ўрни билан амал қилинишини барча олимлар бирдек таъкидлайдилар.
8. Ислом шариатида енгиллик, эркинлик, бағрикенглик тушунчаларини суистеъмол қилишади, шариат қаттиқ олган масалаларга ҳам енгил қарашади. Шу зайлда ҳалол-ҳаромни, фарзу мубоҳни аралаштириб, бир мартабага олиб келишади.
9. Улар биринчи бўлиб муҳокама қиладиган, кўтарадиган масала аёлларга боғлиқ бўлади. Масалан, аёлларнинг сатри аврати, ҳижоби, оиладаги ўрни ва эркак-аёлларни бир хиллаштириш, феминизмни қўллаб-қувватлаш масалалари каби. Улар бу билан жамиятнинг нозик тарафига зарба бериш, бўшроқ, таъсирчан қисмидан кириб боришни назарда тутишади.
Булар барчаси қуруқ даъволар бўлиб, бир тийинлик қиймати йўқ, илмий ва тарихий ҳақиқатларга очиқ зиддир.
Бу тоифа кишилар ичида бир нечта университетларни тугатган, турли мавзуларда докторлик ёқлаган кишилар ҳам бўлиши мумкин. Бироқ, йўллари манҳажсиз бўлгани учун сўзлари ўзаро зиддиятларга тўлиб, ўзлари ҳам гангиб юришади.
Ҳадосийларнинг жамият учун хатарлари талайгина. Айримларини эслаб ўтиш жоиз:
1. Мусулмон халқларни ўз ўтмишига бўлган ишончига путур етказишади. Бу билан жамиятда ғоявий бўшлиқ ҳосил қилинади. Кейин бу бўшлиқни сохта эътиқодлар билан тўлдиришга уринишади. Халқни ўз тарихидан айириб, бошқаларга қарам бўлишга маҳкум этилади.
2. Мусулмонларнинг минг йиллик қадриятларига беписандлик қилиш оқибатида одамлар ўртасида низо ва жанжаллар келтириб чиқаришади. Улар бор жойда доимо жамият пароканда бўлади. Чунки уларнинг услублари соф табиатга, нафақат диний, балки инсоний қадриятларга ҳам зид. Шу боис, ўзлигини асраган қатлам билан уларнинг ўртасида ҳамиша зиддият келиб чиқаверади.
3. Шариат аҳкомларидан маълумларини, айрим ҳадисларни шубҳа остига олгач, яъни дин биносининг битта ғиштини бузгач, қолганига дарз кетиши табиий. Шу зайлда динни асталик билан нуратгандан кейин жамиятда диннинг мавқеи буткул йўқолади. Бошқача қилиб айтганда, улар диннинг ўқ томирларига зимдан зарба бериш орқали уни фалаж ҳолга келтиришга уринишади. Бунда кўринишда диннинг жасади тураверади, аммо энди у ўз вазифасини бажармайдиган ҳайкалга айланган бўлади. Оқибатда жамиятни дин билан тарбиялаш ва бошқаришга имконият қолмайди, бирор нимадан қўрқитиш, огоҳлантириш, бирор яхшиликка тарғиб қилиш йўққа чиқади. Бу эса жиноятлар ортишига, бузуқлик оммалашишига, натижада ҳозирда айрим давлатларда бўлиб турганидек, аҳолининг қирилишига олиб келади.
4. Тажрибалар шуни кўрсатадики, диннинг талаб ва қайтариқлари йўқолаёзгач, бунга қарши равишда радикал диндорлик вужудга келади ва экстремистик, террористик оқимлар пайдо бўлишига замин яратилади.
Дин таъқиқ ва буйруқлари билан жозибали. Инсоннинг соф табиати ана шундай диндан қаноатланади. Ислом шариатидаги буйруқ ва таъқиқлар аслида мўътадилдир. Уларни йўққа чиқаргач, инсонлар диндан қаноат қилмай қолади ва энди ўзбошимчалик билан динда ғулувга кетиш урчийди.
5. Модернистларнинг ташвиқоти бориб-бориб фаҳш ва бузуқликларни ёқлашгача етиб бориши ҳам мумкин. Ҳатто бир жинсли никоҳни ёқлаб чиқадиганлари ҳам топилади. Бу ҳолат эса мусулмон жамиятни халок қилиши тайин.
Очиғини айтганда, кўпчилик, хусусан, дунёвий ёки замонавий давлат намояндалари ва тарафдорлари баъзан модернистларнинг шиорлари, даъволарига маҳлиё бўлиб, айрим фикрларини маъқуллаб қолишади ва уларни замонавий дунё, замонавий мусулмон жамиятлар учун диний жиҳатдан мақбул деб ўйлашади. Бироқ, бу қараш ўзини оқламаган ва бундан кейин ҳам оқламайди. Чунки модернистларнинг йўналишлари баъзи бир муаммоларга ечимдек кўринса-да, ҳеч қачон кўзланган мақсадга эриштира олмайди, гоҳида аксинча натижа беради. Зеро, улар тақдим қилган мафкура тўлақонли дин бўла олмагани боис одамларнинг, хусусан, мусулмонларнинг диний талабларини қондира олмайди. Минг йиллар оша синовларда тобланган, метин асосларга эга шаръий тамойилларни бузиб қўйиб, кейин ўрнига бошқа бирор асосли манҳаж келтира олмай, халқни пароканда ҳолга солишади. Устига-устак жамиятда диний омиллар ўз вазифасини бажармаслиги оқибатида ахлоқсизлик, бебошликлар келиб чиқади. Бу ҳол эса динда радикал гуруҳларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.
Аслини олганда замонавий дунёда замонавий жамият яратиш учун ёки замонавий жамият осудалиги учун қандайдир янгича «дин» пайдо қилиш шарт эмас, балки Исломни тўғри англаб, тўғри татбиқ этса, мўътадил йўлни тутса кифоя.
Айтиш жоизки, биз бу ерда ушбу мавзуда қисқача тўхталдик, холос, тафсилотларга киришмадик. Умид қиламизки, бошқа аҳли илмларимиз ҳам вақт ажратиб, бу мавзуни тўлиқроқ ёритиб берадилар. Аллоҳ насиб қилса, бу мавзуда яна сўз юритамиз. Жумладан, Исломда янгиланиш, замонавийлик қандай бўлиши ҳақида ҳам тўхталамиз.
Хулоса қилиб айтганда, модернистлик оқими жуда ҳам хатарли, кўпинча геосиёсий кучлар таъсири остида бўлиб, ўз табиатига кўра радикал кўринишларга ҳам эга. Бу тоифанинг фаолияти жуда кўп мамлакатларда давлат тўнтариш, тартибсизлик келтириб чиқаришгача етиб борган. Уларга жуда ҳам ҳушёр қараш керак, бузуқ фикрлардан узоқ бўлиш, халқни асраш, жуда ҳам эҳтиёт бўлиш лозим ва уларга қарши ўлароқ илмий савияни кўтариш даркор.
Модернистларга қўйиб берсангиз, Исломнинг барча асосларини барбод қилиб, ўзлари қадрият деб билган, аниқроғи, Ғарб мафкураси маъқуллаган ғояларни бирламчи масалалар деб урғулашади. Одам алаҳиссаломдан бери барча самовий динлар, хусусан, Исломнинг асосий тамойиллари ҳисобланган намоз, сатри аврат, маҳрам-номаҳрам, ҳалол-ҳаром масалаларини қуйи даражага тушириб, Қуръондан кейинги энг ишончли китоб ҳисобланган «Саҳиҳул Бухорий»даги билиттифоқ саҳиҳ ҳадисларни исроилиёт ривоятига чиқаришгача боришади. Улар шу зайлда куфрга кетиб қолаётганларини ҳам сезмай қолишади. Шу боис, уларнинг қанча илм даргоҳини тугатганию, қанчали машҳур бўлиши ҳеч нарсани ҳал қилмайди, бундай зоҳирий омилларга алданиб қолмаслик керак.
Охирги сўз сифатида Имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ида ривоят қилган ушбу ҳадиси шарифни эслашни лозим топдик:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Охир замонда дажжол каззоблар бўлади. Улар сизларга сизлар ҳам, оталарингиз ҳам эшитмаган гапларни айтишади. Улардан сақланинглар, сизларни адаштириб, фитнага солиб қўйишмасин!»
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собиқ айласин, адаштирмасин.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
#Вакилликлар фаолиятидан
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 14 та ҳудудий вакиллиги фаолият юритади. Мазкур ҳудудларда жами 2161 та масжид бўлиб, 3000 дан зиёд имом-хатиб ва имом ноиби хизмат қилади. Вакилликлар фаолиятидан, деб номланган ушбу рукнимизда ҳудудий вакиллар билан туркум суҳбатларни режа қилганмиз. Шу мақсадда Қашқадарё вилоятида бўлдик.
Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби, “Имом Бухорий” ордени соҳиби, Уламолар Кенгаши аъзоси Раҳматуллоҳ домла УСМОНОВ билан суҳбат
– Ассалому алайкум, домла. Суҳбатимизни Сиз вилоят бош имом-хатиби сифатида иш бошлаган даврлардан бошласак. Дастлаб вакиллик фаолиятини таҳлил қилиб, қандай оғриқли нуқталар, тезкорлик билан ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни кўрган эдингиз ва бугунги кунда улар қанчалик ҳал этилган?..
– Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ. Бундан роса 14 йил олдин – 2012 йилнинг июль ойида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакили ҳамда вилоят бош имом-хатиби сифатида фаолият бошлаганман. Ўшанда вакилликнинг фаолиятини атрофлича таҳлил қилиб, тизимли ёндашувни талаб этадиган қатор вазифаларни белгилаб олганмиз.
Хусусан, масжидлар фаолиятини ягона тартиб ва талаблар асосида ташкил этиш, имом-хатиблар ва диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, ижро интизоми ва ҳисобдорликни кучайтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом диний-маърифий муҳитни мустаҳкамлаш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини янада самарали йўлга қўйиш кабиларга алоҳида эътибор қаратдик.
Бугунга келиб вакилликда 22 нафар малакали, ўз ишининг мутахассиси бўлган ходим ишламоқда. Шунингдек, масжидлар билан ишлаш, ҳаж-умра, ахборот медиа, аёл-қизлар, ҳуқуқшунослик, молия-хўжалик каби бўлимлар фаолият юритади. Вакиллигимиз замонавий моддий-техник базага эга бўлиб, рақамли технологиялар ва илғор иш услубларидан самарали фойдаланиб келмоқда.
Масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳужжатлар юритилишини такомиллаштириш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш, шунингдек, вакиллик тизимида мазкур йўналишлар бўйича ишларни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш мақсадида тегишли бўлимларни ташкил этиш зарурати ҳам бор эди.
Ўтган йиллар давомида мазкур йўналишлар бўйича аниқ режалар асосида тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада вилоят вакиллиги ҳамда масжидлар фаолияти янада такомиллаштирилди. Вакиллик тузилмасида тегишли штат бирликлари жорий этилиб, соҳанинг устувор йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ишга қабул қилинди. Бу эса фаолиятни самарали ташкил этиш, вазифалар ижросини мувофиқлаштириш, назорат механизмларини кучайтириш ҳамда жойлардаги ишларни сифатли йўлга қўйиш имконини берди.
Имом-хатиблар учун мунтазам малака ошириш ва ўқув-семинарлар йўлга қўйилди, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ва маънавий-маърифий тадбирлар кўлами сезиларли даражада кенгайди. Йилига «Жаҳолатга қарши маърифат» ғоясини кенг тарғиб этиш, экстремизм, терроризм, миссионерлик ва ёт ғояларга қарши курашиш, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, гиёҳвандлик, ўз жонига қасд қилиш, эрта турмуш ва ажримларнинг олдини олиш, ёшлар, меҳнат мигрантлари ва ҳарбий хизматчилар билан манзилли ишлаш, соғлом турмуш тарзи, оила мустаҳкамлиги, маънавий қадриятлар, ижтимоий тармоқлардаги виртуал таҳдидлардан ҳимоя, атроф-муҳитни асраш ҳамда маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга қаратилган 35 мингдан ортиқ кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилади.
Ўша даврда имом-хатиб ва диний соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш зарурати бор эди. Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ҳамда муфтий ҳазратларининг ташаббуслари ва бевосита бошчиликлари билан масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиблар ва имом-ноиблари ойлик иш ҳақи билан таъминланди. Бу эса уларнинг ижтимоий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан ва масъулият билан адо этиши учун муҳим омил бўлмоқда.
Таъкидлаш жоизки, муҳтарам Юртбошимиз томонидан берилаётган имкониятлар натижасида вилоятимизда ҳаж зиёрати учун ажратиладиган квоталар йилдан-йилга ошиб, фуқароларнинг муқаддас зиёрат амалини адо этиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2012 йилда вилоятдан бор-йўғи 150 нафар фуқаро ҳаж зиёратини амалга оширган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич йилига 800 нафардан ошди. Бу эса соҳада амалга оширилган ташкилий ишлар ва зиёратчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати анчайин ошганини кўрсатади.
– Вилоятдаги 180 дан ортиқ жоме масжидларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни асл қиёфасини сақлаган ҳолда таъмирлаш ишларида вакиллик маҳаллий аҳоли ва ҳомийлар билан алоқаларни қандай мувофиқлаштирмоқда?
– Вилоятдаги жоме масжидлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ободлиги ва фаолияти учун муносиб шароит яратиш масаласи доимо эътибор марказимизда бўлиб келмоқда. Бу борада ишлар тизимли, шаффоф ва жамоатчилик билан ҳамкорлик асосида ташкил этилган. Айниқса, тарихий ва меъморий аҳамиятга эга бўлган қадимий масжидларни таъмирлашда уларнинг асл қиёфаси, миллий меъморий услуби ва тарихий қимматини сақлашга алоҳида аҳамият қаратилади. Бундай объектларда ҳар қандай иш тегишли мутахассислар тавсиялари ва белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.
Масжидларни ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларида маҳаллий аҳоли, саховатпеша ҳомийлар ва жамоатчиликнинг иштироки муҳим ўрин тутади. Вакиллик томонидан ушбу жараёнлар мувофиқлаштирилиб, ҳомийлик ташаббусларининг мақсадли ва самарали йўналтирилиши таъминланмоқда.
Фаолиятимни бошлаган пайтимда вилоятимизда 182 та жоме масжид фаолият юритар эди. Ҳозир уларнинг сони 187 тага етди. Ўтган 14 йил давомида 58 та масжид замон талабларига мос равишда қайта бунёд этилди, 100 дан ортиқ масжидда эса кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Мисол учун, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 та – Чироқчи туманидаги "Абу Бакр Сиддиқ" ҳамда Китоб туманидаги "Шайх Собир" масжидлари қайта қурилиб, муборак Рамазон ойида масжиднинг янги биноси намозхонларга топширилди.
Шунингдек, намозхонлар учун муносиб ва қулай шароитлар яратиш мақсадида 70 дан ортиқ таҳоратхоналар тўлиқ қайта қурилиб, замонавий талаблар асосида фойдаланишга топширилди.
– Кейинги йилларда вакиллик томонидан имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг нафақат диний, балки дунёвий, сиёсий-ижтимоий билимларини замон талабларига мослаштириш бўйича қандай тизимли дастурлар ва ўқув семинарлари ташкил этилди?
– Имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари малакасини ошириш, уларнинг замон талабларига мос билим ва кўникмаларини шакллантириш Қашқадарё вакиллиги фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ташкил этилаётган малака ошириш курслари, ўқув-семинарлар ва қайта тайёрлаш машғулотларида имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Ҳозирги кунга қадар вилоятдаги 187 нафар имом-хатиб ҳамда 91 нафар имом ноиблар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ҳамда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида малака ва кўникмаларини оширишди.
Айниқса, имом-хатибларнинг олий диний маълумотга эга бўлишини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2012 йилда вилоятдаги имом-хатибларнинг атиги 16 нафари олий маълумотга эга бўлган бўлса, сўнгги 14 йил давомида бу кўрсаткич кескин ошиб, бугунги кунда имом-хатибларнинг олий маълумотлилари 90 нафардан ошди. Ҳозир ҳам олий маълумотга эга бўлмаган 20 нафар имом-хатиб Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида модул тизими асосида таҳсил олиб, ўз билим ва салоҳиятини оширмоқда. Бу ишлар изчил давом эттирилиб, яқин истиқболда 100 фоиз олий диний маълумотли мутахассислар сифатида шакллантириш мақсад қилинган. Зеро, бугунги кунда имом-хатиблар нафақат диний илм соҳиби, балки кенг дунёқарашга эга, жамият билан самарали мулоқот қила оладиган, замонавий жараёнларни тўғри англайдиган маънавий-маърифий етакчи бўлиши замон талабидир.
– Вилоятдаги Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз...
– Қуръони карим ва тажвид курслари фаолияти аҳоли орасида диний билимларни фақат белгиланган тартиб ва малакали мутахассислар орқали олиш маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Бу эса ўз навбатида норасмий диний таълим масканлари фаолиятининг олдини олиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маърифий муҳитни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вилоят вакиллиги ҳамда Китоб туманидаги "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси қошида фаолият юритаётган Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари орқали ҳар йили жами 1560 нафар тингловчи Қуръон тиловати ва тажвид қоидалари бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Бу эса аҳоли диний саводхонлигини ошириш, ёш авлодни илмий-маърифий руҳда тарбиялаш йўлида муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Аёл-қизлар орасида диний-маърифий ишларни юритадиган отинойилар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг диний тушунчаларини ўстириш, хотин-қизлар орасида ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш борасида вакиллик қандай натижаларни кўрсата олди?
– Аёл-қизлар ўртасида диний-маърифий фаолият олиб бораётган отинойиларнинг ишини ягона тизим асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган. Илгари бу йўналишда муайян тажриба мавжуд бўлган бўлса-да, фаолиятни мувофиқлаштириш, илмий салоҳиятни мунтазам ошириш ва назорат қилиш механизмларини янада такомиллаштириш зарурати бор эди.
Шу мақсадда ҳар бир отинойининг билим даражаси, фаолият йўналиши ва масъулият доираси қайта кўриб чиқилди. Ҳозирги кунда воҳада фаолият юритаётган жами 284 нафар отинойининг малакасини ошириш мақсадида тизимли ўқув-семинарлар, суҳбатлар ва давра йиғинлари йўлга қўйилди. Таҗрибали уламолар ва мутахассислар иштирокида ақида, фиқҳ, тафсир, ҳадис, миллий қадриятлар, оила мустаҳкамлиги ҳамда замонавий ахборот маконида учраётган мафкуравий таҳдидларга қарши маърифий машғулотлар ташкил этилди. Улар фаолияти мониторинг қилиниб, аҳоли билан ишлаш самарадорлиги доимий таҳлил қилиб борилмоқда.
Бугунги кунда бу ишлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Отинойилар маҳаллаларда хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш, диний саводхонликни ошириш ва соғлом маънавий-маърифий муҳитни шакллантиришда фаол иштирок этмоқда. Айниқса, эрта никоҳ ва ажримларнинг ҳамда ёт ғоялар ва турли бузғунчи қарашлар улар муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Дарвоқе, оилавий ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ёки жиноятчилик каби оғир ижтимоий муаммолар энг кўп кузатиладиган маҳаллалар билан ишлашда имомларнинг масъулияти ва ҳисобдорлиги қандай бўлмоқда?
– Вакиллик томонидан имом-хатибларнинг маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли ишлаш масъулияти янада кучайтирилган. Айниқса, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нотинч оилалар билан ишлаш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш ва жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар ой туманларда сайёр йиғилишлар ўтказилиб, жойлардаги мавжуд ҳолатлар, долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилиб борилмоқда. Мазкур йиғилишларда имом-хатибларнинг масъулияти, маҳаллалар билан ҳамкорлиги ва амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги таҳлил қилинади. Хусусан, ўтган йил якуни бўйича вилоят миқёсида имом-хатиблар томонидан маҳаллаларда мингдан ортиқ оила билан манзилли ишлар олиб борилди. Улар билан ўтказилган суҳбатлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва тушунтириш ишлари натижасида бир қатор оилавий низоларнинг олди олиниб, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштиришга эришилди.
Муҳими, имом-хатиблар иши фақат ўтказилган тадбирлар сони билан эмас, балки инсонлар тақдирига ижобий таъсир кўрсата олган амалий натижалари билан баҳоланмоқда. Шунинг учун имомларимиз маҳаллада халқ билан яқин мулоқот қиладиган, оила, жамият барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшадиган маънавий-маърифий раҳнамо сифатида ўз масъулиятини чуқур англаб, фаолият олиб бормоқда.
– Ижтимоий тармоқларда даъват ишларини олиб бориш, nasafziyo.uz сайти ва ижтимоий саҳифаларни юритишда вакиллик қошида махсус медиа гуруҳ ёки замонавий кадрлар жамоаси шакллантирилганми?
– Бугунги ахборот асрида интернет маконидаги диний-маърифий фаолият муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис, вакиллик томонидан замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда аҳоли, айниқса, ёшлар билан мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада вакилликда замонавий талабларга жавоб берадиган медиа хонаси ташкил этилиб, зарур замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, диний-маърифий контентларни тайёрлаш, таҳрир қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш йўналишида фаолият олиб борувчи малакали кадрлар жалб қилинган.
Мазкур тизим орқали ўн бир йилдан буён фаолият юритиб келаётган nasafziyo.uz веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар мунтазам юритилмоқда. Шунингдек, 2017 йилда ташкил этилган Telegram канали бугунги кунда кенг аудиторияга эга бўлиб, аҳолига тезкор ва ишончли диний-маърифий ахборотларни етказишда муҳим ахборот майдонига айланган.
Шунингдек, бугунги кунда вилоятимиздаги ҳар бир масжиднинг Telegram, YouTube, Facebook ва Instagram саҳифалари ҳамда гуруҳлари фаолият юритиб, уларнинг умумий аъзолари сони 310 минг нафардан зиёдни ташкил этади. Жумладан, биргина nasafziyo телеграм каналининг 120 мингдан ортиқ аъзоси бор. Шунингдек, Улар орқали аҳолига долзарб маънавий-маърифий материаллар, диний-маърифий тавсиялар, масжид фаолиятига оид янгиликлар ҳамда эълонлар мунтазам етказиб борилмоқда.
Албатта, рақамли макон доимий равишда янгиланиб бораётгани сабабли бу йўналишдаги ишлар ҳам узлуксиз такомиллаштирилмоқда. Асосий мақсад — замонавий медиа имкониятларидан фойдаланган ҳолда халқимизга, айниқса, ёш авлодга сифатли, ишончли ва таъсирчан диний-маърифий ахборотларни етказиб беришда давомли изланишдамиз.
– Вакилликнинг «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан биргаликда кам таъминланган оилалар, етимлар ва ногиронлиги бор шахсларга ёрдам бериш борасидаги фаолияти сўнгги йилларда қанчалик шаффофлашди ва хайрия тадбирлари кўлами воҳа миқёсида қанчалик кенгайди?
– «Вақф» хайрия жамоат фонди вилоят филиали билан ҳамкорликда аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва хайрли ташаббусларни амалга ошириш фаолиятимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ёрдамга муҳтож оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг ҳолати ўрганилиб, уларга зарур кўмаклар ўз вақтида етказиб берилмоқда. Жумладан, Рамазон ойи ва Қурбон ҳайити арафасида давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган маблағлар белгиланган тартиб асосида эҳтиёжманд оилалар, етимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга етказиб берилди. Бу хайрли ишлар халқимизга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.
Амалга оширилаётган ҳар бир хайрли ташаббус манзиллилик, очиқлик ва адолат тамойиллари асосида ташкил этилиб, воҳамизда хайрия ишларининг кўлами ва самарадорлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Яқинда кўмакка муҳтож бир оилага уй қуриб беригани ҳам сўзимизнинг бир далилидир.
– Бу заминдан етишиб чиққан улуғ зотларнинг бой илмий мероси, қадамжолари тарихини халқаро ва республика миқёсида тарғиб қилиш борасидаги ишларга ҳам тўхталиб ўтсангиз...
– Бу воҳадан етишиб чиққан Абу Муин ан-Насафий, Абу Бакр ал-Косоний, Абу Ҳафс Насафий, Абу Ҳафс Кеший, Абу Шакур ас-Солимий, Паздавий каби кўплаб алломаларнинг илмий мероси нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами маънавий хазинасининг ажралмас қисмидир.
Вакиллик фаолияти давомида ушбу бой илмий-маърифий меросни ўрганиш, тарғиб қилиш ва кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, алломаларимиз ҳаёти ва илмий фаолияти, улар билан боғлиқ тарихий масканлар ва қадамжоларни ўрганиш, уларнинг маънавий аҳамиятини ёритиш борасида илмий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва тарғибот ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Аллоҳ таоло дин равнақи, юрт тинчлиги йўлида хизмат қилаётган барча юртдошларимизни икки дунёда мукофотласин!
ЎМИ Матбуот ва медиа бўлими мутахассиси
Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.