27 сентябр куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллигида Наманган вилояти бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов раҳбарлигида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг 2024-2025 ўқув йили битирувчилари билан учрашув ўтказилди. Унда Наманган шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, битирувчилар ишга юборилаётган масжидлар имом-хатиб ва мутаваллилари иштирок этдилар.
Учрашув аввалида битирувчиларни ишга тайинлаш тўғрисидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси буйруғи ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг ёшларга тараққиётимизнинг янги босқичида юртимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилгани, диний соҳа ходимларининг ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратилгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, уларга бугунги кун диний соҳа ходими замонга зийраклик билан қараши, ўзининг устида мунтазам ишлаши, касбий ва маънавий малакасини ошириши, жамоатчилик билан самарали ишлаш кўникмаларини ривожлантириш юзасидан тавсиялар берилиб, келгуси фаолиятларига Яратгандан зафарлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг тавсиясига биноан янги ишга тайинланган имомлар вилоят бош имом-хатиби, вилоят бош имом-хатибининг ўринбосарлари ва туман-шаҳар бош имом-хатиблари томонидан масжид жамоасига таништирилиши режалаштитрилган. Бизни кузатишда давом этинг, имом домлаларни таништирув тадбирларини ёритиб борамиз.
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Россиянинг “Russia News” интернет нашрида Тошкентда бўлиб ўтган Ислом цивилизацияси форуми якунларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада қайд этилишича, “Тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли” мавзусида бўлиб ўтган Ислом цивилизациясининг биринчи халқаро форуми якунлари бўйича декларация қабул қилиниб, унда ислом цивилизациясининг инсонпарварлик меросини қайта тиклаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган қатор аниқ ташаббуслар илгари сурилган.
Нашрнинг таъкидлашича, мазкур Декларациянинг асосини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан илгари сурилган ислом цивилизациясининг инсонпарварлик меросини тиклаш ва тарғиб қилиш
Таъкидланганидек, ҳужжат дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан келган вакиллар томонидан имзоланган. Унинг асосий ғояси шундан иборатки, ислом цивилизацияси жаҳон илм-фани, маданияти ва таълим тараққиётига улкан ҳисса қўшган бўлса-да, бу мерос ҳалигача етарлича эътироф этилмаган. Бу, айниқса, дунёда исломофобия, ксенофобия ҳамда ислом ҳақидаги нотўғри тасаввурлар сақланиб қолаётган бир шароитда алоҳида аҳамият касб этади.
Шунингдек, мақолада ислом цивилизацияси меросини асраб-авайлаш ва оммалаштиришга қаратилган қатор ташаббуслар ҳақида ҳам сўз боради. Жумладан, Ислом цивилизацияси бутунжаҳон альянсини ташкил этиш, рақамли платформалар ва кутубхоналарни яратиш, халқаро тадқиқот дастурлари, мукофотлар ва жамғармалар таъсис этиш, энциклопедия тайёрлаш, шунингдек, олимлар, музейлар ва ёшлар ўртасида ҳамкорлик платформаларини шакллантириш таклиф этилган.
“Янги декларация якуний ҳужжат сифатида эмас, балки ислом цивилизациясининг бой маънавий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаш ҳамда унинг умуминсоний қадриятларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга қаратилган узоқ муддатли амалий ҳамкорликнинг бошланғич нуқтаси сифатида баҳоланмоқда”, - дея якунлаган “Russia News”.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати