Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Инсонга наф келтириш саодати

30.09.2025   6496   3 min.
Инсонга наф келтириш саодати

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жадал ислоҳотлар жараёнлари кузатилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат нафақат иқтисодий, балки сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳам туб ўзгаришларни бошидан кечирмоқда. Бу ўзгаришлар нафақат халқимиз учун, балки халқаро миқёсда ҳам эътироф этилаётгани бежиз эмас. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардаги мавқеи янада ортиб бормоқда.     

Давлатимиз узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Глобал ҳамда минтақавий масалалар, шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда барқарорлик ва ҳамкорликни таъминлаш борасидаги натижаларга алоҳида эътибор қаратди ва “8 йил аввал биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик ва ҳамкорлик маконига айлантириш қароримизни эълон қилган эдик. Бугун эса фахр билан айтиш мумкинки, бу мақсадга эришдик. Эндиликда ёпиқ чегаралар ва ҳал этилмаган низолар даври ортда қолди”, деди. Зотан, одамларнинг асли бир. Бир ота ва бир онанинг фарзандларидир. Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйган. Бунинг сабаби эса ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилишдир. “Ҳужурот” сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй инсонлар, биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро бир-бирингизни танишингиз учун xалқлар ва қабилалар қилдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлингиз тақводорингиздир(“Ҳужурот” сураси, 13-оят).

Муҳтарам Президентимиз иқлим ўзгариши ва сув ресурслари танқислигини инсоният учун энг жиддий таҳдид сифатида қайд этди. Оролбўйида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб, “Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форуми”ни ўтказиш ташаббуси, шунингдек, “Жаҳон ёшларининг тинчлик ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини билдирди.

Ўзбекистон раҳбарининг БМТ доирасида илгари сурган таклиф ва ташаббуслари халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барқарор тараққиётга эришиш мақсадларига улкан амалий ҳисса бўлиб қўшилаётгани дунёнинг нуфузли экспертлари томонидан алоҳида эътироф этилмоқда. 

Диққат билан қарасак, давлатимиз раҳбари халқ фаровонлиги, юрт ободлиги йўлида тинимсиз меҳнат қилаётганини кўрамиз. Бу ҳаракатлар ички ва ташқи сиёсатда бирдай давом этмоқда. Мақсад – Ватанимиз шуҳратини янада юксакларга кўтариш, хавсизлигини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаровон ҳаёт тарзини таъминлаш. Бу каби улуғ фазилатлар муқаддас динимизда мадҳ этилади. Зеро, Аллоҳ таоло инсонларни ер юзини обод қилишга чақирган. Унда фасод ва бузғунчилик қилиш, вайронгарчилик қилишдан қайтарган: “Аллоҳ берган ризқдан еб-ичинглар, ер юзида бузғунчилик жиноятларини қилманглар” (Бақара сураси, 60-оят). Бошқа бир оятда бундай дейилади: “У сизларни ердан пайдо этиб, сизларни уни обод этувчи қилди” (Ҳуд сураси, 61-оят).

Имом Мотуридий бобомизнинг: “Элу юрт билан ҳамнафас бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳаётий ҳикмати Юртбошимиз сингари ҳар бир фуқаро, ҳар қайси раҳбарнинг онги, қалби ва ҳаракатида муҳрланса, юрт тинч, халқ фаровон бўлади. Инсонга наф етказиш эса икки дунё саодатига сабаб бўлади.

Зайниддин домла Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

14.09.2026   27299   1 min.
Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистоннинг Карачи шаҳри туристик бизнеси вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, янги туризм маҳсулотларини яратишга бағишланган тадбир “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан ташкил этилди. Учрашув Тошкент–Карачи йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан “FAM Trip” таништирув тури доирасида ўтказилди.

Жорий йилнинг 10–12 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида Карачи туризм бизнесининг 10 нафар вакили Ўзбекистонга келди. Делегация Тошкент ва Самарқанднинг тарихий, маданий ва диққатга сазовор сайёҳлик масканлари ҳамда мамлакатнинг замонавий туризм инфратузилмаси билан танишди.

B2B форматидаги учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари тақдимоти ўтказилди. Унда Покистон бозорида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани қамраб олувчи тарихий-маданий йўналишлар, Буюк Ипак йўли йўналишлари, гастрономик, экологик ва зиёрат туризмини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, янги йўналишларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон бозорларида туристик маҳсулотларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, Карачи ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши туризм йўналишлари, жумладан, “Карачи–Тошкент–Самарқанд” йўналишини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади ва келгусида Ўзбекистоннинг бошқа сайёҳлик марказларини ҳам қамраб олиш имконини беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати