Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бир видео кўрдим. Унда зиёратчилар Масжидул ҳаромга кириб, каъба кўринадиган жойга келгунича бошларини эгиб, кўзларини юмиб келишмоқда. Яқин келгандан кейин элликбоши бошларингни кўтаринглар деди. Шунчалик қилиш шартми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимиздаги ҳар бир амал илмга асосан бажарилади. Кўр-кўрона, ўзгаларга тақлид қилиш орқали қилинмайди.
Улар қилаётган бу амалнинг ҳеч қандай шаръий асоси йўқ. Фиқҳий манбаларимизда Каъбани кўрганда айтиладиган зикрлар ва дуолар баён қилинган, Каъбани кўрганда қилинадиган дуолар ижобат бўлиши айтилган, аммо уларнинг бирортасида бошини эгиб, кўзларини юмиб кирсин деган гап келмаган. Масжидул ҳаромга кириб келаётган зиёратчига Каъба қаерда кўринса ўша ерда дуо ва зикрларни қилаверади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгидан пайдо қилса, у рад этилгандир”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бундан ташқари Каъба Буюк Зотнинг ердаги муаззам ва улуғвор байти ҳисобланади. Уни биринчи бор кўрганда инсонларнинг ақли лол бўлади, айримлари ҳуши йўқотиб қўяди. Шу боис уни бир лаҳзада, яқинида эмас, узоқдан кўриб, ўзини тайёрлаб келади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.