Ўтган жамики умматларга Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбарларини юборди. Улар ягона Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмасликка даъват этдилар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Қайси бир умматки бўлса, унда огоҳлантиргувчи бўлган” (Фотир сураси, 24-оят).
Аммо юборилган пайғамбарларнинг ҳар бири қавми томонидан мазах қилинди, сеҳргарликда айбланди. Демак, ер юзида инсонлар тақралганидан бошлаб сеҳр мавжуд бўлган экан. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Худди шундай, булардан аввалгиларга ҳам ҳар бир Пайғамбар келган вақт (уни) сеҳргар ёки мажнун деганлар” (Зориёт сураси, 52-оят).
Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Сеҳр Нуҳ алайҳиссаломнинг замонида ҳам мавжуд эди. Чунки Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни юборган қавм уни сеҳргар дейишган” (Фатҳул Борий. 223/10).
Сеҳрнинг кўринишлари турли қавмлар бўйлаб ёйилди. Айниқса, Мусо алайҳиссаломнинг даврларида сеҳр ва жоду жуда кенг тарқалди. Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ ёзади: “Мусо алайҳиссалом пайғамбарлик қилган вақтларида Бобил ва Миср ўлкаларида ҳатто сеҳрнинг машҳур бозорлари бор эди” (Тарих Ибн Халдун. 657/1).
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.
Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.
Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.
Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати