Имом Термизий номидаги ислом институти ўқитувчиси Ҳошимжон домла Низомиддинов юксак эътироф — “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шу муносабат билан таълим муассасада тадбир бўлиб ўтди. Тадбир дастлаб Қуръони карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг таълим муассасаси ректори К.Исламов сўзга чиқиб, устозимизнинг илмий-ижодий фаолиятидаги фидойилиги, таълим жараёнини ривожлантиришдаги хизматлари ҳамда ёш авлод тарбиясига қўшаётган беқиёс ҳиссасини таъкидлаб, барча жамоа номидан самимий табрикларини билдирди.
Ана шундай улуғ эътирофга лойиқ деб топилган устозимиз - Ҳошимжон домла Низомиддиновнинг бу ютуғи нафақат у кишининг шахсий муваффақияти, балки Имом Термизий номидаги ислом институти жамоасининг ҳам ютуғи ҳисобланади.
Ушбу мукофот билан Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси жамоалари номидан устозимизни чин юракдан муборакбод этамиз.
Бу каби ютуқлар бардавом бўлишини, устозимизга илмий ва касбий фаолиятларида янада улкан зафарлар ёр бўлишини тилаймиз!
Имом Термизий ислом институти
Матбуот хизмати
Наманган вилояти бош имом хатиби Мусохон домла Аббосиддинов Чуст тумани "Саид Насимхон тўра" жоме масжиди имомлари ташаббуси билан ташкил қилинган тадбирда иштирок этиб шу тумандаги Хўжабод маҳаллисида жойлашган 4-сонли мактабида таълим олаётган ўқувчи ёшлар билан кўришиб уларга ҳадялар улашдилар. Ушбу ҳайрли тадбирда Чуст тумани бош имом хатиби Баҳодир домла Шарипов ва Наманган вилояти Тожик маданий маркази раиси меҳнат фахрийси Абдусаттор ҳожи Ғофуров ҳам иштирок этишди.
Мусохон домла устоз ва мураббийларни яқинда ўтган касб байрамлари билан қутлар экан, муаллим бўлишдек шарафли касб эгаларига эҳтироми жуда баланд эканини изҳор этдилар.
Шунингдек, ўқувчиларга илм-маърифатнинг фойдалари ҳақида сўзлаб, динимизда таълим олишга кучли тарғиб қилингани, илм инсонни комил даражага етказиб, икки дунёда ҳам азиз ва иззатли қиладиган катта инъомлиги, шундай экан, муҳтарам Юртбошимиз томонидан яратиб берилаётган бугунги имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда замонавий илмларни ҳам пухта ўзлаштириш лозимлигини таъкидладилар.
Мактаб ўқувчилар учун 500 га яқин бадиий китоблар
синф хонасида фойдаланиш учун замонавий телвизор
Спорт анжомлари ва электр сув иситгичлар ҳадя қилинди
Ҳадялардан мактаб маъмурияти, ўқитувчи ва ўқувчилар жуда мамнун бўлиб, миннатдорлик билдиришди.
Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати