Имом Термизий номидаги ислом институти ўқитувчиси Ҳошимжон домла Низомиддинов юксак эътироф — “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шу муносабат билан таълим муассасада тадбир бўлиб ўтди. Тадбир дастлаб Қуръони карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг таълим муассасаси ректори К.Исламов сўзга чиқиб, устозимизнинг илмий-ижодий фаолиятидаги фидойилиги, таълим жараёнини ривожлантиришдаги хизматлари ҳамда ёш авлод тарбиясига қўшаётган беқиёс ҳиссасини таъкидлаб, барча жамоа номидан самимий табрикларини билдирди.
Ана шундай улуғ эътирофга лойиқ деб топилган устозимиз - Ҳошимжон домла Низомиддиновнинг бу ютуғи нафақат у кишининг шахсий муваффақияти, балки Имом Термизий номидаги ислом институти жамоасининг ҳам ютуғи ҳисобланади.
Ушбу мукофот билан Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси жамоалари номидан устозимизни чин юракдан муборакбод этамиз.
Бу каби ютуқлар бардавом бўлишини, устозимизга илмий ва касбий фаолиятларида янада улкан зафарлар ёр бўлишини тилаймиз!
Имом Термизий ислом институти
Матбуот хизмати
Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.
Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.
Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати