Конференцияда Бангладеш, Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Миср, Хитой, Англия ва Ўзбекистон каби ўнга яқин мамлакат олим ва тадқиқотчилар буюк мутафаккир Баҳоуддин Нақшбандий меросининг таълим ва тарбия жараёнидаги ўрни, унинг маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришдаги аҳамияти юзасидан мулоҳазалар билдирилди.
Халқаро илмий конференция доирасида Бухоро давлат техника университети Индонезиянинг Jamʼiya Ahlith Thariqah al-Muʼtabarah an-Nahdliyah va Malang Islom университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу меморандум илмий, таълимий ва маънавий соҳаларда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган. Бу ҳамкорлик нафақат университетлараро илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, балки ёш авлод тарбиясида нақшбандийлик таълимотини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилади.
























– Бугун тарихнинг чуқур илдизларига эга, бутун мусулмон олами маънавий-маърифий меросининг муҳим бўғини бўлган Нақшбандия тариқатининг таълим ва ахлоқий тарбиядаги ўрнини ўрганиш, уни замонавий ёшлар тарбиясига татбиқ этиш борасида фикр алмашиш учун тўпландик, – дейди конференция иштирокчиси Сед Вассем Аҳамет. – Нақшбандия бу фақат тасаввуф йўли эмас, балки руҳий камолот, ахлоқий поклик, илмий тафаккур, устоз-шогирд анъаналари ва амалий меҳнат уйғунлигини ўзида мужассам этган юксак маънавий мактабдир.
Тадбирда вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Азизбек Қаландаров иштирок этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ