Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида қўй сўйилди. Уни садақа қилиб юборишни буюрдилар. Сўнгра бир иш билан уйдан чиқиб кетдилар. Қайтиб келгач, Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадилар:
- Ундан нима қолди?
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо дедилар:
- Фақат қўли қолди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
غير كتفها بقى كلها
- Қўлидан бошқа ҳамма жойи қолибди! дедилар (Имом Термизий ривояти).
Буюк инсоннинг буюк жавоби!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо инсонларга дунёнинг охират экинзори эканини таъкидлар эдилар. Бугун фақат экиш бор. Ҳосил олиш йўқ. Охиратда эса ҳосил йиғиштириш бор, экиш йўқ!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имкон туғилгани заҳоти дарров пайтни ғанимат билиб, дунёнинг фонийлигини, охиратнинг боқийлигини инсонларга сингдиришга ҳаракат қилар эдилар. Юқоридаги савол-жавоб ҳам барча уйларда бўлиб турадиган оилавий суҳбат эди. Эр хотинидан уйдаги чиқим ва овқат ҳақида сўраяпти. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий суҳбатни ғайриоддий дарсга айлантиряптилар! У киши Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан дунё саволини сўраяптилар:
- Ундан нима қолди?
Оиша онамиз ҳам дунё жавобини беряптилар
- Фақат қўли қолди.
Оиша розияллоҳу анҳонинг жавобларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарров охират дарсларидан муҳим бир дарсни беряптилар:
- Қўлидан бошқа ҳамма жойи қолибди!
Қўлимиздаги мол бизники эмас.
Бизнинг ҳақиқий молимиз эрта қиёматда топишимиз учун бугун Аллоҳнинг ҳузурида захира қилаётган молимиздир!
Қўйнинг қўли еб тугатилади. Аммо ундан чиқарилган садақа Аллоҳнинг ҳузурида сақланиб қолади. Аллоҳ Ўзининг карами билан эътибор берадиган охиратдаги «банк»да сақланади!
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бундай деганлар:
من تصدق بعدل تمرة من كسب طيب - ولا يقبل الله إلا الطيب - فإن الله يقبلها بيمينه ثم يربيها لصاحبها كما يربى أحدكم فلوه حتى تكون مثل الجبل
«Ким ҳалол топган молидан хурмо миқдорича садақа қилса — Аллоҳ таоло фақат ҳалол, пок нарсани қабул қилади - албатта, Аллоҳ уни ўнги билан қабул қилиб, сизлар кичкина тойчоқни парвариш қилганингиз каби ўстириб парваришлайди. Ҳатто ўша садақаси тоғ баробар бўлиб кетади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
«Банк»нинг ажойиблигини қаранг! Захиранинг баракасини қаранг! Аллоҳнинг розилигини истаб қилинган хурмо миқдоридаги садақангизни Аллоҳнинг Ўзи қабул қилиб олиб, уни ўстирар экан. Эртага охират кунида Аллоҳнинг ҳузурига борсангиз, уни худди тоғ каби катталашиб кетган ҳолда топар экансиз!
Султон Сулаймон Қонуний ўлим тўшагида ётганида атрофидагиларга: «Агар вафот қилсам, қўлимни тобутдан чиқариб қўйинглар. Инсонлар кўрсинки, султон дунёдан икки қўли бўш ҳолатда кетмоқда!» деб тайинлаган экан.
Садақа қилайлик! Кафаннинг чўнтаги йўқ!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати